Нега хитойлик аёллар туғишни исташмаяпти?

Нега хитойлик аёллар туғишни исташмаяпти?

Хитой аҳолиси, 1959–1961 йиллардаги Буюк очарчиликдан бери, илк марта қисқарди. Бу ҳақда тадқиқотчи Сюцзян Пэннинг мақоласига асосланиб ВВС  хабар берди.

Дунёнинг 1/6 қисмидан кўп аҳолиси Хитойга тўғри келади, сўнгги 40 йилда мамлакат аҳолиси сони 600 миллиондан 1,4 миллиардгача ўсди.

Хитой миллий статистика бюросининг сўнгги маълумотига кўра, 2021 йилда мамлакат аҳолиси атиги 480 минг кишига кўпайди. 10 йил олдин мамлакат аҳолиси сони ҳар йили 8 миллионга кўпайган.

Туғилиш даражасининг секинлашиши хитойлик оилаларда COVID-19 ва қаттиқ карантин шароитларида болали бўлиш хоҳиши йўқлиги билан ҳам изоҳланмоқда.

1980-йиларнинг охирларида Хитойда туғилиш коэффициенти (бир аёлга тўғри келадиган туғуруқлар) 2,6 ни ташкил этган. 1994 йилда кўрсаткич 1,6–1,7 га тушди. 2020 йилда — 1,3, 2021 йилда — 1,15 га пасайди.

Солиштириш учун: Австралия ва АҚШда туғилиш коэффициенти — 1,6, Японияда — 1,3.

Ҳукуматнинг «бир оилага бир бола» сиёсатидан воз кечиши ҳам Хитойдаги демографик инқирозга барҳам беролмади. ХХР ҳукумати ўтган йили «уч фарзанд» сиёсатини, умумий солиқ ва ҳоказо рағбатларни жорий этди. Фойдасиз...

Нега хитойлик аёллар туғишни исташмаяпти?

Турли назариялар илгари сурилмоқда. Айримларида кичик оилалар урфга киргани айтилса, яна бирларида яшаш қиймати ошиб кетгани таъкидланади.

Никоҳ ёшининг катталашгани, бола туғилишини кечиктириш ва умуман олганда, фарзандли бўлиш истагининг йўқлиги муаммо сабабларидан дегувчилар ҳам йўқ эмас.

Умуман олганда, Хитойда бола туғиш ёшидаги аёллар сони тобора қисқариб  боряпти. 1980 йилдан «бир оилага — бир бола» сиёсатининг жорий этилиши оқибати шу бўлдики, аксарият оилалар ўғил фарзандни танлашяпти. Ҳар 100 қиз чақалоққа 106 нафар ўғил чақалоқ тўғри келмоқда.

Дарвоқе, Ўзбекистонда туғилаётган ўғил ва қиз чақалоқлар ўртасидаги нисбат бундан ҳам каттароқ. Мисол учун, 2021 йил февраль ва 2022 йил январь ойлари статистикалари орқали буни солиштириб кўрса бўлади.

Тадқиқотларга кўра, 2021 йилдан бошлаб ҳар йили Хитой аҳолиси 1,1 фоизга қисқариб боради. Шанхай ижтимоий фанлар академияси олимлари прогнозларига кўра, 2100 йилда Хитой аҳолиси 587 млн киши қолади.