Рамзан Қодиров Россия ҳудудлари бўйича 2020 йилнинг энг бой раҳбари бўлиб чиқди


Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров Россия таркибига кирувчи ҳудудларнинг 2020 йилги энг бой раҳбарлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Унинг даромади биринчи ўнталикдаги бошқа барча раҳбарларнинг умумий даромадларидан кўп, деб ёзади Meduza.

Қодиров 1 май куни ўз даромадлари тўғрисида ҳисобот берган эди. Чеченистон раҳбари 2020 йилда 381,1 миллион рубль (5,1 миллион доллар) ишлаб топганини эълон қилди; декларацияда даромад манбалари кўрсатилмаган. ОАВ таъкидлашича, рейтингда иккинчидан тўққизинчи ўрингача турган барча раҳбарлар жами 378 миллион рубль, яъни Қодировдан уч миллион рубль кам даромадга эга.

Минтақанинг 2020 йилги энг бой раҳбарлари рўйхатида иккинчи ўрин Марий Эл Республикаси раҳбари Александр Евстифеевга (84,7 миллион. рубль = 1,1 миллион доллар), учинчи ўрин Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёвга (79,8 миллион рубль = 1 миллион доллар) насиб қилган.

Кучли бешликдан, шунингдек, Липецк вилояти раҳбари Игорь Артамонов (69,2 миллион рубль = 941,4 минг доллар) ва Красноярск ўлкаси бошлиғи Александр Усс (30,1 миллион рубль = 409,5 минг доллар) жой олган. Барча минтақалар раҳбарлари орасида энг паст даромад Қалмоғистон раҳбари Бату Хасиков томонидан эълон қилинган. Унинг декларациясига кўра, 2020 йилда Хасиков 1,2 миллион рубль (16,3 минг доллар) даромад олган.

Қодировнинг даромади кетма-кет учинчи йил сезиларли даражада ўсиб бормоқда: 2019 йил охирида у 148,0 миллион рубль (2 миллион доллар) даромади борлигини маълум қилди, 2018 йил охирида эса атиги 7,6 миллион рубль (103,4 минг долар) бойликка эгалик қиларди.

Апрель ойида «Проект» нашри Қодировнинг иккинчи рафиқаси борлиги ҳамда у Грознийдаги сарой ва Москвадаги бир нечта элита квартираларнинг эгаси экани тўғрисида суриштирув эълон қилди. «Проект» ёзишича, Қодировнинг икки рафиқаси номига рўйхатдан ўтган кўчмас мулкнинг умумий қиймати 800 миллион рублни (10,8 миллион доллар) ташкил этади.

скачать dle 12.0


Фикрлар (0)

изоҳ қўшинг