Жанубий Корея: янги машинага навбат 1,5 йилга чўзилди

Жанубий Корея: янги машинага навбат 1,5 йилга чўзилди

Жанубий Кореяда янги машиналар хариди бўйича буюртмаларни бажариш 1,5 йилга чўзилиб кетди. Бу ҳақда «The Korea Times» газетаси ёзди.

Мамлакатда буюртма олиниб, етказиб берилмаган янги машиналар тақчиллиги (сони) 1 миллионтага етди, сабаби — бутловчи қисмлар етказишдаги узилишлар ва заводларнинг (асосан Hyundai ва Kia) тўхтаб қолгани.

Жанубий Кореяда 2021 йил бошида янги машиналар тақчиллиги 100 мингта атрофида эди. 

Урушга тортилган Украинадан Кореяга автомобиллар симларининг қопламалари келиши таққа тўхтади, айни шу сабабли Европадаги айрим автомобилсозлар ҳам жабр кўрди. Хитойда давом этаётган локдаунларга қўшилиб, Жанубий Кореяга аталган айрим бутловчи қисмларнинг йўллари ҳам ёпилди.

Hyundai Motor ва Kia 2021 йилда жаҳон бозорида 6,66 млн дона автомобил сотганди, ички бозордаги бу аҳвол билан жорий йилги 7,47 миллионта машина сотиш режаси чиппакка чиқадиган кўринади.

Март ойида Kia 26 мингта кам автомобил ишлаб чиқарди. Шундан 19 мингтаси Осиё чиплари, 7 мингтаси симларга қопламалар йўқлигидан чала қолди. Корейс компаниясининг АҚШ, Мексика, Словакия ва Ҳиндистондаги заводлари ҳам бутловчи қисмлар етишмаслиги важидан 14 мингта кам автомобил чиқарди.

Глобал дунё дегани шу: Украинадаги уруш, Хитойдаги пандемиянинг Жанубий Кореядаги автозаводларга таъсири ўзбек автоҳаваскорларининг чўнтакларида ҳам акс-садо берди — Kia ва Hyundai мамлакатимизда сотаётган машиналарининг нархларини оширишга киришди.