Путин Запороже АЭСни Россия назорати остига ўтказиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Путин Запороже АЭСни Россия назорати остига ўтказиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга Запорожье АЭСни Россия назорати остига ўтказиш тўғрисида кўрсатма берди.

Ҳужжат билан «Запорожье АЭСни эксплуатация қилиш ташкилоти» АЖ ташкил қилиниб, унга атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ўз ёки бошқа ташкилотларни жалб қилган ҳолда, фойдаланиш ва тугатиш бўйича фаолиятни амалга оширадиган ташкилот мақоми берилади.

Шунингдек, жорий йилнинг 30 сентябрига қадар берилган Запорожье АЭСнинг ишлашига тааллуқли барча рухсатномалар (лицензиялар) Россия қонунчилигига мос келадиган шунга ўхшаш ҳужжатлар берилгунга қадар амал қилиши белгиланди.

Юридик шахсларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, «Запорожье АЭСни эксплуатация қилиш ташкилоти» АЖ «Росатом» давлат корпорацияси таркибига кирувчи ва Россиядаги барча атом электр станцияларининг оператори бўлган «Росенергоатом» концернининг тўлиқ шўъба корхонаси ҳисобланади.

Запорожье АЭС Днепрнинг чап қирғоғида, Энергодар шаҳри яқинида жойлашган. Бу блоклар сони ва ўрнатилган қуввати бўйича Европадаги энг йирик атом электр станцияси  ҳисобланади (станцияда ҳар бири 1 гигаватт қувватга эга олтита энергия блоки мавжуд).

Украинанинг босиб олинган ҳудудлари қаторида АЭС ҳам март ойидан бери Россия назоратида. Россия томони буни «ядровий ва радиоактив материалларнинг сизиб чиқиб кетишининг олдини олиш» сифатида изоҳлаб келаётган эди.

РИА Новости нашрига кўра, Запорожье АЭСни эксплуатация қилиш бўйича тузилган Россия компаниясини Балаково АЭСнинг собиқ бош муҳандиси Романенко бошқариб келган. «Росенергоатом» тез орада станциянинг  барча ходимлари қайта ташкил этилаётган янги ташкилот таркибига ишга олинишини билдирган.