Қирғизистон президентининг жияни «права» олиш учун саккизинчи марта имтиҳон топширади

Қирғизистон президентининг жияни «права» олиш учун саккизинчи марта имтиҳон топширади

Фото: РИА Новости

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ижтимоий тармоқлардан бирида жияни (укасининг қизи) саккизинчи бор ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун имтиҳон топширишга тайёрланаётгани ҳақида ёзди. Бу ҳақда Спутник хабар берди.
Жапаров мазкур тизимни назорат қилувчи «Унаа» давлат муассасаси фаолияти унинг шахсий назорати остидалигини айтди ва асосий эътибор ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибига қаратилиши зарурлигини таъкидлади. Президент ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олиш мумкинлиги ва айрим мансабдор шахслар, айниқса, ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаётганлар ўз яқинларига «права» олиб бериши ҳеч кимга сир эмаслигини эслатди.

Шунингдек, Қирғизистон раҳбари турли коррупцион схемалар тузиб, давлат хизматини даромад манбаи сифатида кўраётганлар борлигини таъкидлади. Жияни ҳақида тўхталар экан, Жапаров унинг саккизинчи марта «права» олишга уринишини тўғри ва таҳсинга лойиқ деб атади. Мамлакат фуқароларини бу борадаги «чириётган тизим»ни бартараф этишга ҳисса қўшишга чақирди. Президент баъзи одамлар компьютер имтиҳонидан ўтишни четлаб ўтаётгани, Жалолободдаги имтиҳонда дурбиндан фойдаланилганини таъкидлади.
"Пул ёки яқинларингиз орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш мумкин эмас. Бундай уринишлар бўлса, чоралар кўрилади", — деб ваъда берди у.
Жапаровнинг хулосасига кўра, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини яхши билиши туфайли йўллардаги бахтсиз ҳодисалар ва ўлимлар сони камаяди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Қирғизистонда президент кортежи иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганди ва аварияда Садир Жапаровнинг шифокори ҳалок бўлганди.