COVID-19: Ўзбекистон учун хавф ортда қолдими?

COVID-19: Ўзбекистон учун хавф ортда қолдими?

 Сурат манбаси: vgr.by

Муаллифлар: Навруз Мелибаев, Шаҳноза Қурбонбоева

Ўзбекистонда 15 августдан бошлаб бундан бир ойдан кўпроқ вақт олдин қатъийлаштирилган карантин қоидалари юмшатилди. Бунга бир томондан, охирги бир ойда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган бир қатор чора-тадбирлар ва жиддий ижобий ўзгаришлар, бошқа томондан эса август ойининг бошларидан статистик кўрсаткичларда кузатилаётган тенденциялар, жумладан, COVID-19 аниқланган беморлар сонининг кунлик ўсиш динамикасида пасайиш ҳамда даволанаётган беморлар сонининг камайиши асосий омиллар бўлди. Uzanalitycs.com сайтида эълон қилинган мақолани қуйида тўлиқ ўқишингиз мумкин.

Ўзбекистонда COVID-19 аниқланган беморлар сонининг кунлик ўсиш динамикаси

Ўзбекистонда COVID-19 касаллигидан даволанаётган беморлар сони динамикаси

Юқоридаги графиклардан кўриниб турганидек, республикада коронавирусга оид вазият июнь ойининг ўртасидан бошлаб ўзгара бошлади, июль ойида эса кескинлашди. Ижтимоий тармоқларда ўзида COVID-19 аломатларини ҳис қилган ва аҳволи оғирлаша бошлаган беморларни сарсон-саргардон бўлиши, тез ёрдам хизматини бир неча кунлаб кутиши, коронавирусга тест топшириш ва натижасини билишда юзага келган қийинчиликлар, беморларни соғлиқни сақлаш тизимидаги турли муассасалар ўртасида “копток”ка айланиши каби ҳолатлар ҳақидаги постлар кун сайин кўпая бошлади. COVID-19 касаллигини енгил шаклда ўтказаётган ва уй шароитида даволанаётган беморлар учун тиббий консультатив ёрдамни йўлга қўйилмаганлиги, зарур дори-дармонларнинг тақчиллиги ва уларни “қора бозорда” ўн баробар юқори нархда сотилаётгани, коронавирусни даволашга ихтисослашган марказ ва шифохоналарда “койка”лар ҳамда ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратларини етишмаслиги, беморларни қаровсиз қолиши ва шу каби муаммолар соғлиқни сақлаш соҳасидаги бир қатор тизимли камчиликларни юзага чиқарди. Ваҳоланки, коронавирус мамлакат ҳудудларига кеча кириб келмади, март ойининг 2-ярмидан бошлаб уни аниқлаш, даволаш ва кенг тарқалишига жавобан ҳатти-ҳаракатлар тизими йўлга қуйила бошланган эди. 1,5-2 ой давом этган қатъий карантин чораларининг май ойида юмшатилиши соғлиқни сақлаш тизимини коронавирусни аҳоли орасида кенг тарқалиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятга тайёр эмаслигини ва бундай вазиятларда танг аҳволда қолиши мумкинлиги кўрсатди.

Давлат раҳбарининг бунга жиддий аралашуви ва вазиятни ўз назоратига олгани ҳамда зарур чора-тадбирларни тезкор қабул қилиши натижасидагина соғлиқни сақлаш тизимида қисқа вақт ичида ижобий ўзгаришлар кузатилди, қатор муаммолар ўз ечимини топа бошлади.

Қуйида ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинган соғлиқни сақлаш тизимидаги асосий муаммолар ва уларнинг ечимлари шарҳини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Тез ёрдам муаммоси

Июнь ойининг охири ва июлнинг бошларида коронавирусга чалинган беморлар сонининг кескин ошиши сабаб тез ёрдам хизматига мурожаатлар ҳам кескин ошди. Маълумки, ҳар йили ёз ойларида одамларнинг салқин ичимликлар, музқаймоқ истеъмол қилиши ва кондиционер ишлатиши сабабли ҳам шамоллаш ҳолатлари кузатилади. Бироқ, бу йил иситмаси 37-38 даражага кўтарилган одамларнинг деярли барчаси коронавирусга шубҳа қилиб тез ёрдамни чақира бошлади. Натижада “Тез ёрдам” тизимига катта босим бўлди. Июль ойининг биринчи ҳафтасидан ижтимоий тармоқларда тез ёрдам чақирув рақамларининг доимий бандлиги ва зўрға уланилган ҳолатда ҳам тез ёрдам гуруҳини 3 кунлаб кутаётган беморларнинг шикоят постлари кенг тарқалди ва бу мавзу жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлди.

Cоғлиқни сақлаш тизимида кузатилаётган аянчли ҳолатни президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни видеоселекторда муҳокама қилди. Йиғилишда давлат раҳбари кейинги бир ойда коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси кескин бузилгани, реал ҳолатдан келиб чиқиб, даволаш амалиёти ўзгартирилмаганлигини танқид қилди. Тошкент шаҳрида касалликни аниқлайдиган тестлар ва зарур тиббиёт воситалари етишмаётгани, дорихоналарда вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз, бир неча баробар ошириб юборилгани, аҳоли COVID-19 ва бошқа касалликлар билан қаерга бориб мурожаат қилишни ва даволанишни билмай сарсон бўлаётгани, тез ёрдамни чақириш билан боғлиқ қийинчиликларни санаб ўтиб, бу ҳолатлар аҳоли орасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётганини таъкидлади. Шунингдек, давлат раҳбари Тошкент шаҳри шифохоналарида 418 та, Тошкент вилоятида эса 816 та штат бирликлари бўш турганига йиғилганлар эътиборини қаратиб, бу вазиятни зудлик билан тўғирлаш кераклигини айтди. Коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр бўлишни таъминламагани, бу касаллик билан мукаммал шуғулланмагани учун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилинди. Шаҳар ва вилоятнинг барча сектор раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди.

Facebook фойдаланувчиси Nurulloh Sharif 18 июль куни синглисининг 6 кишилик оиласи COVID-19 аломатлари билан касал бўлиб ётгани ва 4 кун ичида бир марта ҳам тез ёрдамни чақира олмаганини ёзади. Поликлиникага қўнғироқ қилганида “Докторлар таътилда” деган жавобни олади. Ижтимоий тармоқлардаги шу каби изоҳлар, постлардан жорий йилнинг июль ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги кўпгина камчиликлар яққол кўриниб қолди. Тизим беморлар сонининг ортиши, касалликнинг тез ва кенг тарқалиши, яъни фавқулодда ҳолатга тайёр эмас эди.

22 июль куни Facebook тармоғида Севара Тўлаганова номли аккаунт эгаси онасининг аҳволи оғирлашиб қолганини, 5 кундан бери шошилинч тез ёрдамни кутаётгани, бироқ бирон марта тез ёрдам гуруҳи келмаганини ёзган. Унинг маълумот беришича: 22 июль куни улар борган ҳамма шифохона ёпиқ бўлган. 60 ёшлардаги аёлни иситма ва икки томонлама пневмония билан ҳеч бир клиника қабул қилмаган. Хусусий клиникалар давлат шифохоналарининг реанимация бўлимига боришни маслаҳат берган. С.Тўлаганова дориларни топиб бўлмай қолганини, палаталарда ортиқча кислород баллони йўқлини айтиб, докторлар онасини уйига қайтариб юборганини ёзади. Бироқ, ушбу ҳолат юзасидан депутатлар минбарига мурожаат қилинганидан сўнг, муаммо ҳал бўлди. Бемор шифохонага жойлаштирилди ва бу ҳақда С.Тўлаганова саҳифасида хабар берди.

28 июль куни Nurulloh Sharif Фейсбукдаги кейинги постида тез ёрдам хизматида ижобий томонга ўзгариш бўлганини ёзади. Унинг сўзларига кўра, бир кунда икки марта тез ёрдам хизматига қўнғироқ қилган, ҳар иккисида ҳам 8-10 сонияда оператор билан боғланган. Тез ёрдам гуруҳи биринчи чақирувда 26 дақиқада, иккинчисида 35 дақиқада манзилга етиб келган.

COVID-19 га тест: турнақатор навбатлар

Июль ойида нафақат тез ёрдам хизмати, шунингдек, коронавирусга тест олиш ва натижасини чиқариб бериш тизимида ҳам “инқироз” кузатилди. 11 июль куни “Шунақа гаплар…” Telegram-каналида ёзилишича:

Ўзим тез ёрдамда касаллар билан ишлаб туриб, мана 5 кундан бери битта тест топширолмайман. Бутун шаҳарда на биронта хусусий клиника, на биронта СЭС COVID-19 га тест олмаяпти. Aлам қиладигани ҳаётимни хавфга қўйиб, ҳеч қанақа қўшимча ойлик ё рағбатлантиришларсиз шу соҳада ишласаму, ўзимга келганда битта тест топширолмасам! Мурожаат қилмаган жойим, термаган рақамим қолмади…”, дея Маъруф Норбўтаевнинг сўзларидан иқтибос келтирилади.

Bloger Shahnoza номли Telegram-каналида тест топшириш марказларида кузатилган ҳолат, бетартиблик ва тизимсизлик ҳақида ёзилади:

Ярим кун СЭС эшигида сарғайиб, тест топширолмай қайтдим. Зарилми шу тест менга, бўлди, ўзим учун қарор қилдим, менда катта эҳтимол билан Covid-19.

Контакт бўлган, ҳароратим 4-кун 37 – 37,5 атрофида ушланиб турибди. Қизим, онам, укам, келиним – ҳаммамиз иситмаладик, онам таъм билмаяптилар, йўталяптилар. Келинимда қаттиқ қуруқ йўтал ва 39 даражагача иситма кузатилди, менда эса фақат тана қақшаб оғриши ва иситма. Тез ёрдам ва поликлиника менда ковид бўлиши мумкин, деб фақат масофадан маслаҳат беряпти, лекин тест йўқлиги учун расман ковид деб тан ҳам олмаяпти. Хуллас, бетартиблик ва тизимсизлик. Ўзинг учун ўл етим.

Ковиддан даволанавераман энди. Албатта, мустақил даволанаман, чунки тестсиз биров мени ковиддан даволамайди, тест топширолмайман, демак ёпиқ доира

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ёзишича, июль ойида Ковид белгиларини ўзида сезган беморларга тез ёрдамга, оилавий поликлиникага, оила марказига, СЭСга қўнғироқ қилишларини айтишган. Бир сўз билан айтганда, беморлар сарсон-саргардон бўлган. Касалликни бошидан кечирганларнинг изоҳларида айтилишича, поликлиника шифокорлари COVID-19ни даволаш ҳуқуқига ва стандартларига эга бўлмаган ва ўша вақтда тиббий ёрдам сўраб телефон орқали мурожаат қилганларга докторлар таътилда экани ва тез ёрдамга қўнғироқ қилишлари айтилган. Шуни айтиш керакки, тез ёрдам хизматига талаб кескин ортган бир пайтда поликлиникалар четда қараб турди.

Бунга мисол тариқасида Bloger Shahnoza Телеграм-каналидаги постдан қуйидаги парчани келтириш мумкин:

… уч кун аввал иситмам чиққанида, поликлиникага телефон қилдим, у тез ёрдамга қил деди. Колл-центр ҳам тез ёрдамга йўналтирди, тез ёрдам поликлиникага, поликлиника яна тез ёрдамга… Охири телефоним овоз ёзяпти, шикоят қиламан деганимдан сўнг, участка врачим телефонда дориларни айтиб турди. Мана аҳвол!…

Яна бир масалага эътиборни қаратиш лозим, постларда қайд этилишича, тез ёрдам хизмати келиб беморни кўргач, дастлабки кўрсатмаларни беради. Аҳволи оғирлаша бошлаган беморларни касалхонага жойлаштириш учун Covid-19 таҳлили бўлиши кераклигини, инфекция аниқланган ҳолатдагина касалхонада коронавирусдан даволаниш мумкинлигини айтади.

19 июль куни Sputnik информацион сайти коронавирусни даволашга қаратилган барча шифохоналар вирус белгилари кузатилган беморларни COVID-19 таҳлил жавобисиз қабул қилиши ҳақидаги хабарни эълон қилди. Худди шундай чора-тадбирлар тез ёрдам ходимлари учун ҳам кўрилди. Ушбу санадан бошлаб, тез ёрдам хизмати ходимлари коронавирус таҳлили жавоби бўлмаган тақдирда ҳам коронавирусдан тиббий ёрдам кўрсатишлари ҳақида хабар берди.

20 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларнинг чуқур танқидий таҳлилига бағишланган йиғилишда коронавирусга шубҳа бўлган барча беморларни инфекция мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, зотилжам ва нафас етишмовчилигининг клиник белгилари мавжудлигига асосланган ҳолда, даволаш муассасаларига қабул қилиниши белгиланганлиги айтилди. Қолаверса, Тошкент шаҳрида мавжуд 16 та клиникага қўшимча COVID-19га шубҳали беморлар учун мўлжалланган яна 7 та 850 ўринли “провизор” клиникалар ташкил қилингани маълум қилинди.

Бундан ташқари, оилавий поликлиникаларда 24 соат давомида ишлайдиган Саll-марказлар иш бошлади. Ҳар бир поликлиникада COVID-19 инфекцияси енгил кечаётган беморларга консультатив ёрдам кўрсатиш учун шакллантирилган 3 нафар шифокордан иборат махсус мобил бригада бириктирилди. Шифокорларнинг ҳар бири уяли телефонлар билан таъминланиб, ўз ҳудудидаги беморларга ҳар куни телефон орқали мулоқот қилиб тавсиялар бериши белгиланди.

Сенат раиси Танзила Норбоева Олий Мажлис Сенатининг 7 август куни очилган олтинчи ялпи мажлисида санитария-эпидемиология хизмати (СЭС) мутасаддилари томонидан 1,75 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-тарож қилинганини маълум қилди.

«Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларидаги Санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари томонидан умумий ҳисобда жамғарманинг 1 миллиард 750 миллион сўмдан зиёд маблағи талон-тарож қилингани масалага жиддий эътибор қаратишни тақозо этади», — деди Сенат раиси.

Дори-дармонлар, ЎСВ ва кислород баллонлар тақчиллиги

Июль ойида ижтимоий тармоқларда Клексан препаратини дорихоналардан излаб топа олмаган беморлар кўп бўлди. 24 июлда Facebook тармоғида Нигора Зиёмуҳамедова исмли аккаунт эгасининг ёзишича, ушбу препарат реанимация бўлимида оғир ҳолатда даволанаётган эр-хотинга зарур бўлган. Беморнинг оила аъзолари шаҳар дорихоналаридан Клексан препаратини топа олмай, Фейсбукда бу препаратни топишда ёрдам сўрашади. Ўша куннинг ўзида энди препаратни кераги йўқ, эр-хотин оламдан ўтди дея пост қолдиради…

Шифохоналар беморлар билан тўлиб тошган вақтда, дорихоналарда вирусга қарши препаратларнинг тақчиллиги юзага келди. Арбидол, Эргоферон, Анаферон, Кагоцел, Азитромицин, Азимак ва Гропринозин номли препаратлар бир неча баробар, айримлари эса ҳатто 10 баробар қиммат нархда “қора бозор”да сотилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар, телеграм каналларида “кислород баллони, кислород ёстиқчалари, ЎСВ аппаратларини сотиб оламан”, “қаердан топсам бўлади?” деган постлар қўйилди. Интернетда ушбу воситаларнинг бозори вужудга келди, шунингдек, кислород баллонини жуда зарур бўлган ҳолатларда бепул фойдаланишга беришга тайёр фидоийлар ҳам топилди.

Facebook тармоғида Лара Ким исмли аккаунт эгасининг ёзишича, унинг 70 ёшли отасида Ковид-19нинг белгилари кузатилган, тез ёрдамни бир неча бор чақиришган, нафас олиши оғирлашганида тез ёрдам ходимлари келган. Беморни COVID-19 тести жавобисиз касалхонага олиб кета олмасликларини айтишган. Бемор поликлиника орқали СЭСга Ковид таҳлили учун ариза қолдирган. СЭС ходимлари тест олиш учун келишганида, Лара Кимнинг онаси 69 ёшли қандли диабет ташҳисига эга Н.Т. ўзини ёмон ҳис қилаётганини ва уни ҳам текширишларини сўрайди. СЭС ходимлари унга нисбатан: “Битта аризага битта тест” деб жавоб беришади ва аёлдан тест олишмайди. Орадан 4 кун ўтиб коронавирус ташҳиси тасдиқлангач, Лара Кимнинг отасини тез ёрдам касалхонага олиб кетади. Орадан 3 кун ўтиб, СЭС ходимлари Н.Т. ва унинг икки набирасидан ҳам тест олишади. Унинг жавоби чиққунга қадар беморнинг аҳволи яна оғирлашади. Сўнгра тез ёрдам хизмати уни касалхонага етказади. Икки томонлама ўпка пневмонияси ташҳиси билан Н.Т. реанимация бўлимига ётқизилади. Аёлнинг қондаги қанд миқдори 25 эди. Л.Кимнинг ёзишича, у касалхонага Клексан препаратининг 3 та ампуласини (қийинчилик билан топган) ва бошқа барча сўралган препаратларни олиб бориб берган. Бемор Н.Т. қизи Л.Кимга касалхонада ЎСВ аппарати етишмаётганини, шунинг учун шифокорлар унга, уйида даволанишни тавсия қилганини, акс ҳолда кислород баллони бўлмаган палатага ўтказишларини маълум қилади. Орадан кўп ўтмай, 14 июлда Н.Т. шифохонада вафот этади…

15 июль куни давлат раҳбарининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳар ҳокимлигига камида 3 ойлик дори-дармон ва ҳимоя воситалари заҳирасини шакллантириш вазифаси қўйилди.

20 июлда ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев бош вазирга нафас етишмовчилигини бартараф қилувчи тиббий жиҳозларни (кислород концентраторлари, пульсоксиметр ва бошқа зарур воситалар) имкон қадар қисқа муддатларда мамлакатимизга етказиш топшириғи берди. Бунинг учун, агар керак бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Президентининг 4 август куни ўтказган видеоселектор йиғилишида эса қўшимча 4 мингта нафас бериш ускуналари (ЎСВ, портатив сунъий нафас бериш аппарати, кислород концентратори) олиб келиниб, уларнинг сони 6,5 мингтага етгани таъкидланди.

Ўзбекистонда COVID-19 га чалинган ҳамда аҳволи оғир ва ўта оғир бўлган беморлар сони динамикаси, манба: Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати Telegram-канали.

COVID-19га чалинмаган, аммо сурункали ташҳиси бор беморларнинг тақдири

Facebook тармоғида Ольга Таджибаева номли аккаунт эгасининг ёзишича, тез ёрдам хизмати ходимлари унинг бувисида коронавирус белгиларини қайд этишмаган, аёлга юрак хуружи бирламчи ташҳиси қўйилган. Бироқ, шифохоналарда бўш жой бўлмаганлиги сабабли, тез ёрдам ходимлари беморни “Ўзэкспомарказ”даги тақсимлаш марказига олиб боришга мажбур бўлишган. Кўп шифохоналар COVID-19га чалинганларни даволашга ажратилгандан кейин, сурункали ташҳиси бор беморлар бундан азият чекди.

Ольга Таджибаеванинг сўзларига кўра, унинг 70 ёшдан ошган бувиси Паркентдаги дала ҳовлида дам олаётган пайтида ўзини ёмон ҳис қила бошлайди. Тез ёрдам хизмати ходимлари юрак хуружи ташҳисини қўйишади, коронавирус тасдиқланмайди. Бироқ, Паркент тез ёрдам хизмати Тошкент вилоятидан шаҳар касалхонасига беморни олиб боролмасликларини айтишади. Тошкентдан чақирилган тез ёрдам эса шаҳардан ташқарига чиқиш унинг ваколатига кирмаслигини билдиради. Беморнинг яқинлари тез ёрдам хизматини илтимослар билан чақириб, аҳволи тобора оғирлашиб бораётган аёлни касалхонага олиб боришади. Бироқ, улар борган 2 та касалхона COVID-19 чалинган беморларни даволашга ажратилгани боис, аёлни қабул қилмайди. Учинчи 17-сонли касалхонанинг умуман ишламаётгани маълум бўлади. Шу тариқа тез ёрдам хизмати 24 июлдан 25 июлга ўтар кечаси соат 22-00 дан тонгги 4-00га қадар касалхона излайди. Эрталаб аёлни “Ўзэкспомарказ”га жойлаштиришади. Аёл шу куни вафот этади…

4 август куни мамлакат раҳбари ҳудудларда COVID-19га чалинганларни қабул қилиш ва саралаш бўйича марказларни ташкил этган ҳолда, кичик шифохоналарни ўз профилига мувофиқ бошқа турдаги ва сурункали касалларни даволашга қайтариш лозимлигини таъкидлади.

Қай ҳолатда ва қаерга мурожаат қилса бўлади?

Июнь ойининг 2-ярмида ва июлда COVID-19 ёки унинг асосий аломатлари аниқланган беморлар сонининг кескин кўпайиши сабаб, коронавирусга тест топшириш, инфекция аниқланган беморларни даволашга ихтисослаштирилган шифохоналарда жой етишмаслиги, касалликни енгил шаклда ўтказаётган беморларни уй шароитида даволанишда консультатив тиббий маслаҳатлар ва дори-дармонлар билан ўз вақтида таъминлаш каби муаммолар долзарб масалага айланди.

Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда фаол муҳокамалар кузатилди, жумладан, вирус белгилари кузатилган одамларда тез ёрдамдан бошқа мурожаат қиладиган ташкилот бўлмади, шошилинч тез ёрдам кўригидан ўта олмаган (тез ёрдамга талаб ортиши сабабли) кўпчилик беморлар ахборот бўшлиғида қолди. Аксар одамлар COVID-19га чалинганлигини тасдиқловчи тест таҳлили бўлмаса, коронавирусни даволаш бўйича кўрсатма берилмаслигини, тиббий ёрдам кўрсатилмаслигидан бехабар қолди. Умумий амалиёт шифокори (участка врачи) тавсияси ва давлат томонидан коронавирусни даволаш учун ажратилган Азитромицин препаратини олиш учун ҳам тест таҳлили зарур эди. Аҳоли орасида зарур тиббий қўлланмаларнинг деярли йўқлиги оқибатида, одамлар ижтимоий тармоқлардаги турли маслаҳатлар асосида ўзини даволай бошлади. Вирусга қарши препаратлар билан бир қаторда, хрен илдизи, имбирь, лимонга талаб кескин ортди. Июль ойининг ўзида 1 кг хреннинг нархи 70 минг сўмдан 300 минг сўмгача бўлди. Осма уколлар, антибиотиклар қабул қила бошлашди. Уй ҳамшираларига ҳам талаб ортди. Бир осма уколнинг нархи ўртача 100 -150 минг сўмгача чиқди. Баъзи хусусий клиникаларда аввал 100-120 минг сўм бўлган ўпка МСКТ текшируви 400 минг сўмга кўтарилди.

Бу ҳолатларга жавобан мамлакат ҳукумати томонидан июль ойида қуйидаги чоралар кўрилди:

Ўзбекистонда коронавирусни даволаш ўринлари 3,5 баробарга кўпайтирилган ва қарийб 65 мингтага етказилди (4 август ҳолатига кўра). Жойларга қўшимча 800 та тез тиббий ёрдам машиналари етказиб берилди. Беморларни даволашга 10 мингдан ортиқ мутахассис, жумладан тиббиёт олийгоҳларининг етакчи профессор ва илмий ходимлари жалб қилинган. Ушбу йўналишда ЖССТ ва 50 дан ортиқ давлат, жумладан, Россия, Туркия, Германиядан мутахассислар билан ҳамкорлик қилинмоқда.

“Ўзэкспомарказ”да коронавирусга гумон қилинган беморларни саралаш ва тақсимлаш маркази очилди. Саралаш ва тақсимлаш марказларида жами 3084 та ўрин ташкил қилинди. Мазкур марказ вирусга шубҳа қилинган беморларга аниқ ташҳис қўйиш ва касаллик даражасини аниқлаш, шунингдек, беморларга биринчи ёрдам кўрсатиш ва уларни клиникаларга тақсимлашга мўлжалланган. Жами, Тошкент шаҳри бўйича 4 та саралаш ва тақсимлаш маркази ишга туширилди. Булар: “Ўзэкспомарказ”нинг 1, 2, 3,4 –павильонлари, “Универсал” спорт мажмуаси, “Ёшлик”спорт мажмуаси ва Юнусобод туманидаги марказ.

Уйда даволанаётган фуқароларга дори воситалари мобил бригадалар томонидан Гидроксихлорохин, Азитромицин, Парацетамол, Аскорбин кислотаси» (Витамин С) дорилари ва 10 дона тиббий ниқобни етказиб бериш йўлга қўйилди. Беморнинг аҳволи оғирлашадиган бўлса, мобил бригадалар уни шифохонага етказади.

Касалликка чалинганлар ва пневмония ташҳиси қўйилганларга амалий ёрдам тариқасида, 10 та махсус поликлиника ташкил этилди. Уларнинг фаолияти 24 соат йўлга қўйилиб, фуқаролар бу ерга мурожаат қилиш орқали малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга. бўлмоқда.

COVID-19ни даволаш доирасида вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги sogboling.uz интерфаол хизматини ишга туширди.

Covid-19 бўйича аҳолининг қаерга ва кимга мурожаат қилиши ва шу каби саволлар бўйича батафсил маълумот берувчи лавҳалар, роликлар яратилди. Ушбу маълумотлар ОАВ ва ижтимоий интернет тармоқлари орқали кенг тарғибот қилинмоқда. Телевидениеда COVID-19 бўйича мутахассислар билан жонли эфирлар ташкил қилинмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасининг тизимли муаммолари ҳақида

Юқорида қайд этилган муаммолар ва июль ойида республика соғлиқни сақлаш тизимида юзага келган инқирозли ҳолати бўйича 19 июль куни Facebook тармоғининг фойдаланувчиларидан бири – Рустам Ашуров қуйидаги постни ўз саҳифасида эълон қилган:

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг энг кўзга ташланадиган хатоларини санаб ўтмоқчиман:

1. Электрон анкеталарга ўтилмаганлиги. Касаллар ҳақидаги маълумотлар массивини қайта ишлаш ва таҳлил қилишда электрон тизим бўлмаганлиги учун кўп вақт йўқотилади ва врачларнинг қимматли вақти ўғирланади. Электрон анкета тизими ишлаганда ихтиёрий врач ихтиёрий беморнинг касаллик тарихи ҳақида кенгроқ маълумотга тез вақтда эга бўлиб, унинг қайси риск гуруҳига эга эканлигини оператив аниқлар эди. Врачларнинг 70% вақти тежаларди. Чунки турли шаблонларни тўлдириш ва статистика қилиш каби ишларни сунъий интеллект маълумотлар массивидан фойдаланган холда бир неча сонияда чиқариб беради. Вирусга тест топширган беморлар тест натижалари автоматик равишда анкетада пайдо бўлгани учун касалхонага натижани билиш учун келиши шарт бўлмас эди. Келажак тезкор дата анализники экан, ССВ ҳам неча миллион доллар кетса ҳам тўлиқ электрон тизимга ўтиши керак.

2. Касалхоналарда лабораториялар етарли даражада жиҳозланмаганлиги. Бирор туманнинг касалхонасида топширилган тест вилоятнинг марказий касалхонасига таҳлил учун жўнатилади ва бу тест натижаларининг тезкорлигига сезиларли таъсир ўтказяпти. Агар касалхонада лабораториялар анализ учун етарлича жиҳозланса, тест топширилган жойдан натижаларни аниқлаб, тезкор чоралар кўриш мумкин бўлади. Лабораториялар ихтиёрий вирус учун тайёр туриши керак ва уларда барча хавфсизлик чоралари кўрилган бўлиши шарт. Чунки кутилмаган жойдан бугунги SARS-cov2 вирусидан 10 баробар хавфли вирус чиқиб қолиши эҳтимоли буткул йўқ эмас.

3. Барча ресурслардан тўғри фойдаланилмаяпти. Масалан, республикада умумий ҳисобда қанча ПЦР қурилмалари борлигини аниқлаш ва улардан максимал фойдаланиш чора-тадбирлари кузатилмади. Мисол учун Иммунология институтида ПЦР диагностика қилинади ва Ўрта Осиёдаги энг кучли мутахассислар ушбу қурилмаларда ишлайди. Лекин тест муаммо бўлиб турган бир пайтда, ушбу ресурлар тўлиқ юкламада ишламаётганини кўришимиз мумкин.

4. Стадионлар ва бошқа бўш қолган объектларда мобил касалхоналар ташкил қилиш ўрнига ишлаб турган касалхоналарнинг фаолияти ўзгартирилгани нотўғри қарор бўлди. Европада касалликнинг пик даражаси кузатилганда, стадион, спорт зал ва бошқа кўнгилочар объектлар касалхоналарга айлантирилди. Бу ўз навбатида юрак касалликлари каби профилдаги касалхоналар ўз асосий фаолиятини сақлаб қолишга олиб келди. Бизда касалхоналар профили инфекцион касалликларга йўналтирилгани сабаб, кўпгина бошқа хасталиклари бор беморлар азият чекишди. Бошқа турдаги касалликлардан вафот этганлар статистикаси ўтган йилги билан солиштирилса, бу кўзга ташланади ва яққол тизимнинг айби деб ҳисобласа бўлади. Касалхоналарнинг профилини вақтинчалик ўзгартириш 1 ойдан кўп муддатда ўзини оқламаслигини билиш учун мутахассис бўлиш шарт эмас.

5. Шифокорларнинг ССВ тизимидан норози кайфиятда эканлиги. Шифокорлар хавфнинг биринчи фронтида курашаётган тоифа. Лекин улар шунчаки ўз ишини қиляпти. Инфекционист врач инфекцион касалликлар билан курашишини билиб шу соҳага кириб келган. Тизим уларни рози қиладиган маош ва ҳимоя воситалари билан таъминлаши шарт эди.

6. Тўғри таҳлил, хулоса ва прогноз қила олмаслик. ССВ олдида Испания, Италия тажрибалари инструкция сифатида турган эди. Март ойида улар учраган муаммоларга биз июль ойида тўқнаш келдик. Орада 4 ой бор. Бу етарли вақт эди, тайёргарлик кўриш учун.

7. Аҳолига аниқ маълумотлар берилмаётгани. Қайси туманда нечта бўш койка борлиги, нечта ИВЛ аппарати борлиги ва нечтаси бўшлиги каби маълумотлар ҳар куни онлайн бериб борилганда, аҳоли орасида бугун ваҳима кўтарилмаган бўларди. Нима қилиш кераклиги ҳақида тўлиқ инструкцияни нафақат аҳоли, балки кўп тармоқли поликлиникалар ходимлари ҳам аниқ билишмаяпти”.

Ўзбекистонда умумий қайд этилган (COVID-19 га чалинган), соғайган ва даволанаётган беморлар сони динамикаси