«Улар тарихни сохталаштириб, фитна назарияларини тарқатмоқда» – Еврокомиссия раиси

«Улар тарихни сохталаштириб, фитна назарияларини тарқатмоқда» – Еврокомиссия раиси

 Фото: Reuters

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Россия президенти Владимир Путин кўҳна қитъага уруш даҳшатини қайтарганини кескин танқид қилди.

23 август – Тоталитар ва авторитар режимларнинг қурбонларини ёдга олиш куни муносабати билан баёнот берган Европа сиёсатчиси яна бир карра Украина босқини ноқонуний эканини таъкидлади.

«Бу йил Путин Европага яна уруш даҳшатини қайтарди. Бу эса тинчлик шунчаки кафолатланган неъмат эмаслигини яна бир карра ёдга солди. Ўтмиш ҳақидаги изтиробли хотиралар олис мозийга хос эмас экан, Россиянинг Украинага ноқонуний ва ноҳақ уруши ўша изтиробларни қайта уйғотгандек бўлди. Биз ўтмишда адолатсизликларга қарши курашган жасур инсонларнинг аъмолидан илҳомланамиз. Шу кунларда ҳам ўша юксак вазифасини амалга оширишга мажбур бўлаётган эркагу аёлларга эса ўз ҳурматимиз ва далдамизни изҳор этамиз. Украина халқи Иттифоқимизнинг тамал қадриятларини ҳимоя қилиш учун ҳам ўз жонини фидо қилмоқда», – дейди Еврокомиссия раиси.

Қайд этилишича, бугун Россия пропаганда машинаси тарихни сохталаштириб, турли фитна назарияларни тарқатмоқда. Ёлғон ва ўтрикларга қарши чиққанлар эса аёвсиз жазоланмоқда.

«Биз дезинформацияга қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатларимизни изчил давом эттирамиз. Тоталитаризмга қарши курашганлар унутилиб кетишига асло йўл қўймаймиз», – дейди Урсула фон дер Ляйен.

Баёнотга кўра, Европа Иттифоқи аввал-бошданоқ уруш ва зулм-зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида таъсис этилган. Тинчликни барқарор қилиш, демократик қадриятларни илгари суриш, қонун устуворлиги ва фуқаролар ҳуқуқ-эркинликларини таъминлаш ҳамиша бош ғоя бўлиб қолади.

«Биз келгусида ҳам ушбу устувор қадриятларни қатъий ҳимоя қилишдан оғишмаймиз. Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлаймиз. Сизлар ғалаба қозонмагунча енгил нафас олмаймиз», – дея хулоса қилади Европа комиссияси етакчиси.

Тоталитар ва авторитар режимларнинг қурбонларини ёдга олиш умумевропа куни 2009 йил 23 августдан буён нишонланади. Гап шундаки, 1939 йилнинг 23 августида Германия ҳамда Совет Иттифоқи ўртасида Ҳужум қилмаслик ҳақида шартнома (Молотов – Риббентроп пакти) ҳамда унга илова тарзида махфий баённома имзоланган. Махфий ҳужжатга кўра, расмий Берлин ҳамда Москва Европада манфаатлар доирасини белгилаган, жумладан, Польша ҳамда Болтиқбўйи мамлакатлари ўзаро бўлишиб олинган. Ушбу битим 1939 йил 1 сентябрда Германиянинг Польшага бостириб киришига замин ҳозирлаган.

Кейинги йилларда Европа комиссияси тоталитар ҳамда авторитар режимлар, жумладан, фашизм, сталинизм ва коммунистик ҳукуматларнинг кирдикорларини очиш, мустабидлик қурбонлари хотирасини абадийлаштиришга катта эътибор қаратмоқда.