Давлат хизматлари агентлиги фуқаролар учун қулайлик жорий этди

Давлат хизматлари агентлиги фуқаролар учун қулайлик жорий этди

Мамлакатимиз бўйлаб “Экспресс-хизмат” ишга туширилиб, эндиликда зарур ҳужжатларни Давлат хизматлари марказига бормасдан туриб, почта орқали олиш имкони мавжуд! Бу ҳақда ДХА Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими томонидан хабар қилинди.

Ҳозирча ушбу қулайлик тажриба тариқасида:

– судланмаганлик (ёки судланганлик) тўғрисида маълумотномаларни олиш;

– никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисидаги маълумотномани олиш;

 – манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш хизматлари учун жорий қилинган.

 Тез орада хизматлар сони кенгайиб боради, дейилади davxizmat.uz телеграм каналида.

 Мазкур хизмат фақатгина ихтиёрий равишда кўрсатилади.

Тўлов мавжуд бўлган хизматларда экспресс-хизматдан фойдаланишда, аризачига экспресс-хизмат инвойси ва бошқа тўлов инвойси бир вақтда берилади.

Ҳужжатларни етказиб бериш экспресс-хизмат нархи 8000 сўмни ташкил этади.

Қулайликдан фойдаланиш учун:

1. Аризачининг ихтиёрига кўра, ариза тўлдириш жараёнида охиргидан битта олдинги қадамда (бошқа хизматларда охирги қадамда бўлиши ҳам мумкин) “Почта хизматидан фойдаланиш” тугмаси босилади.

2. Почта олувчининг маълумотлари тўлдирилади ва етказиб берилиши керак бўлган ҳужжат(лар) танланади.

3. “Давом этиш” тугмасини босиш орқали экспресс-хизматлар учун тўловга инвойс шакллантирилади.

4. “Ариза тўлдиришни давом этиш” тугмаси босилади.

5. Ариза тўлиқ шакллантирилади ва юборилади.

Маълумот учун: Давлат хизматлари агентлиги ДХМларга ташриф буюрувчи аҳоли сонини таҳлил қилганда, уларнинг 70 % айнан тайёр ҳужжатни олиб кетиш учун келганликлари аниқланган.

Мазкур “Экспресс-хизмат” ишга туширилиши Марказларда мижозлар оқимининг кескин камайишига хизмат қилиб, ортиқча навбат кутишнинг олдини олади.

Сизларга қулайликлар яратишда давом этамиз.