«Иттифоқ, АЭС, газ, савдо, ҳарбий ҳамкорлик» - Лукашенко ва Путин суҳбати мазмуни

«Иттифоқ, АЭС, газ, савдо, ҳарбий ҳамкорлик» - Лукашенко ва Путин суҳбати мазмуни

Фото: ТАСС

Беларус пойтахти Минск шаҳрида кенг таркибда Беларус-Россия музокаралари ўтказилди. Тадбир якунида икки мамлакат раҳбарларининг мулоқоти бўлиб ўтди. Суҳбатни Беларус президенти Александр Лукашенко бошлади.

У ташриф буюрган делегацияга миннатдорчилик билдирди ва Беларус-Россия алоқаларининг мустаҳкамланиши дунёдаги вазиятнинг ўзгаришига табиий жавоб бўлгани, бунда иккала томон ҳам синовдан ўтаётганини, савдо муносабатлари мунтазам ўсиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, икки давлатнинг сўнгги пайтлардаги мунтазам учрашувлари Ғарбни хавотирга солаётганини эслатди.

«Ишонаманки, баъзи қўпол қирраларга қарамай, биз ҳали ҳам турли чақириқ ва таҳдидларга самарали жавоб топамиз. Давлатларимизнинг янада яқинроқ интеграциялашуви бўйича қабул қилинган қарорлар ҳар қандай пандемия, инқироз ёки санкцияларни биргаликда енгиб ўтиш мумкинлигини бутун дунёга яна бир бор намоён этмоқда», деди Лукашенко.

Шу билан бирга, Беларус раҳбари ҳар иккала мамлакат бошқа давлатлар, жумладан, Европа давлатлари билан мулоқотга очиқ эканини, тез орада улар ақлга қулоқ тутишидан умидвор эканини таъкидлади.

«Ҳар қандай ҳолатда Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин қилинган хатоларни такрорламаслигимиз керак. Шу туфайли устувор вазифамиз - нозик иқтисодий масалаларни ҳал этиш, ижтимоий-сиёсий соҳада амалга ошираётган ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаш», деди Лукашенко.

Беларус раҳбари биргаликдаги ҳаракатлар туфайли санкциялар босимининг салбий оқибатлари енгиб ўтилганини, Беларус ва Россия иттифоқи дастурлари бўйича яхши иш кетаётганини, барча соҳаларда маълум ютуқлар бўлса-да, ҳозирча ҳаммаси ўз самарасини бергани йўқлигини, бу эса тараққиётни орқага сураётганини айтди.

«Ҳукуматлар, сиз ва менсиз, Владимир Владимирович, муайян масалаларда келишувга эришиш мумкин эмас, деб ҳисобламоқда. Бугунги учрашувимизнинг сабаби ҳам шу. Майли, келинг, яна бир бор муаммоларни батафсил муҳокама қилайлик, керак бўлса, тегишли сиёсий қарорлар қабул қилайлик», деб хулоса қилди Лукашенко.

Россия президенти Владимир Путин беларуслик ҳамкасбига миннатдорчилик билдирди.

У Россия билан Беларус сўнгги пайтларда хавфсизлик масалаларига, халқаро майдондаги ҳамкорликка катта эътибор қаратаётганини таъкидлади.

«Беларус нафақат сўнгги ўн йилликлар давомидаги яхши қўшнимиз, балки тўлиқ маънода иттифоқчимиз», деди Путин.

Россия раҳбари 2021 йилда иккала мамлакат савдо-иқтисодий алоқалари ривожланиб, учдан бирга ошгани ва 38,5 миллиард долларга етганини таъкидлаб, «бу жуда яхши ва муҳим кўрсаткич», деди. Бу йилги кўрсаткич 40 миллиардга етишини маълум қилди.

Путин энергетика масаласига, жумладан Россия томонидан Беларусда қурилаётган атом электр станциясига ҳам тўхталди.

«Биз деярли барча соҳаларда фаол ишлаяпмиз. Энергетика соҳасида ҳам. Россия, ўз зарарига бўлса-да, ядровий лойиҳани давом эттирмоқда, биз атом электр станциясини қурмоқдамиз. Биринчи блок ишламоқда ва у қанча газ ўрнини босади? Тахминан 4,5 миллиард кубометр газ ўрнини босади», деди Путин.

Лукашенко унинг гапини бўлиб: «Зарар нимада, тушунтириб беринг, акс ҳолда улар газ сотяпти деб ўйлаши мумкин», деди.

Бунга жавобан Путин: «Биз 4,5 млрд газ етказиб беришимиз мумкин эди, лекин бунинг ўрнига электр станцияси ишлаяпти. «Газпром» бу газни Беларус бозорига етказиб бериши мумкин эди, лекин энди етказиб бермаяпти», деди.

Шунингдек, Россия президенти АЭС лойиҳасини янада ривожлантиришга, ишлашга, блокларни қуришга тайёрлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, Путин молия секторидаги, жумладан, Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти доирасидаги ўзаро ҳамкорлик, ҳарбий-техникавий, технологик, космик соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини айтди.

«Буларнинг барчаси бизнинг эътиборимиз доирасига киради ва менимча, бугун биз идоралар, умуман, ҳукуматлар томонидан амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилишимиз, яқин келажакдаги режаларимизни кўриб чиқишимиз керак», деди Путин.