Ҳиндистон пойтахтида 100 дан зиёд одам совуқдан ҳалок бўлди

Ҳиндистон пойтахтида 100 дан зиёд одам совуқдан ҳалок бўлди

Ҳиндистон пойтахти Деҳлида январь ойи бошидан бери (1—19 январь) 106 киши совуқдан ҳалок бўлди, деб хабар берди «The Economic Times» газетаси.

«Яхлит ривожланиш маркази» ноҳукумат ташкилоти Деҳли бош вазири Арвинд Кежривалга совуқ оқибатидаги ўлимларга барҳам бериш учун қиш пайти тегишли чоралар кўриш зурурлигини сўраб мурожаат қилди. Хабарда айтилишича, ўлганлар асосан уйсиз одамлар.

Ўз навбатида, Деҳли шаҳар уйларини яхшилаш кенгаши расмийлари бу ўлимлар совуқ оқибатида юз берганини инкор этишди. Бироқ полиция Ҳиндистон пойтахтида қиш пайтлари уйсизлар ўртасида ўлимлар сони кўпайишини тасдиқлади.

Маълумотларга кўра, Ҳиндистон пойтахтида уйсизлар сони 100 минг нафардан ошади.

Юқоридаги шаҳар кенгаши маълумотларига кўра, Деҳлидаги уйсизлар учун мўлжалланган 308 та бошпана-уй фақат 9 330 нафар уйсизни қабул қилиш имкониятига эга.