Украина бўйлаб янги ракета зарбалари. Асосий маълумотлар

Украина бўйлаб янги ракета зарбалари. Асосий маълумотлар

Andrew Kravchenko / AP / Scanpix / LETA

23 ноябр куни Россия қўшинлари Украина ҳудудлари бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллади. Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко россиялик ҳарбийлар «Украина энергия таъминот объектларини йўқ қилишга уринаётгани»ни айтди.

Украина расмийларига кўра, янги ракета зарбалари оқибатида уч регион тўлиғича электр таъминотисиз қолган: Киев, Одесса ва Черниҳив областлари.


«Укрэнерго» хабарига кўра, отишмалар туфайли Украинанинг барча ҳудудларида электр энергияси авариявий ўчирилиши мумкин. Бутун мамлакат бўйлаб интернет фаолиятида узилишлар кузатилмоқда. «Энергетик террор давом этмоқда», — деди Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак. Мамлакат президенти Володимир Зеленский Украина бўйлаб жами 67 ракета учирилганини хабар қилган. Полиция маълумотига кўра, сўнгги ҳужумлар оқибатида жами олти киши ҳалок бўлиб, 36 киши жароҳатланган.

Украинадаги барча атом электр станциялари энергия тизимидан узилган. «Энергоатом» вакили Леонид Олейник Жанубий-Украина АЭСнинг барча энергия блоклари тармоқлар узилишли туфайли фавқулодда ўчирилганини маълум қилди. «Станциялар билан барчаси яхши. Электр энергияси узатадиган жойнинг ўзи йўқ», — деган у «РБК-Украина» нашрига.

Хмельницкий АЭСнинг энергия блоклари ҳам энергия тизимидан узилган, бу ҳақда Хмельницкий области маъмурияти раҳбари Сергей Гамалий (Хмельницкий шаҳри буткул электрсиз қолган) маълум қилди. Украина нашрларига кўра, Ривне АЭС ҳам электр энергиясига талаб кескин қулаши туфайли фавқулодда ҳолат режимига ўтказилган. Кўп ўтмай Украина энергетика вазирлиги бугунги ракета зарбалари туфайли барча АЭСлар тўлиқ, ИЭС ва ГЭСларнинг аксари вақтинча ўчирилганини маълум қилди.

Лвив тўлиғича электр энергияси, иссиқлик ва ичимлик сувисиз қолган. Маҳаллий маъмуриятга кўра, Лвив областида икки ракета электр нимстанциясига келиб тушган, натижада уч район электр энергиясидан узилган. Лвив шаҳри мэри Андрей Садовий шаҳар тўлиғича электрдан узилганини маълум қилди. Электр энергияси узилиши туфайли, иссиқлик таъминоти ва ичимлик суви узатилиши ҳам вақтинча тўхтаган. Лвивда трамвай ва троллейбуслар ҳаракатланмаяпти, светофорларнинг 70 фоизи ишламаяпти, ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш тизими фаолиятида ҳам узилишлар бўлиши мумкин. Киев вақти билан соат 18:20 да Садовий истеъмолчиларнинг 50 фоизида электр таъминоти, 70 фоизида сув таъминоти тикланганини хабар қилди.

Киев шаҳри мэри Виталий Кличко пойтахт ракета зарбаси туфайли тўлиқ ичимлик суви таъминотисиз қолганини айтди. Ичимлик узатиш тўхтагач, дўконларда, шунингдек, сув тарқатиш пунктларида навбатлар юзага келган. Киевда, мэрнинг сўзларига кўра, инфратузилма объектларидан бири шикастланган. Гувоҳларнинг видеоларига кўра, зарбалар оқибатида бир неча автомобил ёниб кетганини кўриш мумкин. Кличконинг сўзларига кўра, шаҳарда уч киши ҳалок бўлган, улардан бири 17 ёшли қиз эди. Яна 11 киши жабрланган.

Киев областида ракеталар иккита турар жой биносига келиб тушган. Ҳудудий маъмурият раҳбари Алексей Кулебанинг айтишича, «Вишгороддаги кўп қаватли уйга ва Чабанидаги хусусий секторга зарбалар келган». Бу ерда бир киши ҳалок бўлиб, 20 киши жабрланган. Кулеба областда муҳим инфратузилма объектлари ҳам зарбага йўлиққанини қўшимча қилган.

Кишинёв ва Молдованинг бошқа аҳоли яшаш манзиллари электр энергиясисиз қолган. Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринбосари Андрей Спину хабар қилди. У электр ўчишини Украина РФ ҳарбийлари томонидан ўққа тутилиши билан боғлаган. «Бутун мамлакат бўйлаб ёппасига электр энергияси узилишлари кузатилмоқда», — дея хабар қилган у. Тан олинмаган Днестрбўйида ҳам электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Молдова президенти Майя Санду «Россия Молдовани зулматда қолдиргани»ни айтди. Россия элчиси Молдова ТИВга чақиртирилган.

скачать dle 12.0

Коммент қолдириш:


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив


Flag Counter