Киев Москва билан музокаралар бўйича ўз позициясини тушунтирди

Киев Москва билан музокаралар бўйича ўз позициясини тушунтирди

Фото: «РБК»
Украина президент офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Киев ҳеч қачон Россия билан музокаралардан бош тортмаганини таъкидлади, деб ёзади «РБК».

Унинг сўзларига кўра, Украинанинг позицияси маълум ва равшан: аввал Россия Украина ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқади, «кейин ҳаммаси амалга ошади».

«Путин тайёрми? Шубҳасиз. Биз эса конструктив баҳо берамиз: фақатгина Россия Федерациясининг навбатдаги раҳбари билан мулоқот қиламиз», — деб ёзган Подоляк.

Москва мулоқот учун очиқ эканини бир неча бор билдирган, бироқ Киев музокаралар столига ўтиришни истамайди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 7 ноябрь куни Россия Украина билан музокаралар учун очиқ эканини, бироқ ҳозир Киевнинг мулоқотдан бош тортган позицияси туфайли улар учун имконият кўрмаётганини айтди.

«Биз Россия томони очиқлигича қолаётганини ва музокаралар орқали ўз мақсадларига эришишга тайёрлигини бир неча бор айтганмиз. Аммо ҳозирча биз бундай имкониятни кўрмаяпмиз, чунки Киев Россия томони билан ҳеч қандай музокараларни давом эттирмасликни кодлаштирган, яъни қонунга айлантирган», — деди Песков.

30 сентябрь куни Россияга янги ҳудудларнинг қўшилиши бўйича референдумлардан сўнг Украина президенти Владимир Зеленский Владимир Путин билан музокара олиб бормаслигини айтди. «Россияни Путин бошқараётган пайтда ҳеч қандай музокара бўлмайди», — деган Зеленский. «Шунинг учун биз Россия билан мулоқотга тайёрмиз, аммо бошқа президент билан», - дея қўшимча қилган эди у.

Украина президенти, шунингдек, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қарорини амалга ошириш тўғрисидаги фармонни имзолаб, Владимир Путин билан музокара олиб бориш мумкин эмаслигини таъкидлаган.