Қримда рус ҳарбийларига Shahed дронларидан фойдаланишни ўргатмоқчи бўлган эронлик ҳарбий маслаҳатчилар ўлдирилди

Қримда рус ҳарбийларига Shahed дронларидан фойдаланишни ўргатмоқчи бўлган эронлик ҳарбий маслаҳатчилар ўлдирилди

Фото: Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексей Данилов Қримда эронлик ҳарбий маслаҳатчилар ўлдирилганини маълум қилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Маълум қилинишича, эронликлар Қримда Россияга Теҳрон ҳукумати томонидан етказиб берилган Shahed-136 қуролли учувчисиз учоқларини бошқаришда ёрдам бермоқчи бўлган. Бунинг ортидан Украина ҳудудида Россия босқинини қўллаб-қувватлаган бошқа эронликлар ҳам нишонга олинишидан огоҳлантирган.


«Сиз бўлмаслигингиз керак бўлган жойда бўлмаслигингиз зарур. Эронликлар бизнинг ҳудудимизда эди. Уларни бу ерга таклиф қилганимиз йўқ, агар улар ‘террорчилар’ билан ҳамкорлик қилиб, халқимизни йўқ қилишда иштирок этса, биз уларни ўлдирамиз», — деди Данилов.

Украинада Эрон дронлари мавжудлигини рад этганидан кейин, Теҳрон Россияга дронларнинг «оз қисми»ни Украинадаги уруш бошланишидан бир неча ой олдин етказиб берганини даъво қилди. Теҳрон ишғол қилинган ҳудуддан россияликларга дронларни учиришга ёрдам бериш учун эронлик мутахассисларни юборганини рад этади.

«Эронликлар Россияни қурол билан таъминламаслигини таъкидламоқда, аммо буни тасдиқлаш керак. Бугунги кунда бизда бу тасдиқ борми? Йўқ. Дронларни ишлатиш ўргатилмагунча улардан фойдаланиш имкони йўқлигини биламиз. Русларнинг ақли дрон ишлашини тушунишга етмайди. Замонавий дунёда ҳеч нарсани яшира олмайсиз. Дронлар ҳақидаги маълумот қачон оммага эълон қилиниши вақт масаласидир», — дейди Украина расмийси.

Унинг сўзларига кўра, Эрон Россияга баллистик ракеталарни етказиб бергани ёки йўқлиги аниқ эмас.

«Биз бу саволга жавоб беришга ҳаракат қилмоқдамиз. Бундай эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Агар бу рост бўлса, у бизга иккита нарсани очиқлайди. Биринчидан, Россия ҳеч бўлмаганда урушни давом эттиришга имкон берадиган ракеталарни ишлаб чиқариш қобилиятига эга эмас. Иккинчидан, агар 1979 йилдан бери санкциялар остида бўлган давлат (Эрон) бундай қуролларни ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлса, қандай санкциялар ҳақида гапиряпмиз? Демак, қарорни ижро этиш борасида катта савол туғилади», — дея хулоса қилади Данилов.