ДХА Жиззах вилоят бошқармасида матбуот анжумани ўтказилди

ДХА Жиззах вилоят бошқармасида матбуот анжумани ўтказилди

Бугун ОАВ вакиллари учун Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармасида 2019 йил 9 ойлик фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсда бошланган ишлар доирасида бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Хусусан, шаҳар ва туманларда ташкил этилган Давлат хизматлари марказлари томонидан 2018 йилнинг бошида жами 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 130 тага етгани, 2020 йилга келиб хизматлар сонини 160 тага етказиш режалаштирилаётганлиги қайд этилди.

- Айни пайтда 13 та шаҳар ва туман Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига 130 турга яқин давлат хизматлари кўрсатилмоқда, - дейди ДХА вилоят бошқармаси бошлиғи Бобур Умурзаков. - Жорий йилнинг 9 ойи давомида марказлар томонидан қарийб 337 минг 415 та хизмат кўрсатилган. Эътиборли жиҳати, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг 9 ойи давомида 90 минг 384 тани ташкил этган. Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, хизмат кўрсатиш кўрсаткичи икки йилда 3,5 баробарга ортган.

Энг кўп мурожаатлар электрон рақамли имзо бериш (83 694), СТИРни аниқлаш (48 314), жисмоний шахслар учун СТИР бериш (35 394),  Болаларни давлат боғчаларига жойлаштириш  (33 173) ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш (26 359) бўйичи келиб тушган.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида олис жойларга чиқиш орқали “Мобиль давлат хизматлари” йўлга қўйилганлиги таъкидланиб,  шу кунга қадар вилоят бўйича жами 14 мингдан ортиқ сайёр хизматлар кўрсатилганлиги қайд этилди.

Мирзачўл ва Дўстлик туманларида марказ биноси қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилган. Бахмал тумани марказ биносининг қурилиш ишлари бошланиш арафасида.  11 та туманда (Жиззах ш., Ш.Рашидов, Ғаллаорол, Дўстлик, Зомин, Янгиобод, Зарбдор, Арнасой, Зафаробод, Пахтакор, Фориш) қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Анжуманда амалга оширилаётган самарали ишларга қарамай, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида баъзи қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги ҳам аниқланганлиги билдирилди.- Ўтган давр мобайнида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида жами 6056 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган, - дейди бошқарма бошлиғи Б.Умурзаков. - Қонунбузилиш ҳолатларининг 4054 таси “Ўзбекэнерго” АЖ, 939 таси  Ер ресурслари ва давлат кадастри, 422 таси “Ўзтрансгаз” ҳудудий Жиззах филиалида, 201 таси маҳаллий ҳокимликларда, 181 таси қурилиш ва архитектура идораларида,  50 таси Давлат санитария эпидемиология назорат марказлари, 42таси таълим муассасалари, 13 таси ичики ишлар органлари, 10 таси солиқ ва144 таси бошқа коммунал хизмат кўрсатувчи идоралар ҳисобига тўғри келади. Ушбу ҳолатлари юзасидан тегишли мутасаддиларга 47 та тақдимнома, 12 та огоҳномалар киритилган. 120 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. 1 нафар ходим эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.Таъсир чоралари натижасида 14 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилди.

Матбуот анжуманида давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ўз мевасини беришни бошлагани, жорий йилда Жаҳон банкининг “Doing business” йиллик ҳисоботида Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги масъул бўлган “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлатлари ичида 8-ўринни эгаллагани эътироф этилди.

Анжуманда мутасаддилар журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтардилар.

  ДХА Жиззах вилоят

бошқармаси Ахборот хизмати