Туркияда мегалойиҳа якунланди: Осиё ва Европа ўртасидаги масофа қисқармоқда

Туркияда мегалойиҳа якунланди: Осиё ва Европа ўртасидаги масофа қисқармоқда

18 март куни Туркиянинг Чаноққалъа вилоятида дунёдаги энг узун осма кўприклардан бири фойдаланишга топширилди. «1915 Чаноққалъа» деб номланган йирик иншоот очилишида мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон иштирок этди.

Янги кўприк қурилиши замонавий Туркия тарихидаги муҳим саналардан бири Чаноққалъа денгиз ғалабасининг 107 йиллиги кунида якунлангани рамзий маънога эга саналади.

Президент Эрдўғон улкан кўприк рекорд даражасида қисқа муддатда (4 йил) қуриб битказилганини қайд этди.

«Минг йиллар давомида турли маданият вакиллари учун манзил-макон бўлган Дарданелл (туркчада Чаноққалъа  –  таҳр.) бўғози тарихида бугун янги саҳифа очилди. «1915 Чаноққалъа» кўприги таянч устунлар орасидаги масофа узунлиги бўйича дунёда биринчи саналади. Туркия мазкур кўрсаткич бўйича Японияни ортда қолдирди», – деди Эрдўғон.

Туркия транспорт ва инфратузилма вазирлигининг мегалойиҳаларидан бири бўлган «1915 Чаноққалъа» кўприги қурилишига 5100 мутахассис ва 740 та қурилиш машинаси сафарбар этилди. «Чаноққалъа бўғозининг маржони» деб таърифланган кўприк қурилишига 2 млрд 545 млн евро сарфланган. Қайд этилишича, янги кўприк йилига 415 млн евро маблағни тежаш имконини беради. Шунингдек, 118 минг иш ўрни яратилади. Пировардида лойиҳа мамлакат ЯИМга қўшимча 2,4 миллиард евро келтиради.

Чаноққалъа вилоятининг Лапсеки ва Гелиболу туманлари ўртасида жойлашган кўприкнинг асосий кабели учун дунёни 4 марта айланишга етадиган 162 минг километр сим ишлатилди. 6 полосали кўприкнинг жами узунлиги 4608 метрни ташкил этади. Минора пойдевори жойлашган ҳудудда диаметри 2,5 метр бўлган 368 та пўлат қозиқ (165 таси Осиё, 203 таси Европа томонда) ўрнатилган.

Кўприк Дарданелл бўғозининг Европа ва Осиё қисмини боғлайди. Янги иншоот икки қитъа ўртасидаги масофани 6 дақиқага қисқартиради. Шунингдек, у Истанбулдан Эгей минтақасига қисқа ва муқобил йўл очади.

Лойиҳа муаллифларига кўра, кўприкнинг таянч қисмлари орасидаги 2023 метр масофа Туркия республикаси таъсис этилганининг 100 йиллигини, пўлат миноралар эса Чаноққалъа денгиз ғалабаси қўлга киритилган 1915 йил 18 мартни англатади. 334 метр узунликдаги миноралар Туркия байроғи каби қизил ва оқ рангли бўялган.

«1915 Чаноққалъа» кўприги 18 март куни фойдаланишга топширилгани бежиз эмас. Гап шундаки, 1915 йилнинг айни шу куни Туркия армияси Истанбулни эгаллашга уринган инглиз-француз флотини тор-мор этган эди. Мазкур тарихий ғалаба орқали мамлакат ўз мустақиллигини муносиб ҳимоя қилган. Туркия ушбу ғалабани алоҳида қадрлайди. Миллат зиёлилари Чаноққалъа қаҳрамонлари ва шаҳидлари асло унутилмаслигини таъкидлаб келади.