Туркманистон президенти амакиваччасини бардаги муштлашуви учун ишдан бўшатди

Туркманистон президенти амакиваччасини бардаги муштлашуви учун ишдан бўшатди

Сердар Бердимуҳамедов яқин қариндоши Аҳмет Гелдимуродовни ўта маст ҳолда прокурорни ургани учун юқори лавозимдан бўшатган.
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов амакиваччаси Аҳмет Гелдимурадовни «Туркменгаз» давлат концерни раиси ўринбосари лавозимидан озод қилди. Сабаби — Ашхободдаги барлардан биридаги муштлашув.
Гелдимурадов барда ўта маст ҳолатда юқори лавозимли прокурорнинг бошига шиша билан туширган. Turkmen.news хабарига кўра, воқеа тахминан бир ой олдин содир бўлган.

Муштлашув муассаса ичидаги видеокузатув камераларига тушиб қолган. Манбанинг айтишича, кейинчалик видео президент ва унинг отаси Гурбангули Бердимуҳамедовга кўрсатилган. Орадан кўп ўтмай жанжалчи ишдан бўшатиб юборилган. Маълум қилинишича, энди у оиласи билан дам олиш учун Дубайга жўнаб кетган.

Хабарда таъкидланишича, Аҳмет Гелдимурадовни лавозимга тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш тўғрисида бирорта ҳам расмий фармон эълон қилинмаган. Аммо 2021 йил октябр ойида Теҳронда ўтказилган Туркманистон-Эрон иқтисодий қўшма комиссияси иштирокчилари рўйхатида Аҳмет Гелдимурадов «Туркменгаз» давлат концерни раиси ўринбосари сифатида кўрсатилган.

Аҳмет Гелдимурадов собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг кичик сингли Мяҳри Бердимуҳамедованинг ўғлидир. Унинг Малайзияда таҳсил олгани маълум.


Коммент қолдириш:


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив