123 кун бир-бирига кишанланган ошиқ-мошиқ занжирни узишди-ю, ажралишди


Украинада тўрт ой давомида бир-бирига кишанланган йигит-қиз занжирни узишди-ю, ажралишди. Бу ҳақда СТРАНА.ua нашри хабар бермоқда.

Жорий йил 14 февраль куни Киевда Aлександр ва Виктория Гиннеснинг рекордлар китобига кириш учун 3 ойга ўзларини занжирбанд қилиб қўйишди. Рекорд қайд этилгандан сўнг улар занжирни уч миллион долларга сотишни режалаштирдилар, шундан икки миллион долларини хайрия ишларига сарфланиши керак эди.

14 май куни занжирни олиб ташлаш вақти келди. Аммо йигит билан қиз аукцион ўтказилгунга қадар уни ўз қўлларида сақлаб туришга қарор қилишди.

«Уч ой, 89 кун, 2136 соат ва 128,160 дақиқа қўлларимиз муҳаббат занжири билан боғлаб қўйилди», — деб ёзишди севишганлар ижтимоий тармоқларда.

26 май куни Aлександр ва Виктория никоҳни рўйхатдан ўтказгандан кейин турмуш қуриш ва занжирни олиб ташлаш ниятида эканликларини эълон қилишди.

17 июнь куни улар Киевда, 123 кун олдин кишанланган худди ўша жойда занжирни узишди. Шундан сўнг севишганлар ажралишга қарор қилганликлари ҳақида маълум қилишди. Уларнинг айтишича, занжир бўлмаганида муносабатлари аллақачон тугаган бўларди.

«Мутлақо бошқа-бошқа одаммиз, бир-биримизга умуман мос келмаймиз. Ҳаммасини хотиржам муҳокама қилгач, ажралишга қарорга қилдик. Нима учун бундай бўлди? Ростини айтсам, битта сабабни алоҳида ажратиб айтолмайман, кўп нарсалар тўғри келмади», — деди Aлександр.

Энди собиқ ошиқ-мошиқ занжирни сотиш учун аукцион ўтказилишини кутишмоқда. Хайриядан қолган пулни иккига бўлиб олишмоқчи.

скачать dle 12.0


Фикрлар (0)

изоҳ қўшинг