ЖССТ раҳбари пандемия тугашига оз қолганини маълум қилди

ЖССТ раҳбари пандемия тугашига оз қолганини маълум қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг навбатдаги баёноти кўпчилик учун умидбахш янгилик бўлди.

Маълум қилинишича, ўтган ҳафтада дунёда CОVID-19 оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони 5-11 сентябрь саналарига нисбатан 22 фоизга камайган. Бу 2020 йилнинг март ойидан буён қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Шунингдек, касалликка чалинганлар миқдори ҳам 28 фоиз пасайган. Яъни ўтган ҳафта давомида 3,1 миллион нафардан зиёд кишига коронавирус ташхиси қўйилиб, улардан қарийб 11 минг нафари вафот этган.

“Биз аввал пандемия якунига бу қадар яқин келмагандик, — дейди ЖССТ раҳбари. — Тўғри, ҳали коронавирус йўқотиш ва талафотларни келтириб чиқаришда давом этмоқда. Аммо ҳадемай уни тўлиқ жиловлашга муваффақ бўламиз”.

Таҳлилларга кўра, касалликни юқтириш билан боғлиқ асосий пасайиш динамикаси Ғарбий Тинч океани минтақаси мамлакатларида кузатилди — 36 фоиз.

Шунингдек, беморлар сони Африкада 33 фоиз, Шимолий ва Жанубий Америкада 27 фоиз, Европада 31 фоиз, Жануби-Шарқий Осиёда 25 фоиз камайган. Ўлим кўрсаткичлари ортиши эса фақат Африка қитъаси давлатларида кузатилган холос — 10 фоиз.

5-11 сентябрь кунлари инфекцияни энг кўп юқтирган беморлар Японияда рўйхатга олинди — қарийб 538 минг нафар. Кейинги ўринни 436 мингга яқин кўрсаткич билан Жанубий Корея банд этди. АҚШ эса 430 мингдан зиёд ҳолат билан учинчи поғонага кўтарилди.

Дунёда COVID-19дан ўлим кўрсаткичларининг катта қисми АҚШда қайд этилди — 2 минг 306 нафар. Иккинчи ўринда — Япония. Мамлакатда ҳафта давомида 1,6 мингдан зиёд бемор хасталикдан вафот этди. Россияда эса бу кўрсаткич 637 нафарни ташкил этди.