Украинадаги урушга якун ясаши мумкин бўлган учрашув ҳақида хабар берилди

Украинадаги урушга якун ясаши мумкин бўлган учрашув ҳақида хабар берилди

Украина ҳамда Россия ташқи ишлар вазирлари Туркияда учрашадиган бўлди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли маълум қилди.

Айни пайтда қарама-қарши қутбни эгаллаб турган икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари – Дмитрий Кулеба ҳамда Сергей Лавров 10 март куни Анталияда ўтадиган дипломатик форум доирасида учрашади.  Уч томонлама музокарада Туркия ташқи ишлар вазири ҳам иштирок этади.

Мавлуд Човушўғли мазкур учрашув зиддиятларда туб бурилиши ясаши ҳамда тинчлик ўрнатилиши йўлида муҳим қадам бўлишига умид билдирган.

«Муҳтарам президентимизнинг ташаббуси ва дипломатик уринишларимиз натижасида Россия ва Украина ташқи ишлар вазирлари Анталия дипломатик форуми доирасида менинг иштирокимда учрашув ўтказишга қарор қилдилар. Тинчлик ва барқарорликка васила бўлишини тилаб қоламиз», – дейди Туркия бош дипломати.

Расмий Анқара урушнинг илк кунларидан Украина ҳамда Россия ўртасида сулҳ тузилиши йўлида дипломатик музокаралар ўтказиб келмоқда. 

Маълум бўлишича, кейинги кунларда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон турли давлатлар раҳбарлар билан 19 марта телефон орқали мулоқот қилган. Туркия етакчиси, жумладан, Россия президенти Владимир Путин билан 6 март кунги мулоқотда ўт очишни тўхтатиш, гуманитар коридор очиш ва зиддиятни сиёсий мулоқот воситасида ҳал этиш лозимлигини таъкидлаган.

М.Човушўғли эса ҳамкасблари, шу жумладан, Украина ва Россия ташқи ишлар вазирлари билан 40 марта телефонда сўзлашган.

Аввалроқ Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Калин расмий Анқара айнан дипломатик воситачилик роли сабаб Россияга нисбатан санкция жорий этмаслигини маълум қилган эди.

«Россия билан музокара ўтказа оладиган томон бўлиши керак. Агар ҳамма кўприкларни ёқиб юборса, Россия билан ким мулоқот қилади? Биз айни мулоқот канали ёпилиб қолмаслиги учун ҳам санкциялар жорий этмоқчи эмасмиз», – деган эди И.Калин.

Айни чоқда, Туркия Россия қуролли кучларининг Украинага қарши ҳарбий операциясини номақбул деб атаган. ТИВ баёнотига кўра, мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилишни зарур деб ҳисоблайдиган Туркия чегараларни қурол ёрдамида ўзгартиришга қарши.

24 февраль куни Россиянинг Украинага қўшин тортиб кириши халқаро ҳамжамият, хусусан, БМТ томонидан танқид қилинди, мамлакатга нисбатан иқтисодий-молиявий жазо ҳамда чекловлар жорий этилди. Маълумотларга қараганда, ҳарбий ҳаракатлар сабаб ҳозирга қадар 1,7 миллиондан зиёд украиналик ўз уйини тарк этиб, қўшни мамлакатларга қочишга мажбур бўлган.

С.Салим