Рамзан Қодировни танқид қилган чеченистонлик блогер Тумсо Абдураҳмонов тирик экан

Рамзан Қодировни танқид қилган чеченистонлик блогер Тумсо Абдураҳмонов тирик экан

Фото: EPA
Ғойиб бўлган чеченистонлик блогер Тумсо Абдураҳмонов тирик, у Мюнхенда укасига суиқасд уюштирилиши ҳақидаги иш бўйича кўрсатмалар беришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Швеция радиоси суд вакили Лоран Лафлерга таяниб хабар берди.

Аввалроқ ОАВларда ўлдириб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалган чеченистонлик блогер соғ-омонлиги ҳақида собиқ чечен дала қўмондони Аҳмед Закаев ҳам маълум қилган.
Абдураҳмонов Швеция полицияси ҳимояси остида бўлиб турибди, дея ўз-ўзини республика деб эълон қилган Чеченистон Ичкерия Республикаси ҳукумати матбуот хизмати вакили Закаев «Кавказ.Реалии» нашрига маълум қилди. Матбуот хизмати вакили «ўз манбалари»га таянган. У Абдураҳмонов ҳимоя остида бўлиб туриши сабабига аниқлик киритмади.
Тумсо Абдураҳмонов ўлдириб кетилгани ҳақидаги илк хабарлар 1 декабрдаёқ пайдо бўлган эди. Ҳуқуқ ҳимоячилари айтишича, у ва укаси алоқага чиқмай қўйган. Бир неча кундан кейин эса Чеченистоннинг 1АDАТ мухолифатчи Telegram-канали ҳамда «Радио Свобода» (унинг сафдошларига таяниб) унинг ўлдириб кетилгани ҳақида хабар берди. Абдураҳмонов сўнгги йилларда яшаб келган Швеция полицияси унинг ўлимини тасдиқламаган.
8 декабрь куни эса «Кавказский узел» Тумсо Абдураҳмоновнинг ўлдирилганини унинг қариндошлари ҳам, Швеция полицияси ҳам, Чеченистон ҳукумати ҳам тасдиқламагани ҳақида ёзган.
Чеченистон Ичкерия Республикаси — Чеченистон ҳудудида 1993—1999 йилларда мавжуд бўлган, ўз-ўзини республика деб эълон қилган, Россиядан мустақил бўлган республика. Иккинчи чечен уруши чоғида йўқ қилинган, унинг якунида Чеченистонга унинг ҳозирги етакчиси Рамзан Қодировнинг отаси Аҳмад Қодиров раҳбар бўлган.
Тумсо Абдураҳмонов Чеченистон ҳукуматига нисбатан танқидлари билан машҳур бўлган. 2015 йилда у Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг қариндошлари билан низо юзага келганидан кейин Россияни тарк этганди. Швецияда у сиёсий қочқин мақомини қўлга киритган.
Чеченистонда Абдураҳмонов ИШИД билан алоқаларда айбланмоқда. 2020 ва 2021 йилларда Абдураҳмонов ва унинг укаси Муҳаммадга суиқасдлар уюштирилганди. 2021 йил декабрида Тумсо Абдураҳмонов Чеченистонда унинг тўққиз нафар қариндоши қўлга олинганини маълум қилганди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.


Коммент қолдириш:


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив