Қозоғистонда нурланишга қарши дунёдаги биринчи дори ишлаб чиқилди

Қозоғистонда нурланишга қарши дунёдаги биринчи дори ишлаб чиқилди

Қозоғистонлик олимлар, одатда, қон кетишини тўхтатиш учун ишлатиладиган «Acidum Aminocaproicum» (аминокапроик кислота) препарати инсон танасини нурланишдан самарали ҳимоя қилиши мумкинлигини аниқлади. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Маълум қилинишича, тажрибалар лаборатория каламушлари устида ўтказилган. Ярим асрдан буён инсониятга маълум бўлган препарат организмига киритилгандан сўнг каламушлар икки маротаба тўғридан-тўғри нурлантирилган. Аммо уларга ҳеч нарса қилмаган, ҳатто нурланиш таъсири ҳам сезилмаган.

«Биз препаратни кукун шаклида бердик. Ушбу дори, шунингдек, таблеткалар шаклида ҳам ишлатилиши мумкин. Унинг биологик таъсири жуда юқори. Биламизки, нурланишдан кейинги энг кенг тарқалган ва хавфли таъсир ингичка ичакнинг шикастланиши ҳисобланади. Препарат эса параллель равишда ошқозон-ичак трактининг ички аъзоларини ҳам ҳимоя қилади», — дея маълум қилган Б.Атчабарова номидаги фундаментал ва амалий-тиббий, илмий-тадқиқот институти директори Тимур Салиев.

Маълумотларга кўра, тажриба давомида аминокапроик кислотанинг эркин радикалларни йўқ қилиши ва инсон умрини узайтириши каби қўшимча фойдали хусусиятлари ҳам аниқланган. У асосида яратилган препарат альцгеймер касаллигининг олдини олишга ҳам ёрдам бериши қайд этилган. Аммо  ҳозирча олимлар унинг нурланишдан ҳимоя қилишга қаратилган хусусиятига кўпроқ эътибор қаратган.

Қайд этилишича, қозоғистонлик олимлар ушбу дори учун аллақачон патент олган. У АЭС ишчилари ёки нурланишдан азият чекканларни даволаш учун ишлатилиш мумкин.

Аввалроқ Қозоғистонда рақамли корона-паспортлар ишлаб чиқилгани маълум қилинган. Шунингдек, Қозоғистон апрелдан маҳаллий вакцинасини оммавий ишлаб чиқаришни бошлаши ҳақида хабар берилганди.