Коронавирус — олдинда ҳали «узоқ йўл» бор

Коронавирус — олдинда ҳали «узоқ йўл» бор

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус коронавирусга қарши кураш ғайриоддий кечаётганини таъкидлади.

Бош директор ЖССТ дастурий, бюджет ва маъмурий масалалар қўмитасининг йиғилишида маъруза қилди.

Дунё пандемиянинг учинчи йилига қадам қўйди, инсоният янги вирусга қарши курашда силжишга эришди, бироқ олдинда ҳали «узоқ йўл» бор, — деди Гебрейесус.

2022 йил «пандемиянинг ўткир босқичи»га барҳам беришда бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.

2020 ва 2021 йилларда ЖССТ бюджети 5,8 млрд. долларни ташкил этди. Бироқ пандемия сабабли бундан анча кўп маблағга эҳтиёж туғилдики, хусусий саховатпешалар ва айрим давлатлар ҳисобидан қопланди.

ЖССТ маълумотга кўра, пандемия бошланганидан бери 328 532 929 киши коронавирус билан касалланди, 5 542 359 киши бевосита вирус ва унинг асоратлари оқибатида вафот этди. Пандемиядан энг кўп АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилия талафот кўрди.