Украина раҳбари халққа мурожаати давомида Россияни фашист Германиясига тенглаштирган ҳамда россияликларни Украина билан урушга қарши митингларга чиқишга чорлаган.

Россия президенти Владимир Путин 24 февраль куни эрталаб миллатга телемурожаатида Донбасс ҳудудида «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди. Путиннинг мурожаати тугаши биланоқ, Киев, Харьковь, Мариуполь, Одесса ва Украинанинг бошқа шаҳарларида портлашлар бошланди, дея хабар берди УНИАН ахборот агентлиги. Донбассдаги сепаратистлар томонидан ҳам отишмалар бошланди.

Шунингдек, 24 февралга ўтар кечаси БМТ хавфсизлик кенгаши Украина атрофидаги можароларга бағишланган йиғилишни чақирди. БМТ бош котиби ўз чиқишида Россия президенти Владимир Путинни Украинага бостириб киришни тўхтатишни, «тинчликка имкон беришини» сўраган ва тинчлик ўрнатишга чақирган эди.