Еврокомиссия журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолаётгани ҳақида баёнот берди

Еврокомиссия журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолаётгани ҳақида баёнот берди

Жозеп Боррель ҳамда Вера Юрова.
Фото: Eврокомиссия

Сўнгги 10 йил ичида журналистларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноятларнинг 80 фоизида айбдорлар жазосиз қолган. Бу ҳақда Европа комиссияси вице-президентлари Жозеп Боррель ҳамда Вера Юрова томонидан 2 ноябрь – Халқаро журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолишига барҳам бериш куни муносабати билан берилган баёнотда сўз боради.

«Биз бу каби жиноятларнинг жазосиз қолишига барҳам беришимиз, қурбонлар ҳақи адолат тантанасини таъминлаб, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини ҳимоя қилишимиз лозим», – дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, қуролли зиддиятлар пайти «тўртинчи ҳокимият» вакиллари фаолиятига қасддан тўсқинлик қилиш, цензура, тазйиқ, таъқиб, ноқонуний ҳибслар кўп кузатилади. Айни пайтда уруш кетаётган Украинада ҳам Россия қўшини содир этаётган ваҳшийликларни фош этаётган бир неча журналист ва ОАВ ходими ўлдирилди ёки мажруҳ этилди.

«Зиддиятли ҳудудлардан хабар йўллаётган журналистлар, таъбир жоиз бўлса, бизнинг кўз ва қулоқларимиздир. Улар жойлардаги ҳодисаларни жамоатчиликка етказиш йўлида ўз ҳаётларини хатарга қўядилар. Уларнинг ОАВда эълон қилган аниқ ва холис репортажлари жамоатчиликнинг туб манфаатларига хизмат қилади: ҳисоботлар, суратлар ва янгиликлар қуролли зиддиятларнинг тадрижи ва якунига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши мумкин», – деб таъкидлайди Еврокомиссия расмийлари.

Таассуфки, журналистлар фақат уруш майдонидагина зўравонлик қурбони бўлаётгани йўқ. Тинч ҳаётда ҳам, виртуал оламда ҳам ОАВ вакиллари нафрат, таъқиб, жосусларча кузатув нишонига айланмоқда, гоҳида эса қатл этилмоқда.

Баёнотда таъкидланишича, Европа Иттифоқи бутун дунёда хатарли муҳитда фаолият юритаётган журналистларни қўллаб-қувватлаш йўлида чора-тадбирлар кўрмоқда. Жумладан, Европанинг «Инсон ҳуқуқлари ва демократия» глобал дастури доирасида журналистларга қарши жиноятлар учун жазонинг муқаррарлиги борасида кузатувлар йўлга қўйилмоқда. Европа комиссияси томонидан 2021 йилда қабул қилинган журналистлар хавфсизлигига доир тавсиялар ҳам муҳим аҳамият касб этади. 2022 йил 16 сентябрь куни тасдиқланган ЕИнинг «ОАВ эркинлиги тўғрисида»ги янги қонунида ҳам мустақил ва ҳурфикрли матбуотни ҳимоя қилиш устувор мақсад сифатида белгиланган.

«Давлатлар журналистларга қарши содир этилган барча жиноий хатти-ҳаракатларни суд тартибида, холис, мустақил, самарали, шаффоф тарзда, кечиктирмай тергов-тафтиш қилмоғи ва таъқиб этмоғи лозим. Журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолишига чек қўйиш керак. Адолат тантана қилиши шарт», – дея хулоса қилади Еврокомиссия вице-президентлари Ж.Боррель ҳамда В.Юрова.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош ассамблеяси 2013 йилда 68/163-сонли резолюция асосида 2 ноябрь санасини Халқаро журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолишига барҳам бериш куни деб эълон қилган.

Мазкур сана танлангани бежиз эмас. 2013 йилнинг 2 ноябрида Малидаги қуролли можароларни ёритаётган франциялик журналистлар – Гислен Дюпон ва Клод Верлон жангарилар томонидан ўлдирилган эди.