АҚШда 18 ёшли ўспирин 21 кишини отиб ўлдирди

АҚШда 18 ёшли ўспирин 21 кишини отиб ўлдирди

АҚШнинг Техас штатидаги бошланғич мактабда содир бўлган отишмада 18 бола ва уч киши, жами 21 одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Техас штати сенатори Роланд Гутиеррес фожиа қурбонлари бўйича маълумот берди. Аввалроқ 15 киши ҳалок бўлгани айтилганди. 

Гутиеррес мактабга ҳужумда гумон қилинган Салвадор Рамос 18 ёшида экани ва яқинда автоматлар сотиб олганини айтди.

Ҳодиса Техаснинг Увалде округидаги бошланғич мактабда содир бўлган. Штат губернатори Грег Эбботнинг сўзларига кўра, таълим муассасасида бўлганларга қарата ўт очишдан аввал Салвадор Рамос ўз бувисининг жонига қасд қилган. 

АҚШ президенти Жо Байден отишма қурбонлари хотирасига 28 майга қадар Оқ уй ва барча ҳукумат бинолари, шу жумладан хориждаги байроқларни ярмигача туширишни буюрди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Нью-Йорк штатидаги Буффало шаҳридаги супермаркетда содир бўлган отишмада ўн киши ҳалок бўлганди.