“Никоҳ гувоҳномасини қайта тикламоқчи эдик, аммо…”

“Никоҳ гувоҳномасини қайта тикламоқчи эдик, аммо…”

 

— Никоҳ ҳақидаги такрорий гувоҳномани олмоқчи бўлдим. Лекин далолатнома ёзувим ФҲДЁда топилмади. Кейин ДХМ орқали ФҲДЁ архивига сўров жўнатдим, аммо архивда ҳам далолатнома ёзуви сақланмаган экан. Айтинг-чи, никоҳ гувоҳномасини қандай тартибда тиклашим мумкин?

Зарнигор, Зафаробод тумани

— Никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви кимга нисбатан тузилган бўлса фақат ана шу шахсларнинг аризасига кўра тикланади. Агар ёзувни тиклашдан манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлса ёзувни тиклаш Фуқаролик кодексига мувофиқ амалга оширилади.

Таъкидлаш керакки, далолатнома ёзувининг иккала нусхаси ҳам йўқолган бўлса, у ҳолда далолатнома ёзувини тиклаш 16 ёшга тўлган фуқаронинг шахсий аризасига кўра унинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойидаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади. Далолатнома ёзувларини тиклаш уларни тиклаш учун асос бўлган барча ҳолатлар ФҲДЁ органи томонидан аниқлангандан кейингина бажарилади. Далолатнома ёзувини тиклаш тўғрисидаги ариза олинган тақдирда ФҲДЁ органи далолатнома ёзувини тиклаш учун асослилигини тасдиқловчи далолатнома ёзувларидан нусхаларни улар сақланадиган жойдаги тегишли ФҲДЁ органларидан сўраб олиши мумкин.

Никоҳ тузилганлиги ҳақида далолатнома ёзувини тиклаш учун ариза, Агентлик бошқармаси идоравий ФҲДЁ архивининг никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви йўқлиги ёки йўқолганлиги (йўқолиш сабабларини кўрсатган ҳолда) ҳақидаги маълумотномаси, паспортларнинг нусхалари, болаларининг (улар бўлса) туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви бўлганлигини тасдиқловчи бошқа қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши керак.

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида ФҲДЁ органи томонидан хулоса тузилади, сўнгра никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувлари дафтарида охирги далолатнома ёзувининг рақами такрорий равишда “Т” ҳарфи қўйган ҳолда ёзилади ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги тикланган далолатнома ёзуви тузилади. Никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳномада “никоҳландилар” устунида тикланаётган далолатнома ёзувининг дастлабки қайд этилган санаси, “тегишли далолатнома ёзуви қайд этилди” устунида эса — никоҳ тузилганлиги ҳақида тикланиб тузилган далолатнома ёзуви рақами ва санаси кўрсатилади.

Далолатнома ёзувларини тиклаш учун етарли асослар бўлмаганда ФҲДЁ органи ариза берувчига рад қилинганлик ҳақидаги асосланган хулоса беради. Ушбу хулоса билан ариза берувчи масалани моҳиятига кўра ҳал этиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Далолатнома ёзуви қайта тикланганлиги учун белгиланган тартибда давлат божи ундирилади. Жами 67 500 сўм. Яъни 10 фоиз давлат божи — 27 минг сўм, 15 фоиз герб йиғими — 40 минг 500 сўм.

Эслатма: Оила кодексининг 230-моддасига мувофиқ далолатнома ёзувларини тиклаш деганда илгари шундай ёзув бўлганлигини тасдиқловчи етарли асослар бўлганида йўқолган ёзувларни қайта тиклаш тушунилади.

Гавҳар Умурзоқова -

Зафаробод туман ФҲДЁ бўлими мудираси