Маълумотнома анча арзонлашди: 44 600 сўмдан 6 690 сўмгача

Маълумотнома анча арзонлашди: 44 600 сўмдан 6 690 сўмгача

Ҳаёти давомида кадастр идорасига иши тушмаган инсон бўлмаса керак. Уй-жойимизни расмийлаштириш, ер участкаларидан фойдаланиш, кўчмас мулкни ижарага бериш ҳолатларига дуч келамиз.

 

Давлат хизматлари агентлиги «қўли» қайси хизмат турига тегмасин, албатта бу йўналишда қулайликлар яратилиб, хизмат олиш муддати ва тўловлар қисқаришига эришилади.

 

Куни-кеча эса Вазирлар Маҳкамасининг Давлат хизматлари агентлиги ва кадастр тизими мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган навбатдаги ҳужжати тасдиқланди.

 

Янги қарор билан бир қатор хизматлар олиш тартиби соддалаштирилмоқда. Булар:

- кадастр паспорти;

- фуқароларнинг номида шахсий турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш;

 

ҳамда

- ипотека шартномаларини;

- кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини;

- ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқини (сервитут) рўйхатдан ўтказиш давлат хизматлари.

 

Келинг, ўзгарганини кўриб чиқамиз.

 

Аввал ушбу ҳужжатларни олиш учун фақатгина кўчмас мулк жойлашган кадастр бўлимига мурожаат этиш керак бўлган. Энди эса, Давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этиладиган аксарият хизматлар сингари экстерриториал тартибда олиш имкони яратилган. Хизматни, шунингдек электрон равишда my.gov.uz портали орқали олиш ҳам мумкин.

 

Бундан ташқари, хизмат олишнинг аниқ тартиби бўлмагани боис, ходимлар ўзлари истаган вақтда кўрсатиши мумкин эди. Янги тартибга кўра эса квартира учун кадастр паспортини – 3 иш кунида, ҳовли учун – 5 иш кунигача олиш мумкин.

 

Кадастр (йиғмажилди) паспорти йўқолганда (яроқсиз ҳолга келганда), қоғоз ёки пластик шаклда янги кадастр паспорти 2 иш куни мобайнида берилади.

 

Кўчмас мулк объектларининг нотурар жойга оид қисми бўйича ҳужжат, майдонига қараб 5 иш кунидан 25 иш кунига қадар бўлган муддатда тайёр бўлади.

 

Аввалги тартибнинг яна бир жиҳати аҳолининг кўп норозичиликларига сабаб бўлган. Боиси, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ тури ёки эгаси ўзгарганда, лекин объектнинг техник параметрлари ўзгармаган тақдирда ҳам мажбурий равишда кадастр паспортини қайта расмийлаштириш керак бўларди. Бу эса фуқаролар томонидан 2 маротаба маблағ сарфланишига (кадастр паспорти ва реестрдан кўчирма олиш) сабаб бўлган. Бу тартиб бекор қилинмоқда.

 

Шунингдек, янги тартибга кўра, кўчмас мулк объекти эгаси ўзгарганда, композит хизматдан фойдаланиб, бир ариза билан реестрдан кўчирма ва кадастр паспортини бир вақтда олиш имкони яратилади.

 

Яна бир ажойиб янгилик — фуқароларнинг номида шахсий турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномани олиш муддати 5 иш кунидан 3 иш кунига қисқарди. Маълумотнома олиш нархи эса қарийб 38 минг сўмга камайиб (базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 %дан 3 % га), бугунги кунда 6 690 сўмни ташкил қилади, аввал 44 690 сўм эди.

 

Давлат хизматлари агентлиги Сизга янада қулай давлат хизматларини тақдим этиш бўйича ишларини давом эттиради.