Японияда депутатлар ҳомиладор аёллар аҳволини тушуниш учун икки кун давомида сунъий қорин кийиб юрди (видео)

Японияда депутатлар ҳомиладор аёллар аҳволини тушуниш учун икки кун давомида сунъий қорин кийиб юрди (видео)

Японияда ҳукмрон партиянинг уч аъзоси икки кун давомида ҳомиладорларга тақлидан сунъий қорин ва кўкрак қафаси бирлаштирилган нимча кийиб юрди, деб ёзади Esquire.

Ушбу кийимнинг оғирлиги 7,3 килограммни ташкил этади. Сиёсатчилар уни ухлаш, ишлаш ва дўконда харид чоғида, умуман, икки кун узлуксиз кийиб юрган. Сунъий қоринлар фақатгина ҳукуматнинг ялпи мажлиси вақтида олиб ташланган.

«Туриш, ўтириш, атрофга қараш ва бошқа оддийгина ҳаракатларни бажариш ҳам қийин эди», – дейди ўз ҳис-туйғулари билан бўлишган сиёсатчиларнинг бири.

Бошқа бир депутат эса қорин ҳаракатида чекланиш ва умуман, ноқулайлик ҳақида шикоят қилган. «Уйда ҳаммом тозалаш, тирноқ олиш каби ишларни бажариш ҳам қийин эди», – дейди у.


Мазкур ташаббус депутат Такако Сузукига тегишли бўлиб, тажрибанинг асосий ғояси эркак депутатлар аёлларнинг ҳомиладорлик босқичида қандай қийинчиликларга дуч келишини тушуниш эди. Расмийларнинг фикрига кўра, бу ҳомиладорларнинг иш жойидаги камситиш муаммоларини бартараф этишга ёрдам беради.

Японияда ҳатто махсус «матаҳара» – «адолатсиз муомала» деган атама мавжуд бўлиб, ҳомиладор ва фарзандли бўлган аёлларга нисбатан безорилик, ишдан бўшатиш ёки ишни тарк этишга мажбур қилиш, психологик босим каби муаммолар тез-тез учраб туради.

Шунингдек, япон аёлларидан бири Рие Накамура баъзи ҳамкасблари унинг ҳомиладорлигини мазах қилгани ва унга кўп масалада қаршиликлар бўлгани ҳақда маълум қилган. «Бу ҳақда хабар бериш қийин. Иш эса барқарор кечмаган. Охир-оқибат муросага келишимга тўғри келди, чунки ўзимни ёмон ҳис қилар эдим», – дейди у.

Сунъий қоринлар билан ўтказилган тажрибани ҳамма ҳам ижобий қабул қилмади. Аммо карьера бўйича маслаҳатчи Асако Нихара ҳомиладор ва болали аёллар иш жойидаги аҳволни яхшилаш учун янада қатъий қадамлар қўйилиши керак деган фикрни билдирди.