Урушнинг бир куни Украинага қанчага тушяпти?

Урушнинг бир куни Украинага қанчага тушяпти?

 Фото: Lipkan.com

Бугун — Украинада уруш бошланганининг 181-куни. Роппа-роса олти ой ёки ярим йил тўлди. Ғалати тасодиф: эртага — 24 август Украина мустақиллиги куни...

Украина бош вазири Денис Шмигал сешанба, 23 август куни ўтказилган ҳукумат йиғилишида Россия Украинага тўлақонли бостириб киргандан буён (24 феврал) мамлакат ўз мудофааси ва хавфсизлиги учун 420 млрд гривнадан зиёд (тахминан 11,4 млрд АҚШ доллари) маблағ сарфлаганини маълум қилди.

Юқоридаги 11,4 миллиард кунма-кун тақсимланадиган бўлса, урушнинг бир куни Украинага қарийб 63 млн доллардан тушмоқда.

Шмигалнинг таъкидлашича, мамлакат бюджетининг умумий харажатлари 24 февралдан бери қарийб триллион гривнани ташкил этди, яъни ҳарбий харажатлар Украина бюджетининг 40 фоизидан ошиб кетган.

Ҳарбий харажатларнинг деярли 70 фоизи — 288 млрд гривна ҳарбийларга маош тўлашга, 135 млрд гривна ҳарбий техника сотиб олиш ва таъмирлашга харжланган.

Иттифоқчилар Украинани яхши қўллашаётганини айтган бош вазир шу пайтгача 14 млрд долларлик мадад олинганини, йил охиригача яна 12-16 млрд долларлик ёрдамдан умид борлигини қўшимча қилган.