Нега Шимолий Корея қашшоқ, Жанубий Корея эса бой?

Нега Шимолий Корея қашшоқ, Жанубий Корея эса бой?

Кўплаб инсонлар давлат тараққиёти учун географик жойлашув муҳим аҳамият касб этади деб ҳисоблайди. Ҳақиқатдан ҳам глобал тенгсизлик сабабларига оид қарашлар орасида кўпчилик томонидан қабул қилинган гипотеза(асос, тахмин)лардан бири «географик омил назарияси». Унга кўра, давлатнинг бой ва камбағал бўлишига асосий сабаб географик жойлашув ҳисобланади. Аслида ҳам давлатларнинг қашшоқлиги ва фаровонлиги ортида жўғрофий жойлашув ётадими? Бу назария давлатларнинг қашшоқ ва фаровон бўлишида қанчалик муҳим рол ўйнайдими?

Бугунги мақоламизда, Шимолий Корея ва Жанубий Корея давлатларини бир-бири билан солиштириб, «географик омил назарияси» қанчалик тўғри эканлигини аниқлашга ҳаракат қиламиз.

Бир бутун Кореянинг иккига бўлиниши

Иккинчи жаҳон уруши даврида (1939-1945) Корея ярим ороли Япония томонидан босиб олинган эди. Жаҳон уруши охирлаб борар экан, Кореядаги Япониянинг мустамлакачилиги заифлашиб борди. 15 август куни Япония оқ байроқ кўтариб, таслим бўлди. Шундан бир ой ўтиб, Кореянинг шимолини СССР, жанубини эса АҚШ армияси эгаллаб олди. Шундан сўнг 38-параллель бўйича ягона Корея давлати иккига бўлинди. Шимолий Кореяда коммунистик, жанубий Кореяда эса капиталистик тузум ўрнатилди.

«Совуқ уруш» энг қизиган паллада, аниқроғи 1950 йил 25 июнь куни Шимолий Корея армияси чегарани бузиб, Жанубий Кореяга ҳужум қилди. Дастлаб, Шимолий кореяликлар устунликка эришган ва пойтахт Сеулни эгаллаб олган бўлса-да, кузга бориб улар бутунлай ортга чекинди. 1953 йилда яраш битими имзоланди. Бироқ тили, маданияти, тарихи бир бўлган ягона давлат икки қисмга ажралганча қолди.

Шимолий Кореянинг қолоқлашишига сабаб нима?

1947 йилда Шимолий Кореяда давлат бошқарувига коммунистик партия раҳбари Ким Ир Сен келди. У Иккинчи жаҳон уруши даврида Япония босқинчиларига қарши коммунист партизанлар ҳаракатига бош бўлган эди. Ким Ир Сен Шимолий Кореяда диктатура ўрнатди. Мамлакатда ягона “Чучхе” мафкураси тарғиб қилинди. Шимолий Кореяда иқтисодий қаттиққўл тартиб – маъмурий буйруқбозликка асосланган тизим жорий қилинди.

“Чучхе” – бу ҳам дин, ҳам мафкура, ҳам сиёсат, ҳам тарих ҳисобланади. Бу мафкурага кўра, энг зўр математик, энг зўр жангчи, энг зўр иқтисодчи давлат раҳбари ҳисобланади. Ҳатто, Ким Ир Сен ўзини худо даражасига кўтарди.

Шимолий Кореяда хусусий мулк тақиқланиб, бозорлар ёпилди. Мамлакатда сўз эркинлиги таг-томири билан қуритилди, одамлар устидан тотал назорат ўрнатилди ва репрессиялар авж олди. Бундан ташқари, Шимолий Кореяда ҳокимиятни мерос орқали ўтказиш тенденцияси вужудга келди. Ким Ир Сен кейинчалик унинг ўғли ва вориси Ким Чен Ирнинг атрофида тўпланган бир ҳовуч элита вакилларини истисно қилганда, эркинлик нафақат бозорда, балки оддий фуқаролар ҳаётининг ҳар бир жабҳасида чекланди. Ҳатто, Шимолий Кореяда валютани эркин айирбошлаш мумкин эмасди.

Кўп ўтмай Ким Ир Сен танлаган маъмурий буйруқбозликка асосланган иқтисодий тизими ва “Чучхе” тартиби фалокатли бўлиб чиқди. Мамлакатда тез-тез очарчилик юз бера бошлади. Бу шуни кўрсатдики, Шимолий Корея нафақат саноат ишлаб чиқаришда оёққа тура олмаган, балки қишлоқ хўжалигида буткул таназзулга юз тутган.

Аҳолиси қашшоқликда кун кечираётган бир паллада Шимолий Корея ҳарбий саноатга урғу берди. 2010 йилда ҳокимиятга Ким Чен Ин келгач, мамлакат ядро қуролини ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратди. Маълумотларга кўра, Шимолий Кореяда одамлар ойига ўртача 100 АҚШ доллари миқдорида маош олади.

Ким Ир Сен, Ким Чен Ир ва Ким Чен Ин даврида ҳам тизимни ислоҳ қилишга ёки хусусий мулкчилик, бозорлар ва хусусий шартномаларга рухсат беришга ёхуд иқтисодий ва сиёсий институтларни ўзгартиришга хоҳиш бўлмади. Диктатура, сиёсий биқиқлик, репрессив тузум инновацион ва технологик янгиликлар йўлига катта тўсиқ бўлиб келмоқда. Шу боис, бугунги кунда Шимолий Корея аҳолиси жанубдаги қариндошларига қараганда анча фақир ҳаёт кечиришмоқда. Мамлакатда эса ҳали ҳам турғунлик давом этиб келмоқда.

Жанубий Корея қандай қилиб фаровонликка эришди?

Жанубий Корея давлат бошқарувига Гарвард ва Принстон университетида таълим олган, коммунизмни хушламайдиган Ли Синг Ман келди. У 1948 йилда президент этиб сайланди. Унинг раҳбарлик даврида (1948-1965) АҚШнинг қўллаб-қувватлаши билан мамлакатда иқтисодий ва сиёсий институтлар шакллантирилди. 1950 йилда Корея урушидан сўнг коммунизм жанубга ҳам илдиз ота бошлади. Бу вақтда жанубда ҳали демократия йўқ эди. Ли Синг Ман автократик бошқарув орқали коммунизмга қарши курашди. Ундан кейинги иқтидорга келган генерал Пак Чон Ҳи ҳам тарихда авторитар раҳбар сифатида ном қолдирди. Бу икки автократ раҳбар хусусий мулкни ҳимоя қиладиган бозор иқтисодиёти тамойилларига таянди. 1961 йилдан бошлаб генерал Пак Чон Ҳи давлатнинг қудратини жадал суратда ошириш мақсадида, кредит ва субсидияларни муваффақиятли бизнес юритган фирмаларга йўналтирди.

Жанубий Кореяда мавжуд иқтисодий тартиблар инвестиция ва савдо-сотиқни рағбатлантирди. Жанубий Корея асосан таълимга инвестиция киритди, натижада мактаб таълими ва саводхонликда юқори кўрсаткичларга эришди. Бунинг самараси ўлароқ сифатли кадрлар етишиб чиқа бошлади. Шунингдек, Жанубий Корея инвестиция, саноатлаштириш, экспорт ва замонавий технологияларни жорий қилишда жадал иш олиб борди.

XX асрнинг 60 –70 йилларда Жанубий Корея тез тараққий этди. Мамлакатда «Daewoo». «Samsung», «Hyundai», «GoldStar» каби жаҳондаги бренд компаниялар вужудга келди. Кемасозлик, автомобилсозлик, электроника ва бошқа соҳалар тез ривожланди. Қисқа вақт ичида Жанубий Корея Шарқий Осиёнинг «иқтисодий мўьжиза»ларидан ва дунёнинг энг жадал ривожланаётган давлатларидан бирига айланди.

Бугунги кунга келиб, Жанубий кореяликларнинг турмуш даражаси Португалия ва Испаниядаги кўрсаткичлар билан бир хил. Жанубий Кореяда ўртача ойлик маош 3 минг АҚШ долларини ташкил қилади.

Шимолда эса халқнинг турмуш даражаси тропик Африкадаги аҳолининг яшаш шароитига яқин. Яъни Шимолий Корея аҳолисининг турмуш даражаси жанубдаги қариндошларига қараганда ўн баробар паст. Шимолий Кореяда соғлиқни сақлаш ўта абгор ҳолатга келган. Маълумотларга кўра, Шимолий кореялик Жанубий кореяликдан 10 йил камроқ умр кўради.

Юқоридаги сурат Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги фарқни жонли тарзда кўришингиз мумкин. Икки давлатдаги ёритиш даражаси кескин фарқ қилади.

Ўтган асрнинг охирига келиб, атига ярим аср ичида Жанубий Кореядаги юксалиш ва Шимолий Кореядаги турғунлик бир вақтлар ягона давлат бўлган ўлканинг иккала қисми ўртасида «ер билан осмончалик» фарқни вужудга келтирди.

Келинг, Шимолий Корея ва Жанубий Корея ёшларини солиштириб кўрамиз. Улар ҳаётдан нималарни кутишлари мумкин?

Шимолдагилар қашшоқликда, тадбиркорларга хос ташаббускорлик, креативлик мавжуд бўлмаган шароитда ёки малакали касбга тайёрлайдиган талаб даражасидаги таълим кўрмасдан ўсади. Уларга мактабда бериладиган билимларнинг аксарияти мавжуд тузумни легитимлигини мустаҳкамлашга қаратилган очиқ тадбирлардан иборат. Шимолий Корея мактабида таълим оладиган бола компьютер нима эканлигини билса катта гап. Ҳатто, уларда китоб ҳам етарлича эмас. Мактабни тамомлаган бола 10 йил давомида армияда хизмат қилиши керак. Шимолий кореялик ёшлар ўзларида хусусий мулк бўлмаслигини, бизнес билан шуғуллана олмасликларини ва фаровон ҳаётга эриша олмасликларини билишади.

Жанубий Кореяда эса ҳолат бутунлай бошқа. Жанубий кореялик ёшлар сифатли таълим олади, улар меҳнат қилишга ва ўзлари танлаган касб бўйича етук мутахассис бўлишга ундовчи рағбатларга рўбарў бўлади. Жанубий кореялик ўсмирлар тадбиркор ёки ишчи сифатида фаолият юритса, ўз меҳнатлари ва уринишлари мевасидан қачондир баҳраманд бўлишларига ишонишади.

Хулоса қиладиган бўлсак, Шимолий Кореядаги миллионлаб инсонларни очликка маҳкум қилган иқтисодий ҳалокат жанубдаги иқтисодий тараққиёт билан солиштирганда фавқулодда ҳодиса. Бир сўз билан айтганда, Шимолий Корея ва Жанубий Кореядаги ҳолатни «географик омил назария»си изоҳлай олмайди. Яъни, давлатларнинг бой ва камбағал бўлишига географик жойлашув сабаб эмас.


Фойдаланилган адабиётлар рўйхати: Дарон Ажемуғли ва Жеймс Робинсон «Мамлакатлар таназзули сабаблари».

Сардор Али