«ЗАГС»лар ДХАга ўтди. Соҳани нима кутмоқда?

«ЗАГС»лар ДХАга ўтди. Соҳани нима кутмоқда?

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтди. Бунга асосий сабаб, ФҲДЁ бўлимларининг фаолиятини тўғри ташкил этиш ва назорат қилинишини таъминлаш. 

Хўш, эндиликда «ЗАГС»лар қандай трансформацияга учрайдилар? 

Бугунги кунда Давлат хизматлари агентлиги мазкур соҳани яхшилаш учун бир неча йўналишдаги ишларга қўл урди. 

Рақамлаштириш. 

Албатта, бугун барча соҳалар дунёдаги трендлар билан ҳамнафас бўлиши учун авваламбор рақамлаштириш ишларини амалга ошириши керак. ФҲДЁ соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Аслида ДХА томонидан фуқаролик ҳолати далолатномаларини рақамли кўринишга ўтказиш бўйича ишлар анча олдин олдин бошлаб қўйилган. 

Бунинг учун ҳар бир ҳудудда архивариус штати ташкил этилди, энг замонавий ускуналар олиб келиниб, махсус ахборот тизими ишга туширилди. 

Натижада, ҳозирда мамлакатимиз бўйича 33,21 миллионта (яъни, 60 %дан ортиқ) далолатнома ёзувлари рақамлаштирилиб, «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига киритилди. 

Айрим ҳудудлар эса, масалан, Бухоро вилояти рақамлаштириш ишларининг якунига етмоқда. Мазкур ҳудудда 96 %дан ортиқ ҳужжатлар рақамлаштирилди. 

Тошкент шаҳрида никоҳ ва никоҳдан ажралганлик ҳақида архив ҳужжатлари тўлиқ рақамлаштирилгани боис, ушбу маълумотларни онлайн тарзда олиш имкони яратилди. 

Рақамлаштириш — давлат хизматларини олишни соддалаштириш демак, деган хулоса қилсак хато бўлмайди. 

Интеграция. 

Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганиданоқ, унинг фаолиятида шу сўз кўп ишлатилади. Худди, кўпчиликни зериктирган «инновация» ибораси каби. 

Бироқ, давлат хизматлари соҳасини ривожини интеграциясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бизнинг фаолиятимизда интеграция барча давлат идораларининг ўзаро боғланган тизимга уланишини англатади. 

Юқорида айтилганидек, «ЗАГС» соҳасига оид ҳужжатларни компьютер сичқончасининг бир босишида олиш имконини яратиш учун махсус «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» тизими ишга туширилди. 

Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини олиш билан боғлиқ бошқа давлат ташкилотларнинг маълумотларини (талаб юқори бўлган масалан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат нотариал идора ва бошқалар) фақатгина махсус ахборот тизими орқали рақамли кўринишда амалга ошириш тартибини жорий этиш режалаштирилган. 

Бугунги кунда Молия ва Соғлиқни сақлаш вазириликлари, Статистика ва Солиқ қўмиталари, Давлат персоналлаштириш маркази, Мажбурий ижро бюроси, Пенсия жамғармаси, Нотариат идоралар, my.gov.uz портали ахборот тизимлари билан интеграция ишлари ўз якунига етди. 

Хўп, интеграция, қилинди дейлик, менга бундан нима фойда, дейсизми? 

Мисол учун, соғлиқни сақлаш идоралари томонидан «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига туғилиш ва ўлим ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида электрон шаклда тақдим этилишини таъминлаш орқали фуқароларни ва соҳа ходимларини ортиқча оворагарчилигининг олдини олиш мумкин. 

Йил охиригача туғилишни қайд этиш билан боғлиқ композит хизматларни ишга туширилиши режалаштирилган. Бу билан, фуқаро 1 ариза бериб, бир вақтнинг ўзида 6 та давлат хизматини олиши мумкин. 

Туғруқхонадан бола туғилганлиги тўғрисида маълумотнома бериш, ФҲДЁ бўлимида бола туғилганлигини қайд қилиш, болани отаси ёки онасининг доимий яшаш манзилига рўйхатга қўйиш, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини олиш, поликлиникага рўйхатга қўйиш ва болани мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш каби ҳаракатлар электрон тарзда параллель равишда амалга оширилади. Яъни, фуқаро вақти тежалади ва ортиқча харажатлари олди олинади. 

Жорий йилда, шунингдек Олий суд, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Мактабгача таълим ва Ташқи ишлар вазирликлари билан ўзаро электрон ҳужжат алмашув тизими йўл қўйилмоқда. 

Яначи? 

Ҳозирда ФҲДЁ бўлимларида ундирилаётган тўловларни амалга оширишда автоматлаштирилган «Биллинг» тизими жорий этилди. Мазкур тизим маблағлар фақатгина расмий банк ҳисоб рақамларига келиб тушиб, ортиқча тўловларни олдини олишга хизмат қилади, яъни, пул тушумлари билан боғлиқ манипуляцияларни олдини олиб, шаффофликни таъминлайди. 

Албатта, молиявий рағбатлантириш ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига виждонан ва сидқидилдан ёндашишларига туртки бўлади деган фикрдамиз. Шу боис, ФҲДЁ органлари ходимларининг меҳнатига адолатли ҳақ тўлаш чоралари кўрилмоқда. 

Тушуниб турганингиздек, келгусида «ЗАГС»ларни анчагина ўзгаришлар кутмоқда. Ҳаракатларимиз негизида эса фақатгина аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш истаги мавжуд.

Манба: Davxizmat.uz