Физика бўйича 2021 йилги Нобель мукофоти совриндорлари эълон қилинди

Физика бўйича 2021 йилги Нобель мукофоти совриндорлари эълон қилинди

Физика бўйича Нобель мукофотининг 2021 йилги совриндорлари эълон қилди. Мукофотнинг бир қисми америкалик иқлимшунос Сюкуро Манабе ва германиялик олим Клаус Хассельманга Ер иқлимини физик моделлаштириш ва глобал исишнинг ишончли таҳлили учун, иккинчи қисми эса италиялик физик Жоржо Паризига атомлардан сайёраларгача бўлган физик тизимларда тартиб ва ​​тебранишларнинг ўзаро таъсирини кашф қилгани учун берилади.

2020 йилда физика бўйича Нобель мукофоти қора туйнукнинг пайдо бўлиши эҳтимолини кучли назарий асослаб бергани учун Рожер Пенрозга ҳамда галактиканинг марказида супермасса қора туйнукни кашф этгани учун Андрей Гез ва Райнхард Геньцелга берилганди.

4 октябрь куни Стокгольмда Нобель ҳафталиги бошланди. Биринчи бўлиб анъанавий тарзда тиббиёт ва физиология бўйича мукофот лауреатлари эълон қилинди. Бу йил ушбу йўналишда мукофот АҚШда фаолият олиб борадиган олимлар — Дэвид Жулиус ҳамда Ардем Патапутянга ҳарорат ва сенсорли рецепторлар устидан тадқиқотлар учун берилди.

2020 йилда физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофотига Харви Aлтер, Майкл Хуатон ва Чарльз Райс гепатит C вирусини кашф қилгани учун сазовор бўлган эди.

Нобель қўмитаси 6 октябрь куни кимё бўйича, 7 октябрда адабиёт, 8 октябрда эса тинчлик бўйича мукофот совриндорларини эълон қилади. Нобель ҳафталиги 11 октябрда, Швеция давлат банки томонидан таъсис этилган иқтисодиёт бўйича Альфред Нобель номидаги мукофот ғолиблари эълон қилинганидан сўнг якунланади.

Мукофотни топшириш маросими 10 декабрда, Альфред Нобель вафот этган кунда бўлиб ўтади. Одатда Нобель мукофоти совриндорларини Швеция қироли Стокгольмда шахсан табрикларди (Ослода тақдирланадиган Тинчлик мукофоти совриндорлари бундан мустасно). Бироқ коронавирус пандемияси туфайли 2021 йилда худди ўтган йилги каби тантанали маросим ва зиёфат бўлмайди. Ғолиблар онлайн тарзда тақдирланади.