Facebook Ҳиндистонда диний адоватни қўзғашда айбланди

Facebook Ҳиндистонда диний адоватни қўзғашда айбланди

Facebook компанияси ўз ижтимоий тармоқлари ва дастурлари орқали Ҳиндистонда диний адоватни қўзғашда айбланди. Бу ҳақда компания ички ҳужжатларига таяниб Wall Street Journal нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, 2019 йилдан 2020 йилгача Facebook ижтимоий тармоғида адоватни қўзғовчи контент ҳажми 3 марта ошган. Унга қарашли WhatsApp мессенжерида эса диний аломат бўйича адоватга чақирувчи хабарлар фаол тарқатила бошланган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай хабарлар тарқалиши Деҳлида 2020 йил февралда турли радикал гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар бошланган вақтга тўғри келади. Ўшанда тўқнашувлар оқибатида 53 киши ҳалок бўлган, 300 дан кўпроқ киши жароҳат олган.

Facebook ходимларининг айтишича, компания ижтимоий тармоқларида мусулмонларга қарши кўринишдаги хабарлар мунтазам равишда тарқатилади. Улар берган ҳисоботларга кўра, бундай хабарларни иккита йирик ҳиндуий миллатчи гуруҳи тарқатади. Бироқ ушбу хабарларнинг аксарияти “зўравонликни тарғиб қилувчи” материаллар сифатида белгиланмайди. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу ҳолат компания техник тизимлари ҳинди ва бенгал тилларида материалларни топа олмаслиги билан боғланган.

Бироқ компаниянинг собиқ ходими Фрэнсис Хаугеннинг таъкидлашича, Facebook ижтимоий тармоғи адоватни қўзғаш учун “жуда қўл келади”. Унинг айтишича, ижтимоий тармоқ адоватни қўзғовчи материални атайлаб тарқатади. У буни бундай материаллар фойдаланувчиларда адоват ва ғазаб каби кучли ҳис-туйғуларни келтириб чиқариши ҳамда уларни сайтда янада кўпроқ вақт ўтказишга ундаши, бу эса компания даромадлари ошишига олиб келиши билан тушунтирган.

“Facebook’да агар алгоритмлар хавфсизлик томон созланса, одамлар сайтда камроқ вақт ўтказиши, камроқ реклама кўриши, натижада компания камроқ даромад олишини тушуниб етишган”, деб айтган Хауген.

Ўз навбатида компания раҳбари Марк Цукербергнинг таъкидлашича, “даромад олиш учун ҳеч нарсадан тап тортмасликдаги” айбловлар асоссиз ва компания хавфсизлик ҳамда одамлар руҳий соғлиғи каби масалаларга бефарқ қарамайди.