Европа Иттифоқи миллиардер Алишер Усмоновга санкция қўллаши мумкин

Европа Иттифоқи миллиардер Алишер Усмоновга санкция қўллаши мумкин

Европа Иттифоқи россиялик миллиардерлар — Алишер Усмонов, Михаил Фридман ва Пётр Авен, шунингдек, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга нисбатан санкциялар қўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg маълум қилди.

Агентлик қўлга киритган ҳужжатларга кўра, Европа давлатлари томонидан ҳали тасдиқланмаган, ўзгариши мумкин бўлган шахслар рўйхатига АҚШнинг санкциялари таъсир қилмаган миллиардерлар гуруҳи киради: Алишер Усмонов, Михаил Фридман ва Пётр Авен. Бундан ташқари, «Северстал»нинг асосий эгаси Алексей Мордашов ҳам санкцияларга дучор бўлиши мумкин.

Кўриб чиқилаётган шахслар рўйхатида Дмитрий Песков ҳам бор.

Ўтган ҳафта Европа Иттифоқи Россия президенти Владимир Путин ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга қарши санкциялар киритганди. Шунингдек, Россия бош вазири Михаил Мишустин, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев, президентнинг атроф-муҳит масалалари бўйича махсус вакили Сергей Иванов, ички ишлар вазири Владимир Колоколцевга ҳам санкциялар жорий этилганди.