Россиянинг SWIFТдан узилиши қандай оқибатларга олиб келади?

Россиянинг SWIFТдан узилиши қандай оқибатларга олиб келади?

“Санкция Россия иқтисодиёти учун салбий ҳолат олиб келиши мумкин, аммо бу Россия ёқилғисига қарам бўлган Европа учун янада ҳалокатли бўлади”

Нима учун ҳамма SWIFТ ҳақида гапиряпти?

SWIFТ (Society for Worldwide Interbank Financial Telecommunications) - глобал тўлов тизими. Баъзилар ушбу тизимни, ҳатто, иқтисодий санкция доирасида “ядро қуроли” деб ҳам аташади.

Албатта, SWIFТ дунёдаги ягона тўлов тизими эмас, лекин бошқаларидан фарқли ўлароқ, энг оммабопи.

Ташкилот кўринишидаги мазкур тўлов тизими Бельгия қонунчилигига мувофиқ фаолият юритувчи, қароргоҳи Брюсселда жойлашган банк ва молия тузилмалари кооперативидир.

2021 йил охиридаги ҳисоботга кўра, SWIFТ орқали кунига 30 миллион атрофида ёки йилига 10 миллиардга яқин тўлов хабари қайта ишланган. Шу билан бирга бу усулдан нафақат корхона, банклар, балки жисмоний шахслар ҳам фойдаланишади. Масалан, Украина билан ҳам SWIFТ ёрдамида пул ўтказмаси юбориш, қабул қилиш мумкин.

2014 йил Ғарб давлатлари Россияни SWIFТдан узиб қўйиш имкониятини муҳокама қилганда, гарчи, ҳозиргидек фаол ва жиддий бўлмаса-да, Россия ўз ички тўлов тизими - МХУТ (Молиявий хабарларни узатиш тизими) яратганди.

Агар вазият шу зайл давом этса, Россия ҳам Хитой томонидан яратилган шунга ўхшаш тўлов тизими (ТЧБТТ - Трансчегаравий банклараро тўлов тизими)га уланиши эҳтимоли бор. Эътиборлиси, Хитой ҳалиям МХУТга уланишдан бош тортмоқда.

Венада ўтган ҳарбий хавфсизлик бўйича музокарада Россия делегацияси раҳбари Константин Гаврилов Россияни SWIFТдан узиш тўғри қарор эмаслигини айтди.

Австрия ташқи ишлар вазири Александр Шалленбергнинг сўзига кўра, Кремлга “Шимолий оқим-2” газ қувурини ёпиш билан таҳдид қилиш ҳам мантиққа зид, чунки бу оқим ҳали ишга тушгани йўқ.

Австрия расмийси, шунингдек, нафақат ўз мамлакати, балки бутун Европа Россия энергия ташувчиларига қарамлигига эътибор қаратиб, агар кўҳна қитъа ўз иссиқлик ва электр энергияси тизимига эга бўлишни истаса, афсуски, бу ишни бир кечада амалга ошира олмаслигини эътироф этди.

Авваллари ҳам SWIFТдан узилиш ҳолати тўғридан-тўғри содир бўлмаган. Фақат алоҳида давлат ёки банкка, масалан, Эронга нисбатан санкция қўлланиши сабабли, муайян ҳолатлар кузатилган. Яъни, SWIFТ ўз хизматини тўхтатишга мажбур бўлган. Санкция бекор қилиниши билан SWIFТ орқали тўловр қайта тикланган.

Рублнинг жадал девальвацияси ва Россия активлари қадрсизланишининг олдини олиш ҳам даргумон. Россиянинг Форбс журнали 2021 йил 20 декабрдан 2022 йил 25 январгача 104 нафар россиялик миллиардернинг умумий бойлиги Россия ва Украина ўртасида ҳарбий низо бошланиши мумкинлиги ҳақидаги маълумот туфайли 27,9 миллиард долларга камайганини ҳисоблаб чиқди. Айни пайт рус миллиардерлари Украина можароси натижасида 126 миллиард доллардан кўпроқ бойлигидан маҳрум бўлди.

Нашр маълумотига кўра, рўйхатдаги 76 россиялик олигарх зарар кўрган. Ўн нафарининг ҳар бири бир миллиард доллардан зиёд пул йўқотган.

“Global Times”: Россиянинг SWIFТдан чиқарилиши доллар гегемонияси қулашининг бошланиши(ми?)

Россиянинг SWIFТ тизимидан чиқарилиши дунёда де-долларизация учун катализатор бўлиб хизмат қилади, — деб ёзди Хитойнинг “Global Times” газетаси.

АҚШ ва мамлакатнинг Европадаги иттифоқчилари Россияни SWIFТ банклараро алоқа тизимидан чиқариб ташлаш орқали РФ ҳукуматига босим ўтказмоқчи. Баъзи экспертлар бу чора Россия иқтисодиёти учун ҳалокатли бўлиши даргумон, деб ўйламоқда.

— Биринчидан Москва айни ҳолатга тайёргарлик кўрган.

— Иккинчидан Россия билан ҳамкорлик Ғарбнинг ўзи, айниқса, Европа учун иқтисодий аҳамиятга эга.

Ғарб ҳамжамияти нафақат Россия, балки ўзи билан ҳам мураккаб сиёсий кураш ботқоғига тушиб қолган. Ахир, Россияни жазолаш орқали умумий иқтисодиётга жиддий зарар етказиш ҳам номаъқул-да!

SWIFТ компанияси баёнотида Россиянинг барча банклари эмас, балки айрим банклари тизимдан чиқарилиши назарда тутилган. Таҳлилчилар фикрича, бу чора кўпроқ Россиянинг Украинадаги ҳаракатини тўхтатувчи “тўсиққа” ўхшайди.

— Россияга қарши санкция оқибати нафақат РФ, балки Ғарб дунёсида ҳам сезилади, — дейди Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти кичик илмий ходими Ян Цзинь. — Хусусан, Россиядан етказиб бериладиган табиий газга 40 фоиз қарам бўлган Европа Москва билан савдо-сотиқни бутунлай тўхтатса, катта зиён кўради.

— Европа Россиянинг SWIFТдан узилиши натижасида юзага келадиган иқтисодий таъсирни юмшата олмайди, — дейди Хитой валюта инвестицияси тадқиқот институти декани Тан Ялин. 

Мутахассис бундай чорани “ўз оёғини чалиш” деб атади.

Бошқа томондан Кремлнинг SWIFТ тизимидан четлатилиши де-долларизация учун катализатор бўлиб хизмат қилиши мумкин. Зеро, Россия билан савдони давом эттиришдан манфаатдор кўплаб компаниялар долларни четлаб ўтиш йўлини излашга мажбур бўлади.

— Агар Россия Европанинг аксарият давлатлари билан энергия бўйича халқаро ҳисоб-китобдан маҳрум этилса, Европа ҳамда Россия ўртасидаги энергия келишувини долларсиз амалга оширишга тўғри келади. Бу эса доллар гегемонлиги нурашининг бошланиши бўлади, — дейди “Bocom International” бошқарувчи директори Хун Хао.

Мутахассислар фикрича, SWIFТ тизимисиз самарали ишлаш усулларидан бири ташқи савдо тўловида АҚШ долларидан бошқа валютага ўтишдир. SWIFТ фақат долларда ҳисоб-китоб учун мўлжалланган.

— Россия ва бошқа давлатлар ўртасида евродаги транзакциялар РФ SWIFТ тизимидан чиқарилгандан кейин тўхтайдими ёки йўқ, айтиш қийин. Бинобарин, европалик трейдерлар Россия энергетика ресурсларига боғлиқлигини ҳисобга олсак, бу эҳтимолдан йироқ, — деди молиявий эксперт Чжао Цинмин.

Сўнгги йилларда Россия долларга қарамликни камайтириш чораларини кўрди. Жумладан, АҚШ назорат қила олмайдиган янги тўлов тизимини яратиш ва АҚШ доллари ўрнига рус рублидан фойдаланадиган экспортёрларга салмоқли солиқ имтиёзи бериш каби ишларни амалга оширди.

Россия ҳукумати ўз тўлов тизимини Хитой, Ҳиндистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари тўлов тизимлари билан боғлаш бўйича келишувларни ҳам имзолади.

Бундан ташқари бир қатор Россия банклари SWIFТга яна бир муқобил — Хитойнинг трансчегаравий банклараро тўлов тизими (ТЧБТТ)га уланган.

— Санкция натижасида Хитойнинг ТЧБТТ халқаро тўлов тизимидан фойдаланадиган Россия компаниялари улуши ортади, — деди Си Цзюньян. — Шунингдек, у Россияда SWIFТ тизимини четлаб ўтишнинг бошқа йўллари ҳам борлиги, масалан, бартер савдоси амалга ошириш ёки агент банклар билан муносабатга киришиш имконияти мавжудлигини айтди. Мутахассис фикрича, Россия муқобил чоралар орқали савдо йўқотишининг 50 фоизини қоплай олади.

— Биз ўз-ўзини тартибга солувчи глобал молиявий тизим яратишимиз керак, дейди Си Цзюньян.

— Хитой муаммоларни ҳал қилиш учун санкция қўлланилишига қарши, халқаро ҳуқуққа асосланмаган бир томонлама санкцияларни ҳам кескин қоралайди, — деди Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок билан телефон орқали мулоқоти чоғида.

— Санкция нафақат муаммони ҳал этиши, балки янги муаммо келтириб чиқариши ҳам мумкин, — деган Ван И.

Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ,

ЎзА шарҳловчиси