Канада ўзбекистонлик мигрантларни қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиши мумкин

Канада ўзбекистонлик мигрантларни қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиши мумкин

Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Дунё” ААнинг хабар беришича, Канада ўзбекистонлик мигрантларни қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиши мумкин.

Бу борада Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канададаги элчиси Жавлон Ваҳобов ҳамда Канаданинг Британия Колумбияси провинцияси қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва балиқчилик вазири Лана Попхэм музокаралар ўтказишган.

Хусусан, томонлар Британия Колумбияси провинциясига ўзбекистонлик вақтинчалик/мавсумий ишчиларни ишга жойлаштириш масалаларини муҳокама қилишган. Ҳар йили Мексика ва бошқа Лотин Америкаси давлатларидан тахминан 12 000 нафар мавсумий меҳнат мигрантлари бу ҳудудга 5-6 ойга келиб, асосан қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлашади.

Яқин келажакда Канада вазири мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари билан онлайн учрашув ўтказиб, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ва Ўзбекистондан мавсумий ишчиларни Британия Колумбиясига юбориш масласини муҳокама қилади.

2020 йилда ушбу минтақадаги фермерлар ва қайта ишлаб чиқарувчиларнинг даромади илк бор 16 миллиард доллардан ошиб, 500 та янги иш ўринлари яратилишига олиб келган ва уларнинг умумий сонини 68,2 минг кишига етган. Вазирнинг таъкидлашича, 2020 йилда Британия Колумбияси 4,8 миллиард долларлик қишлоқ хўжалиги ва денгиз маҳсулотларини 151та халқаро бозорларга экспорт қилган.

Таъкидлаш лозимки, Британия Колумбиясининг ҳар-бир қишлоқ хўжалиги ҳудуди маҳсулот етиштиришнинг ўз хусусияти ва шароитига эга бўлиб, улар бир қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, чорвачилик ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариши билан дунёга машҳур. Британия Колумбиясида 1,5 мингдан ортиқ озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқарувчи компаниялар мавжуд.