Россия украинларнинг кейинги ҳужумига қарши тура оладими?

Россия украинларнинг кейинги ҳужумига қарши тура оладими?

Фото: Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Харкив ва Херсон йўналишларидаги муваффақиятдан сўнг украинларнинг навбатдаги ҳужум вектори Мелитопол бўлиши мумкин. Бу шаҳар катта сув билан тўсилмаган, Украина қуролли кучлари эса бу фронтда ҳали ҳужум уюштириб кўрмаган ва ўз кучини намойиш этмаган.

Хўш, Мелитопол Киевнинг қишки кампанияси учун бош мақсад бўла оладими ва Москва тайёрланаётган ҳужумни қайтара оладими?


Аввалги қарши ҳужумлар шуни кўрсатдики, Украина армияси ташаббусни ўз қўлига олиб, қарши жанг олиб бориш учун Россия қўшинларини ўз шартларини қабул қилишга мажбурлай олишди. Боз устига, уруш олиб бориш усуллари ва Ғарб давлатлари томонидан тақдим этилган энг замонавий қурол-яроғларни қўллашни ўрганиб олишди.

Киев Ғарб ишланмаларини муваффақиятли тарзда маҳаллийлаштириб, тактика ва стратегияни ўзгартирди. Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари ҳамон разведкада устунликка эга ва дронлар ҳамда иттифоқчиларининг имкониятларидан фойдаланиб, душманнинг ҳаракатларини кузатиб тура олади.

Қиш анъанавий тарзда жанговар ҳаракатлар учун фаол фасл бўлмаса-да, Украина қуролли кучлари куздаги муваффақиятларини ривожлантириши мумкин. Россия қўшинлари Донецкдан ташқари, барча фронтлар бўйлаб мудофаага ўтган, демак Киев яна зарба нуқтасини танлаши мумкин. Катта эҳтимол билан бундай жой Запорижжя бўлади. «Можем объяснить» канали Украина армиясининг ушбу фронтдаги стратегик устунлиги нимада эканлиги ва Украина армияси қайси воситалар билан Россия мудофаасини синдириши мумкинлигини тушунтирди.

Имкониятлар дарчаси

Россия армияси Днепр дарёси сўл соҳилига чекинишидан сўнг Херсон областининг бутун шарқий қисми, шунингдек оккупация қилинган Запорижжя областининг шимолий қисми Украина артиллерияси ва Американинг HIMARS қурилмалари зарба бериши мумкин бўлган радиусда қолди. Бу ушбу участкадаги фронт ортидаги таъминот чизиқларига жиддий зарба дегани. Украина қуролли кучлари аввал ҳам айнан шу тактикани қўллаган — таъминот чизиқлари ва омборларга зарба бериб, Россия армиясини Херсондан чекинишга мажбур қилган. Украина артиллерияси бундан кейин ҳам шундай объектларни нишонга олиши эҳтимоли юқори.

Днепр дарёсининг ўнг соҳилидан туриб жиддий артиллерия зарбаси бериш орқали назарий жиҳатдан нариги соҳилда турган ва айни пайтда сув чегараси бўйлаб истеҳком барпо этаётган Россия қўшинлари гуруҳини ушлаб туриш ҳам мумкин. Гуруҳнинг таъминоти жиддий тарзда қийинлашади, чунки Қримдан (Армянскда хандақ қазилмоқда) ва Мелитополдан келадиган йўллар ҳозир зарба остида бўлиб турибди.

Днепрнинг ўнг соҳилидан туриб Украина қуролли кучлари рус қўшинларининг бир қисмини ипсиз боғлаб, Россия армиясининг қайта гуруҳланиб олишига ва бамайлихотир захира олиб киришига қўйиб бермайди. Бу эса Киевга бўлажак ҳужум жойини яна танлаш имкониятини беради. Агар Донецк йўналишида Россия қўшинларининг ёпирилма ҳужумлари давом этаётган, жангга энг лаёқатли кучлар сафарбар қилинган бўлса, Запорижжяда ҳозирча мудофаа истеҳкоми қурилмоқда, жумладан Мелитопол атрофида.

Ҳозирча Украина кучлари келгусида бу фронтнинг қаеридан ҳужум бошлашини айтиш қийин. Лекин шуниси аниқки, Мелитопол ҳар икки томон учун стратегик аҳамиятга эга. Боз устига, Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) Украина аллақачон бўлажак ҳужум учун артиллерия тайёргарлигини бошлаб, Россия кучлари жамланмаси ва йўлларга зарба бераётганини айтмоқда.

Ҳарбий эксперт Алексей Мелникнинг сўзларига кўра, «Қандайдир илгарилашлар ёки рус қўшинлари бўлинмасига ўша Мелитопол ёки Мариупол томон йўлнинг кесилиши шундай жараёнларни келтириб чиқарадики, улардан кейин урушнинг бориши батамом ўзгарди дейиш мумкин бўлади. Чунки бу шаҳарларнинг олиниши Украина қуролли кучлари учун Перекоп бўйнига ва Қримга йўл очади ва Россиянинг асосий кучларини яриморолдан узади.

Бундан ташқари, Днепр дарёсининг сўл соҳилида жойлашган гуруҳни ўраб олиш Киев учун энг оптимистик сценарийларда улкан оловли қуршов яралиши ва Россия учун бир неча ўн минглаб жиддий йўқотишларга олиб келади.

Нима билан ҳужум қилинади?

Қиш ҳар қандай ҳужумкор операция учун бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Биринчидан, ёз ва кузда ўзини яхши томондан намойиш этган техникалардан паст ҳарорат ва қорда нечоғлик фойдаланиш мумкин. Иккинчидан, ҳар қандай ҳужумкор юриш қуруқликдаги қўшинлар ҳаракатини тақозо этади. Қишда бу жуда оғир: эгнидаги қалин кийимларига қарамасдан одамлар совуқ қотишади, касал бўлишади ва ҳолдан тойишади. Учинчидан, ҳаракатланувчи нишонлар, айниқса катта гуруҳлар қор устида ҳаводан туриб аниқ кўринади, бинобарин, депсиниб қолган ҳар қандай ҳужум душман артиллерияси ва авиацияси учун шу заҳоти нишонга айланади.

Афтидан, операцияга тайёргарлик босқичида Украина кучлари йўллар ва Россия қўшинлари жамланмасига зарба беришда давом этишади. Боз устига, ҳозир инженерлик қўшинлари Мелитопол ва Мариуполга элтувчи йўлларни мустаҳкамламоқда, бу участкаларда махсус техникаларни жамлашган, бу эса уларни артиллерия ва HIMARS баравар ўт очиш тизимлари учун осон нишонга айлантиради.

Ғарб давлатлари баёнотига кўра, Киевда янги имкониятлар яқин орада пайдо бўлмайди. АҚШ Украина армиясини қўшимча Humvee йўлтанламаслари билан таъминлашга ваъда берди. Улар назарий жиҳатдан қорда яхши юра олса-да, ёпирилма ҳужумда кўп ҳам ёрдами тегмайди. Иттифоқчиларнинг асосий ёрдами ҳозир Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлашга қаратилган.

Бироқ шу фактни ҳам унутмаслик керакки, Херсондаги муваффақият Украина қуролли кучларига эҳтимолли ҳужум учун кучларни бўшатиш ва ротация қилиш имконини беради. Бу йўналишда худди Россия қўшинлари каби катта кучлар ва энг тажрибали бўлинмалар сафарбар қилинган эди. Энди улар Запорижжя областига янги ҳужум учун ёки ва Донецк йўналишида ҳужумни қайтариш учун ташланиши мумкин.

Аввалги тажрибаларидан келиб чиқиб, Киев Россия логистикасининг заиф нуқталаридан фойдаланишда давом этиши мумкин. Россия қўшинлари учун таъминот муаммога айланган аввалги сафарларда Москва кучларни ҳудуддан олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қиларди. Аввалига Киев остонасида шундай бўлди, кейин бу ҳол Илонли (Змеиний) оролида, Харкив областида ва Херсонда кузатилди. Бироқ ўшанда Россия генералларида орқароқдаги аввалдан тайёрланган марраларгача чекиниш имконияти бор эди. Мелитопол, ундан сўнг Мариуполга ҳужум қилинганида уларда бундай имконият бўлмайди.

Москва бунга қарши нима қила олади?

Қайсидир маънода, Россия қўшинлари ҳам Херсондаги мағлубиятдан сўнг нафас ростлаб олди. Энг тажрибали ҳаво-десант қўшинлари бўлинмалари ва Қримдан келган соҳил ҳимояси батальонлари ортга чекиниб, фронтнинг бошқа участкасига ўтказилди.

Катта эҳтимол билан улардан Москва ҳужумкор юришни ривожлантиришни истаётган Донецкда фойдаланилади. Запорижжядаги мустаҳкамланган позицияларга кучсиз тайёрланган сафарбар қилинганлар ва кўнгиллилар қўшилмаси жўнатилиши мумкин.

Бундан ташқари, Ғарбнинг ёрдамига қарамасдан, Россия армияси ҳамон артиллерия ва авиация борасида Украинаникидан устунроқ бўлиб турибди. Электр ва иссиқлик таъминотини келтириб чиқарган шаҳарларга ёпирилма бомбардимон қилинганини ҳам назардан қочирмаслик керак. Совуқ тушиши билан бу омил катта рол ўйнаши мумкин. Россия ракеталари Запорижжя фронтига яқин бўлган Запорижжя ва Кривий Риҳ шаҳарларига айниқса кўпроқ тушмоқда.

HIMARSʼларни яқинроқ позициялар (Херсон)га ўтказиш Киев учун ҳам, Москва учун ҳам фойдали бўлиши мумкин. Фронт чизиғига яқинлашган Америка тизимлари Эрон дронлари ва авиация нишонига айланиши мумкин. Бундай тўқнашув натижаси ҳозир тинч шаҳарларга ёғдирилаётган ракеталарни уриб тушириш тўлиқ сафарбар қилинган Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари имкониятига боғлиқ бўлади.

Улкан қуршов

Москва учун негатив сценарийда Украина армияси яқин ҳафталар ичида қайта сафланиб, Запорижжяга ҳужумга тайёргаликни бошлаши мумкин. Бу ҳақда областнинг оккупация қилинган ҳудудларида Россия позициялари ва йўллар ўққа тутилиши ҳам, эксперт ва ҳарбийларнинг баёнотлари ҳам далолат бериб турибди. Муваффақият қозонилган тақдирда Россия қўшинларининг катта гуруҳи қуршовда қолиб, фақат Перикоп бўйни орқали Қримга чекиниши мумкин бўлади.

Бу ҳужумни фақат қиш ҳамда Россия армиясининг бошқа йўналишларида, биринчи навбатда Донецкдаги эҳтимолли ғалабалари тўхтатиши мумкин. Агар Россия армияси ва хусусий ҳарбий компанияларни тўхтатиш учун каттароқ куч керак бўлса, Киев Мелитополга ҳужум қилишни тўхтатиб туришга мажбур бўлади. Бу эса Москвага нафас ростлаш учун зарур фурсатни тақдим этади ва позицияларни мустаҳкамлаш имкониятини яратади.

Бироқ ҳаттоки шу ҳолат ҳам одатий тарзда Россия қўшинларининг «Ахилл товони»га (заиф нуқтаси) айланган таъминот муаммосини ҳал қила олмайди. Ўқ ёмғири остида қолган йўллар Днепр узра солинган кўприклардек муҳим бўлмаса-да, қишки музлама ва бўлажак баҳорги лойгарчиликлар шароитида улар устидан назорат муҳим аҳамият касб этади.


Коммент қолдириш:


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив