Ховоснинг ҳавасли маскани

Ховоснинг ҳавасли маскани

Янги йил байрами Ховос тумани аҳолиси учун жуда қувончли воқеликларга бой бўлди. Қадимий ва навқирон Ховосда туман давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ бўлимининг янги биноси қад ростлади.

Аҳолиси 96 минг нафарни ташкил этувчи Ховос тумани Сирдарё вилоятининг қадимий ва бой тарихга эга гўшаларидан биридир. Тарихий ёзма манбалар ва кўҳна Ховос шаҳри ўрнида олиб борилган археологик тадқиқотлар эса Ховос қарийб 2500 йиллик узоқ тарихга эга эканлигидан далолат беради. Бугунги келиб эса замонавий ва кўркам қиёфа касб этган Ховос тумани вилоят маркази Гулистон шаҳридан 30 километр узоқликда жойлашган. Туман ҳудуди Тожикистон Республикаси, Тошкент ва Жиззах вилоятлари билан чегарадош. Туманда мавжуд 27 та маҳаллаларда ўндан зиёд миллат вакиллари аҳил-иноқликда яшаб келишмоқда.

Ана шундай аҳил-иноқликда умргузаронлик қилаёган халқимизга давлат хизматларини сифатли, тезкор ва шаффоф тарзда кўрсатишга бел боғлаган марказ ходимлари томонидан амалга оширилаётган эзгу ишлар ўз навбатида муҳтарам юртбошимизнинг “Халқимиз биздан рози бўлса, ишимизда барака ва унум бўлади” деган ибратли сўзлари ўз исботини топаётганидан далолатдир.

“Мега лидер” МЧЖ қурувчи-бунёдкорлари томонидан қурилган янги бинонинг умумий майдони 1200 кв.м ташкил этади. Замонаий архитектура ечимларини ўзида мужассам этган бино энг замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган. Марказга ташриф буюрувчиларга кенг ва ёруғ, шинам хизмат залида қулай шароитларда хизмат кўрсатилади. Марказга киришингиз ҳамоноқ сизни ресепшнда хушмуомала ходимлар яхши кайфият билан кутиб олишади ва тегишли тартибда йўналтиришади. Электрон навбат тизими 2 та мониторда акс этиб туради, 8 та қабул ойнасида кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади.

Айни пайтга келиб Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига 150 турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Ховос тумани Давлат хизматлари маркази томонидан бир кунда ўртача 50-100 нафар фуқарога давлат хизматлари кўрсатиш қувватига эга. 2020 йилнинг ўтган даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 15 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилди.

Давлат хизматлари агентлиги директори У.Муҳаммадиев тадбир иштирокчиларига давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича тушунтиришлар бериб ўтди. Шунингдек, У.Муҳаммадиев Сирдарё вилоят ҳокими Ғ.Мирзаевга Давлат хизматлари агентлигининг ташаккурномасини ҳам топширди.

Давлат хизматлари агентлиги директори У.Муҳаммадиев ва вилоят ҳокими Ғ.Мирзаевлар эндигина янги ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёш оилаларга никоҳ гувоҳномаларини тантанали равишда топшириб, уларга бахт-саодат тиладилар.

Сирдарё вилоятида Давлат хизматлари марказлари томонидан 2020 йил ўтган даврида қарийб 217 мингта давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, шундан Ховос туманида 15 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилган.

Бинода тадбиркорлар учун бош вазир қабулхонаси, Халқ қабулхонаси, туман адлия бўлими, секторлар учун алоҳида хоналар ажратилган. Шунингдек, марказда банк кассаси ҳам ташкил этилган. Кутиш залида эса китоб жавони мавжуд бўлиб, фуқаролар бу ерда бадиий китобларни мутолаа қилиш имкониятига эга бўлишади.

Бу ерга фарзандлари билан ташриф буюрган ота-оналар учун ёрқин рангларда жиҳозланган болалар майдончаси кичкинтойларнинг вақтларини мазмунли ўтказишга ёрдам беради.