Покистон Ўзбекистонга гўшт экспорт қилишни бошлади

Покистон Ўзбекистонга гўшт экспорт қилишни бошлади

Покистон Ўзбекистонга гўшт етказишни бошлади, деб хабар берди «Нигоҳ» телеграм-канали.

Хабарда айтилишича, 40 минг долларлик гўштнинг биринчи партияси (18 тонна) келаси ҳафта Тошкентга етиб келади. Март ойида яна 50 та контейнерда гўшт (жами 900 тонна) жўнатилиши кутилмоқда.

Покистоннинг «Shaheen» компанияси раҳбари Малик Шер Хон Покистон имтиёзли савдо тўғрисидаги шартномалар тузилганидан кейин Ўзбекистон бозорига диққат билан қарай бошлаганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 4 март куни икки давлат ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги битим имзоланган эди. Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Имрон Хон товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказиш имконияти борлигини таъкидлаб, Трансафғон темир йўлини янада ривожлантиришга келишиб олган эди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон бир неча йиллардан буён транспорт йўналишларини диверсификация қилиш ва минтақавий алоқаларни ривожлантириш чораларини кўрмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли қурилиши Покистонни Марказий Осиё билан боғлайдиган, Ўзбекистонни Карачи, Гвадар ва Қосим портларига олиб чиқадиган энг яқин, арзон ва хавфсиз йўлак яратади. Бу темир йўл минтақаларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборади.

2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистондан биринчи транзит юк Покистонга етиб борган эди. Покистон томони буни «ҳамкорликнинг янги даври бошланиши» деб баҳолади.

Кўп ўтмай Покистон Ўзбекистондан юк ташувчилар учун божхона тартиб-таомилларини соддалаштирди — юк машиналари кириш тўлови бўйича депозит тўламасдан мамлакатга кириши мумкин, дейилади хабарда.