Қозоғистон президенти мамлакатдаги тартибсизликлар оқибатида ҳалок бўлганлар борлигини маълум қилди

Қозоғистон президенти мамлакатдаги тартибсизликлар оқибатида ҳалок бўлганлар борлигини маълум қилди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев фуқароларга йўллаган мурожаатида мамлакатдаги оммавий тартибсизликлар пайтида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар борлиги ҳақида гапирди. Сиёсатчининг мурожаати «Хабар 24» давлат телеканалида намойиш этилган, деб ёзади «Интерфакс».

«Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор, босқинчи унсурлар оломони ҳарбий хизматчиларни калтакламоқда, масхара қилиб, кўчаларда яланғоч ҳолда ҳайдамоқда, аёлларни ҳақоратлаб, дўконларни талон-торож қилмоқда. Вазият барча Олмаота аҳолиси хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Бунга эса тоқат қилиб бўлмайди. Олмаотадан ташқари яна бир қанча марказларда ҳам вазият кескинлашган, шу муносабат билан мен бир қатор ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилдим», — деди Қозоғистон президенти.

Тўқаев ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг сонига аниқлик киритмади. У намойишчиларга қарши имкон қадар қаттиққўллик билан иш олиб боришга ваъда берди.

Tengrinews Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб, тартибсизликлар чоғида 8 нафар полициячи ва Миллий гвардия аскари ҳалок бўлганини хабар қилди. Яна 317 киши жароҳатланган. Вазирлик баёнотида босқинчилик ва талон-тарож қилиш ҳаракатлари провокаторлар томонидан уюштирилгани айтилган. «Оломон қўлидан юзлаб одамлар жабр кўрди», — дея Ички ишлар вазирлиги қозоғистонликларни провокацияларга берилмасликка чақирди.

Аввалроқ Олмаота полицияси шаҳарда 120 дан ортиқ автомобиль, жумладан, 33 та полиция машиналари ёқиб юборилгани, 120 та дўкон, 180 та умумий овқатланиш шохобчаси, 100 га яқин идора вайрон қилингани ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, 500 дан ортиқ одам калтаклангани айтилган.

«Хабар 24» телеканали Жамоат соғлиқни сақлаш бошқармасига таяниб, Олмаотада 190 киши шифокорларга мурожаат қилгани ҳақида хабар берган. Улардан 40 нафари касалхонага ётқизилган, яна етти нафар жабрланувчи реанимацияда. Яраланганлар орасида 137 нафар полиция ходими ва 53 нафар тинч аҳоли вакиллари бор, дейилади хабарда.