Қирғизистондаги бешта партия сайловлар натижасини тан олишдан бош тортди

Қирғизистондаги бешта партия сайловлар натижасини тан олишдан бош тортди

Қирғизистондаги бешта сиёсий партия ҳукуматдан мамлакат парламенти сайловлари натижасини бекор қилишни талаб қилмоқда, деб хабар беради «РБК»

«Ота Макон», «Ислоҳот», «Социал-демократлар», «Озодлик» ва «Халқ уйғунлиги» партияларининг вакиллари сайловолди кампаниясидаги қонунбузилишлар, шунингдек, натижаларни ҳисоблашдаги сохталаштиришлар ҳақида маълум қилди.

«Ушбу сайловларни ҳақиқий эмас деб тан олиш керак, акс ҳолда биз халқаро майдонда шарманда бўламиз», — дейди «Халқ уйғунлиги» етакчиси Мелис Мирзакматов.

Мамлакат Марказий сайлов комиссияси маълумотлари кўра, 97 фоиздан ортиқ овозларнинг ҳисоб-китоби бўйича парламентга 5 фоизли «довон»ни босиб ўтган олтита партия ўтади: 16,44 фоиз билан «Ота юрт Қирғизистон» (айни вақтда мамлакатдаги ҳукмрон партия), 13,2 фоиз билан «Ишонч», 10,6 фоиз билан «Розилик», 8,07 фоиз билан «Альянс» мухолифат партияси ва 6,58 фоиз билан «Ягона Қирғизистон», шунингдек, 5,95 фоиз тўплаган «Имон нури».

Сайловларда 1,2 миллионга яқин сайловчи овоз берган, жами сайловчиларнинг 34,39 фоизи иштирок этган.

28 ноябрь куни кечқурун овозларни электрон ҳисоблаш вақтида сайлов комиссиясининг сайтида носозлик кузатилди, у бир неча дақиқа ишламай қолди. Сайт яна ишлашни бошлагач, унда маълумотлар янгилангани ва беш фоизли «довон»дан ўтган партиялар сони ўнтадан олтита тушиб қолгани аниқланган.

Президент Садир Жапаров Facebook орқали тизимдаги носозликда овозларни сохталаштиришга уриниш амалга оширилган бўлса, МСК аъзолари «боши билан жавоб беришини» ваъда қилган. Комиссия раҳбари Нуржан Шайлдабекованинг маълум қилишича, носозлик фақатгина маълумотларни кўрсатувчи тизимда содир бўлган, овозларни ҳисоб-китоб қилувчи тизимда эмас, шу сабабли маълумонлар аниқлигига шубҳа йўқ.

МДҲ кузатувчилар миссияси раҳбари Василий Волков сайловлар қонун доирасида, очиқ ва шаффоф ўтказилганини маълум қилган.

Қирғизистон парламенти таркиби 90 нафар депутатдан иборат ва улар беш йил муддатга сайланади. Аралаш сайлов тизимига кўра 54 нафар депутат пропорсионал тизим бўйича ягона сайлов округидан сайланади (сиёсий партиялар рўйхатидаги номзодлар), 36 нафар депутат эса бир мандатли сайлов округларида овоз бериш йўли билан сайланади.