"Права" алмаштириш хизмати 19 мартдан – 2 апрель кунигача вақтинча кўрсатилмайди — ДХА

"Права" алмаштириш хизмати 19 мартдан – 2 апрель кунигача вақтинча кўрсатилмайди — ДХА

"Права" алмаштириш хизмати техник-профилактик тадбирлар ўтказилиши муносабати билан 19 мартдан – 2 апрель кунигача вақтинча кўрсатилмайди.

Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, ҳар бир гувоҳнома алмаштириш пунктига кунига 55-60 нафардан фуқаро мурожаат қилганда – тўлиқ қамров учун ўртача 4 йил вақт сарф қилиниши режалаштирилган эди. Ҳозирда эса, бир кунда 500-600 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда.

Маълумот учун: республика бўйича эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган ҳайдовчилар сони – қарийб 5,7 млн. нафарни ташкил этади. Шунга кўра, эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини мажбурий алмаштириш муддатлари Ҳукумат томонидан 2 маротаба (дастлаб, 2020 йилдан – 2021 йилнинг охирига қадар, кейинчалик 2021 йилдан – 2022 йилнинг сўнгига қадар) узайтирилган. 

Қолаверса, ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш ҳажмини йил давомида бир маромда тақсимлаш, уларнинг йил якунида алмаштириш жойларида тўпланиб қолишларининг олдини олиш мақсадида гувоҳномаларни алмаштиришнинг якуний муддатлари табақалаштирилди (масалан, 2010 йилгача олинган гувоҳномалар – 2022 йилнинг апрелига қадар, 2012 йилгачалари –  2022 йилнинг июль ойига қадар ва ҳоказо). Ушбу муддатларда алмаштирилмаган ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб топилиши белгиланди.

Ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш учун ваколатли идора Ички ишлар вазирлигининг ЙҲХХ туман ва туманлараро бўлимлари.

Ҳайдовчиларга қулай шароит яратиш мақсадида 2018 йилнинг май ойидан ЭКСПЕРИМЕНТАЛ тартибда Давлат хизматлари марказларида ҳам “права” алмаштириш хизмати йўлга қўйилди.

Бунда хизмат учун нафақат келган ҳолда, балки онлайн шаклда ҳам мурожаат қилиш имкони яратилди.

Бугунги кунда жами 74 та пунктда хизмат кўрсатиш имконияти яратилиб, тегишли моддий-техникавий база билан таъминланган (қурилмаларнинг 49 таси – ЙҲХББ бўлинмалари, 25 таси Давлат хизматлари марказларига ўрнатилган).

Амалга оширилган ишлар натижасида, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси амалиётга киритилган пайтдан бошлаб, бугунги кунга қадар 2,6 млн.дан ортиқ ҳайдовчиларинг гувоҳномалари янгисига алмаштирилди.

Давлат хизматлари агентлиги пойтахтда ва вилоятлардаги ҳайдовчиларимизга қулайлик яратиш мақсадида "сўнгги мижозгача" иш режимини йўлга қўйди. Маълумот учун ДХМларда ўртача бир фуқарога хизмат кўрсатиш учун 4-5 дақиқа вақт сарфланмоқда. 

Бироқ, ўтказилган таҳлиллар 3,1 млн.дан ортиқ фуқароларимиз томонидан ҳужжатларни алмаштирилмай келинганлигини кўрсатди.

Муаммони бартараф этиш учун масъуллар қандай чоралар кўрмоқда?

Биринчидан, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришнинг охирги муддатларини мутаносиб тарзда – 2023 йилнинг 31 декабрига қадар ўзайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда;

Иккинчидан, ҳайдовчилик гувоҳномалари алмаштирилмаган фуқаролар сонидан келиб чиқиб, ташриф буюрувчиларнинг таҳминий сони ва асосли талабини инобатга олиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш пунктларини камида икки баробарга кўпайтириш.

Шунингдек, ИИВ маълумотига кўра, 2022 йилнинг 1 апрелидан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиладиган ҳайдовчилик гувоҳномалари бўйича, истисно тариқасида тегишли таъсир чоралари қўлланилмайди.