Истанбул «янги Сингапур»га айланмоқчи

Истанбул «янги Сингапур»га айланмоқчи

Қора денгиз ва Мармар денгизларини туташтирувчи «Истанбул» денгиз каналининг қурилиши Туркиянинг энг йирик шаҳрини худди Сингапур ва Роттердам сингари жаҳондаги энг йирик логистика хабларидан бирига айлантиради.

Бу ҳақда Туркия транспорт вазири Одил Қораисмоилўғлига асосланиб «Yeni Safak» газетаси хабар берди.

«Дунёда иккита асосий порт бор: Сингапур ва Роттердам. Нега Истанбул ўртада муносиб ўрин эгалламаслиги керак? Биздаям режа бор. Келгусида Босфор ва «Истанбул» канали орқали жаҳон савдоси ҳажми анча ошади», — деди транспорт вазири.

Истанбулда темир йўл, автомобил ва авиация транспортлари тармоқлари яхши ривожланган. Янги денгиз каналининг қурилиши ва юқоридаги барча транспорт турларининг уйғунлашуви Истанбулни «жаҳон маркази»га айлантиради, деди Қораисмоилўғли.

Маълумот учун: «Истанбул» канали Туркиянинг Европа қисмида қурилмоқда, бунинг натижасида Истанбул шаҳрининг бир қисми оролга айланади. Канал қурилишига бағишланган тантанали маросим 2021 йилнинг июнь ойида ўтказилгани ҳақида хабар бергандик.

«Истанбул» канали

Режага кўра, каналнинг чуқурлиги — 21 метр, эни — камида 275 метр, узунлиги — 45 километр бўлади. Янги каналдан сув сиғими 320 минг тоннагача бўлган VLCC синфига мансуб танкерлар сузиб ўта олади.