Зарбдорда сўнгги 2 йилда 201та такрорий гувоҳнома берилган

Зарбдорда сўнгги 2 йилда 201та такрорий гувоҳнома берилган

Дилором Нурматова Зарбдор туманининг “Тошкесган” маҳалласида истиқомат қилади. Турмуш қурганига 35 йил тўлди. Эҳтиётсизлик оқибатида никоҳ қайд этилган гувоҳнома йўқолиб қолди.  

Қўни-қўшниларнинг маслаҳати билан туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат этди. Шундан сўнг Дилором опанинг никоҳ гувоҳномасини тиклаш ишлари олиб борилди.

Айни вақтда юртимизда “Ягона электрон ФҲДЁ архиви” маълумотларини шакллантириш ишлари олиб борилаётган бир вақтда аризачининг бу борадаги мурожаати тезда ҳал этилди. Сабаби вилоятимизнинг Зарбдор тумани электрон база архивини шакллантириш ишлари якунига етказилган.  

Туман ФҲДЁга келиб масалам бўйича ариза бергандим. Никоҳ қайд этилганлик ҳақидаги маълумотнома 3 дақиқага қолмай топилди. Бундан 4 йил олдин раҳматли акамни туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси паспорт олганидан сўнг йўқолиб қолганди. Айрим сабабларга кўра керак бўлганида мурожаат этиб келгандик. Архивдан маълумотномани топиш, қидириш ишлари соатлаб чўзилиб кетган эди. Бу сафар ҳам шундай ҳолат такрорланади деб ўйлаган эдим. Лекин ундай бўлмади. Ишим тез битганидан хурсандман, - дейди Дилором Нурматова.

Зарбдор туман ФҲДЁ бўлими мудираси Муқаддас Ортиқованинг берган маълумотларига кўра туманда архив ҳужжатлари сони туғилиш, ўлим, никоҳ каби ҳолатлар билан биргаликда жами 72.039 тани ташкил этади.  “Ягона электрон ФҲДЁ архиви” базасига буларнинг барчаси киритиб бўлинди. Статистикага назар ташлайдиган бўлсак вилоятимизнинг бу борадаги кўрсаткичи 82% ни ташкил этмоқда.

2019 йилнинг ўзида Дилором опа сингари такрорий гувоҳномаларни олиш учун мурожаат қилганлар сони 144 тани ташкил этган. 2020 йилнинг 8 ойида эса 57 та ариза келиб тушган. Барчаси ижобий ҳал этилган.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати