Япон мафияси: босс учун интиқом

Япон мафияси: босс учун интиқом

Якудза – Япониядаги анъанавий уюшган жиноятчилик шакли, мамлакат жиноят оламида пешқадам мавқега эга гуруҳ. Якудза аъзолари «годуко» сифатида ҳам танилган. Адабиёт ёки матбуотда якудза ёки унинг алоҳида гуруҳларини кўпинча «япон мафияси» ёхуд «борёкудан» дейишади. Якудза оилада эркаклар устунлиги ниқоби остида боссга ҳеч бир истисносиз бўйсуниш ва қоидалар мажмуи (мафия кодекси)га қатъий риоя қилишга таянади, акс ҳолда муқаррар жазо чоралари кўрилади. Якудза уруғ-аймоқларидаги барқарорлик ва умри узоқлик босс ва тобелар, шунингдек, гуруҳнинг оддий аъзолари ўртасидаги муносабатлар ўзига хос тарзда таъминланади...

Шафқатсиз қоида

Якудза Япония иқтисодий ва сиёсий ҳаётига чамбарчас боғланган бўлиб, фақат ўзига тегишли хусусиятга эга. Дунёдаги бошқа жиноий гуруҳлардан фарқли ўлароқ, якудза қариндошлик ришталарига таянмайди, ички иерархияси, аъзолари сони ёки раҳбарият таркибини сир тутмайди (якудзанинг кўплаб катта гуруҳлари ўзининг расмий нишонларига эга, штаб қароргоҳи ва босслари исми пинҳон тутилмайди, қолаверса, гуруҳдаги аксар кишилар ватанпарвар ва ўта ўнгчилар «қаноти» остида рўйхатдан ўтган).

1950 йилдан эътиборан япон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари якудза гуруҳлари ва расмий аъзолари қайд этилиб келинмоқда. Агар урушгача кўплаб тўдалар саркор ва 50 нафар аъзодан иборат бўлган бўлса, урушдан кейин гуруҳлар юзлаб, минглаб кишилар билан тўлди. 1958 йили полиция якудза сонини 70 минг, 1963 йили 184 минг нафар қилиб белгилаган эди.

Антимафия қонуни қабул қилингандан сўнг бир неча ўн йиллар мобайнида босқинчилар сони 79,3 минг нафаргача камайди. Аммо 1990 йил бошларида яна ўсиш кузатилди: 90 минг. Норасмий маълумотларга кўра, якудзанинг мамлакатда 2,5 гуруҳни бирлаштирган 110 минг фаол аъзоси мавжуд.

«Якудза» атамаси бакуто қимор ўйинлари гуруҳларидан келиб чиққан. «Я» – япон тилидан «саккиз», «ку» – «тўққиз», «сан»нинг шаклий ўзгариши, яъни «уч»; умумий миқдор – йигирма ёки япон қартасидаги энг хосиятсиз рақам (мазкур комбинация «чўчқа» номи билан ҳам оммалашган). Дастлаб «якудза» «фойдасиз иш», кейинчалик «фойдасиз одам» маъносини англатди, бакуто эса қочқин, омадсизлар демакдир. Шу тарзда улар ўзларини ютқазилган қартадаги комбинацияга менгзай бошладилар. Бора-бора «якудза» атамаси нафақат бакутода, балки барча уюшган япон тўдаларига нисбатан қўлланила бошланди

Ўтмишда япон феодаллари рақибларига қарши очиқ курашда самурайлар ёки махфий равишда якудза ёрдамидан фойдаланишган. Якудза тизими, анъаналари ва қонунлари Эдо (1603 – 1868) даврида мувофиқлашди.

Бакуто гуруҳи аъзолари Токугава уйига қарам кишилар ва қорин тўйғазиш ғамида у ердан бу ерга кўчиб юрган қочқинлардан иборат эди. Улар сёгун амрига кўра ерлари ва мол-мулкларидан жудо бўлишганди. Кейинчалик дайдилар ва шу тоифа одамлар бакутога қўшилди. XVIII асрнинг охирларида Японияда қимор ўйинлари оммалашиб, жамиятда бадавлат шаҳарликлар сафи кенгайгач, бакутонинг асосий фаолияти шаҳарлардаги бузуқхоналар, ижара уйлари ва асосий йўллардаги почта станциялари ҳовлисида қимор ўйинларини ташкил этишга қаратилди.

Тэкия гуруҳлари қароқчилардан иборат қилиб тузилди. Вақт ўтгач, савдогарлар, майда ўғрилар, товламачилар ва фирибгарлар сифатида шаклини ўзгартирди.

Бакуто ва тэкия бир-бирига содиқлигини айтиб, қонларини ўзаро бириктиргач, махсус кодекс ишлаб чиқилди, уни бузган кишини оғир жазо кутарди. Тўдага янги қабул қилинадиган одам «муқаддас коса» русумидан ўтар, кейин эса босс билан ота-бола муносабатлари ўрнатиларди. Шу тарзда чегара билмас ўзаро содиқлик талаб қилинган. Янги аъзо босснинг нуфузи ва янги «оила»га нисбатан самимийлиги ва ўзини қурбон қилишга шайлигини намоён этиш мақсадида бармоқ суягини кесиб ташлаши анъанага кирди (кейинроқ айбсизликни исботлаш ёки тўдадан чиқиш учун бармоқ суяги қирқиладиган бўлган).

Шу тарзда якудза тизимида япон оиласи анъанасининг қадриятлари ўз аксини топди. Боссга нисбатан ҳаддан зиёд садоқат талаб этилар, шунингдек, унинг ўзи ҳам «оила» аъзоларига ғамхўрлик қилар, ташқи душманлардан муҳофазаларди. Мазкур анъаналарга самурайларнинг бусидо кодекси элементлари ҳам қўшилди.

Ҳаммаси қимордан бошланган

Якудзадаги оғир тартиб ва ўзаро содиқлик юқори мансабдорлар ёки бадавлат тижоратчиларнинг тансоқчи сифатида, шунингдек, қарзларни ундириш, тобе кишиларга босим ўтказиш учун босқинчиларни ёллашларига шароит яратди.

Тэкия ва бакутонинг позицияси расмий ҳукумат томонидан маъқулланди. Масалан, 1735 – 1740 йилларда кўчадаги жанжалларни бартараф этиш учун ҳукумат тэкиянинг айрим боссларини «назоратчи» сифатида тайинлади. 1805 йили эса марказий полиция бўлинмалари раҳбарлари билан бакуто раҳнамолари ўзаро тил топишдилар. Ҳуқуқ посбонлари ўзаро ёрдам эвазига жиноий гуруҳларнинг ноқонуний фаолияти ва рақобатчиларга қарши курашидан кўз юмадиган бўлишди. Якудзанинг шундай гуруҳлари «ўз» мавзесини ўғрилар, талончилар ва зўравонлардан ҳимоя қилар, буни кўча жиноятчилигини бартараф этиш билан хаспўшларди. Шу сабабли аҳоли ўртасида қуйидаги нақл юрган: «Бизни кундузи полиция, кечаси якудза қўриқлайди».

Япония тарихида етарли манбалар асосида ёзиб қолдирилган Банзуйин Тёбэй якудзанинг биринчи йўлбошчиси ҳисобланади. XVII асрда истиқомат қилган бу шахс собиқ самурай эди. Ўша пайтларда тез-тез учраб турадиган феодал ҳомийлигидан мосуво бўлган Банзуйин Эдо сари йўл олди ва у ерда қиморхона очди. Қисқа фурсатда бадавлат одамга айланиб, тилга тушди. Шаҳар маъмурияти унга йўл қурилиши ва Эдо саройи деворини таъминлаш учун ишчи ёллашни таклиф қилди. Тёбэй бу вазифага ўзига хос тарзда ёндашди: қарта ўйинида ютқазиб қарздор бўлганлар ва фоиз тўлайдиганларни ишга жалб этиб, уларнинг иш ҳақини ўзининг чўнтагига урадиган бўлди.

XIX асрнинг ўрталарида якудза тўдалари ўртасида ҳудуд талашиш билан боғлиқ биринчи катта мафия тўқнашуви юз берди. Симидзу шаҳридаги Дзиротё исмли босс 600 нафар одами билан қўшни заминдаги рақобатчи гуруҳни шафқатсизларча янчиб ташлади. Унинг ҳисобида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун Нагойя қалъаси томига чиқариб қўйилган «олтин дельфинлар» талончилиги ҳам бор. 1871 йили император саройи бошқарувчиси бўлган Тэссю Ямаока пойтахтдаги қашшоқ деҳқонлар ғалаёнини бостириш учун бир неча марта Дзиротёнинг ҳузурига югуриб келган.

1930 йил бошида Японияни қамраб олган иқтисодий инқироз оммавий ишсизлик, ишчи ва деҳқонларнинг норозилигини келтириб чиқарди. Халқ қаҳр-ғазаби шиддатли авж олмаслиги учун ҳукумат ноқонуний ўйинлар, ёввойи томошалардан кўз юмишга қарор қилди. Тез орада кўплаб қиморхоналар, айш-ишрат масканлари ва овозли фильмлар намойиш этиладиган янги кинозаллар якудза назоратига ўтди. Босқинчилар бар ва клубларни ҳам забт этишди, шунингдек, юк ташиш ва қурилиш ишчиларига нисбатан таъсир кўламини кучайтиришди. Кобэда шаҳар жиноий олами устидан назорат Ямагути-гумига ўтди.

1934 йилнинг ёзида ҳукумат ва тадбиркорлар илтимосига кўра, Ямагути-гуми якудзаси иш ташлаган Кобэ бандаргоҳи ишчиларини шафқатсизларча жазолаб, касаба уюшмалари пешқадамлари ва порт ишчи фаолларини ўлдиришди. Жиноятчилар яширингунга қадар уларнинг босслари буни оддий кўча жанжали сифатида кўрсатиш ҳақида шаҳар полицияси билан келишиб олишди. Якудза шунчаки ўзини ҳуқуқ посбонларига топшириб, рамзий муддат билан жазоланди. Шундан сўнг ҳукумат билан уюшган жиноятчилар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги-янги кўринишлар касб этди. 1930 йил ўрталарида Кобэ бандаргоҳи, улгуржи бозор, қиморхоналар, концерт, театр ва кинотеатр заллари, маҳаллий сумо федерацияси ва кўплаб ҳудудий артистлар Ямагути-гуми назоратида эди.

Ҳаддан ошишлар

Урушдан сўнг якудзада пасайиш рўй берди. Кўплаб босқинчилар император армиясига чақирилди (улар ҳалок бўлишди ёки асир тушишди), бандаргоҳларда аскарлар ва жандармлар соқчилик қилдилар, аҳоли оч эди. 180.000 дан зиёд босқинчи 5,2 минг тўдага бўлиниб, бу эса кўплаб қон тўкилишлари ва тўқнашувларга олиб келди.

1946 йил бошларида ҳукумат уруш вақтида оммавий равишда корхоналарга қулларча ишлаш учун жалб қилинган корейс ва хитойликларни тийиб қўйишни якудзадан илтимос қилди. Ямагути-гуми босқинчиларининг, ҳатто Кобэдаги полиция участкаларини қўриқлашига тўғри келди.

Ўша йилнинг кузида Кадзуо Таока Ямагути-гумининг янги раҳнамосига айланди (Харукити Ямагути ва унинг пичоқлаб ўлдирилган ўғли Ноборо Ямагутидан сўнг учинчи босс). Таокани куч-қудратининг чўққисида япон жиноий олами «қироли» санашган. У камбағал оилада туғилиб, ота-онасидан жудо бўлгач, Кобе бандаргоҳида юк ташувчи бўлиб ишлаган амакисининг қарамоғига ўтди. Очлик ва қашшоқликдан қўрққан Таока Ямагути-гуми кичик тўдасига қўшилди. Шафқатсизлиги, чапдастлиги туфайли тезда эътибор қозонди. Оддий босқинчиликдан эстрада бизнеси раҳбаригача, кейин эса тўда бошлиғича бўлган йўлни босиб ўтди. Таока якудза фаолиятини янада кенгайтирди.

1950 йили бошланган Корея уруши Японияни АҚШ армиясининг фронт орқаси масканига айлантирди. Якудза дарҳол аскарларнинг ҳордиқ олишини таъминлади – фоҳишалар ва гиёҳванд моддаларни етказиб берди, улардан эса мамлакатда гуллаётган «қора бозор» учун маҳсулотлар сотиб олди. Кейин эса жуда қисқа муддатда Ямагути-гуми Кобэ бандаргоҳидаги барча рақобатчиларни қувиб юбориб, жиловни яна қўлига олди.

Шунингдек, Японияда урушдан сўнг янги уюшган жиноятчилик – фоҳишалик билан шуғулланувчи гуруҳлар пайдо бўлди. 1957 йили фоҳишаликка қарши қонун жорий этилгач, яширинча равишда қўшмачилик билан шуғулланилди. Шунингдек, бар ва ресторанларда муштумзўрлик қилиб, гиёҳванд моддалар сотилди, тамагирлик, дўқ-пўписа давом эттирилди.

1960-йилларнинг бошида Таока Хёго ҳудудидан барча рақобатчиларини ҳайдаб чиқарди ва қўшни Осакани Ямагути-гумига бўйсундирмоқчи бўлди. Разведкага юборилган Юкио Дзидо маҳаллий Янагава-гуми билан иттифоқ тузди. Уларнинг нишони анчагина даромадли ҳудудга эгалик қилаётган Мэйю-кай гуруҳи эди (Мэйю-кайнинг асосий таркиби корейслардан иборат бўлган). 1960 йил 9 августда тунги клубдаги кичик зиддиятдан сўнг «Осака уруши» келиб чиқди. Дзидонинг юзлаб жангарилари ва Янагава-гуми тўдалари Минами районини қуршаб олишди ва «тозалаш» ишларини бошлашди.

Раҳнамолари ўлдирилгач, Мэйю-кай фаолият юритмайдиган бўлди. 27 августда Осаканинг «Мино канко» ресторанида омон қолган 15 нафар босқинчи ўз мағлубиятини тан олди ва бармоқларини кесиб топширишди ва улар кечирилди. Шу зайлда Таока фаолияти янада кенгайди.

Унинг улкан ғалабаси Миямото-гуми гуруҳини ўзига қўшиб олиши бўлди. Қўшни Токиони «забт этиш»дан эса Таокани катта таъсир кучига эга бўлган Ёсио Кодама тўхтатиб қолди. Ямагути-гумининг тажовузкорлигига қарамай, 1972 йилнинг октябрида Кодама Кадзуо Таока ва Хидзинари Инагава (Инагава-кай раҳнамоси) ўртасида тактик иттифоқ тузилди. Таока ташаббуси билан ўз манфаатига хизмат қилувчи умумяпон жамияти тузилди. Бироқ мамлакатда ўтказилган ислоҳотлар туфайли унинг даромадлари бирмунча камайди. Шунга қарамай, 1974 йили уюшган жиноятчиликдан келадиган даромад миқдори 20 миллиард долларни ташкил этди.

Тўппончадан узилган ўқ

1978 йилнинг июль ойида Таока Киотодаги тунги клубда дам олаётган эди. Беш нафар тансоқчиси борлигига қарамай, ёлланма қотил унга яқинлашди ва тўппончадан бўйнига ўқ узиб жароҳатлади. Таокуни зудликда маҳаллий шифохонага олиб боришди ва у тез орада тузала бошлади. Ямагути-гуми аъзолари эса босснинг жонига қасд қилиб қочиб кетган одамни қидиришга тушдилар. У бирмунча вақт аввал Ямагути-гуми жангарилари томонидан ўлдирилган Мацуда Киёси Наруми синдикати боссининг аъзоси бўлиб чиқди. Орадан бир неча ҳафта ўтгач, унинг мурдаси Кобэдан олис бўлмаган ўрмондан топилди.

1981 йил октябрда Кобэда Ямагути-гуми босси Кадзуо Таоканинг дабдабали дафн маросими бўлиб ўтди. Унда 5 мингдан ортиқ якудза иштирок этди. Таока томонидан меросхўр қилиб тайинланган ворис қамалгани боис, ички зиддият келиб чиқмаслиги учун, синдикатни унинг беваси Фумико бошқариб турди. 1984 йили Масахиса Такэнака янги босс сифатида «тахтиравон»га ўтирди. Бироқ орадан бир йил ўтиб, у Итива-кай тўдаси томонидан ўлдирилди. Натижада тўрт йиллик шафқатсиз уруш бўлиб ўтди.

1990 йилнинг бошларида Ямагути-гуми таркибида 11,8 минг якудзани бирлаштирган 559 та гуруҳ бўлган. Бу пайтда унинг бешинчи босси Ёсиноро Ватанабэ бўлиб, у 2005 йили истеъфога чиқди. Ёсиноро якудза фаолияти тамойилини шундай тавсифлаган: «Мутлақ яккалик. Интиқом. Сокинлик. Муносиб рағбат ва жазо, шунингдек, оқилона куч ишлатиш». Ватанаьэнинг ўрнини Киёси Такаяма эгаллади.

2008 йилдан эътиборан Японияда янги қонун қабул қилиниб, унга кўра нафақат босқинчилар, балки уларнинг босслари жавобгарликка тортилди. 2011 йили эса мафия зарарига яна бир қонун қабул қилинди. Орадан бир йил ўтгач, февраль ойида АҚШ ҳукумати Ямагути-гумига нисбатан санкция чораларини қўллади. 2013 йили эса Ямагути синдикати раҳбарлик кенгаши аъзоларидан бири Киёси Такаяма олти йиллик қамоқ муддати билан жазоланди.

Шунга қарамай, якудзанинг мамлакат миқёсида таъсир кучи катта. Якудзанинг компьютер ўйинлари, турли низолар, ёшлар орасидаги кўз илғамас тарғиб-ташвиқот, турли татуировкалар, жиноятчиликнинг турли кўринишлари бунинг афсусланарли исботидир.

Акбар Фатхуллаев