ДХА аралашгач...

ДХА аралашгач...

ДХА ҳозирда нафақат хизматлар олиш тартибини соддалаштириш, балки аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, шу билан биргаликда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир бўлганда ўз вақтида тегишли чораларни кўриб боришни ҳам ўз олдига қўйилган асосий вазифалардан ҳисоблайди. 

Зафаробод тумани, Бўстон маҳалласида яшовчи фуқаро С.Б сув ҳисоблаш ускунасини қиёсловдан ўтказиш бўйича қилган мурожаатига жавоб берилмаганлигидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоят Зафаробод тумани Халқ қабулхонасига шикоят қилди. Ушбу мурожаат тегишли тартибда Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида, сув ҳисоблагич ускунасини қиёсловдан ўтказиш бўйича мурожаатчи эмас аксинча унинг отаси номидан Давлат хизматлари маркази орқали ваколатли органга сўровнома юборилганлиги маълум бўлди.

-“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 6-моддасида мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши белгиланган, - дейди бошқарма бўлим бошлиғи Б.Олимжонов. - Бундан ташқари, мазкур қонуннинг 29-моддасида жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда мурожаатлар кўрмасдан қолдириши белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, С.Б.га отасининг номидан шикоят қилиши учун белгиланган тартибда ваколатини тасдиқловчи ҳужжат билан мурожаат этиши тушунтирилиб, қўшимча тарзида унга қуйидаги маълумотлар тақдим этилди.

Фуқаро Ф.И. 2020 йил 24 февралда ичимлик суви ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш бўйича Зафаробод туман Давлат хизматлари маркази орқали ваколатли органга сўровнома юборган.

Бироқ, ушбу ариза ваколатли орган томонидан шикоят кўриб чиқилган  кунга қадар электрон ҳамкорлик тизими орқали кўриб чиқилмаган.

Мазкур қонунбузилиш ҳолати юзасидан Жиззах вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонасига “Қонун ҳужжатлари бузилишини, уларнинг сабабларини ҳамда бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида”ги тақдимнома киритилган.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими орқали 2020 йилда 899 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Ўтказилган 2 та ўрганиш ва 376 та мониторинглар натижасига кўра, кадастр, архитектура ва қурилиш ҳамда маҳаллий ҳокимликларда энг кўп қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган.   Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ушбу идораларга 34 та тақдимномалар, 51 та огоҳномалар киритилди ҳамда 58 нафар айбдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати