Сўнгги йирик фойдадан айрилиш. Россия нефт нархининг юқори чегарасига жавобан қандай чоралар кўрди?

Сўнгги йирик фойдадан айрилиш. Россия нефт нархининг юқори чегарасига жавобан қандай чоралар кўрди?

Фото: ALEXEI DANICHEV/POOL/TASS

Россия президенти Владимир Путин Ғарб давлатларининг Россия нефт нархига максимал чегара қўйишига қарши жавоб чоралари тўғрисидаги фармонни имзолади. Унга кўра, Россия 2023 йил феврал ойидан бошлаб ушбу санкцияларга «тўғридан тўғри ёки билвосита» қўшилган мамлакатларга нефт етказиб бермайди. Бу схема амалда қандай ишлаши ҳозирча номаълум.

Нарх чегараси бўйича шартномага қўшилган давлатларга нефт сотишга тақиқ 2023 йил 1 февралдан кучга киради. Путиннин фармонида Россия нефт етказиб беришни тўхтатувчи давлатлар рўйхати йўқ. Қолаверса, Путин алоҳида бандда ушбу фармонни четлаб ўтиш учун махсус рухсатнома бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолган.

2 декабр куни G7 давлатлари ва уларнинг иттифоқчилари Россия нефтининг максимал нархи чегарасини расман тасдиқлади. Ушбу келишув Европа Иттифоқи энг юқори нарх 60 доллар бўлишига розилик билдирилгандан сўнг дарҳол имзоланди.

«Бу қарор Россия Украинага қарши тажовузкор урушдан фойда кўришига йўл қўймаслик учун қабул қилинган», дейилади баёнотда. Бироқ айни пайтда «жаҳон энергия бозорлари барқарорлигини қўллаб-қувватлаш» ва Россия босқинининг «салбий иқтисодий оқибатларини минималлаштириш» кўзлангани ҳам қўшимча қилинган.

Мавҳум жавоб чораси

Владимир Путиннинг Россия нефтига максимал нарх жорий этишга жавоб бериш тўғрисидаги фармони иложи борича умумий тарзда ёзилган. Фармонда бу чеклов қандай ишлаши ва умуман ишлаши аниқ кўрсатилмаган. Ҳужжат нефт етказиб бериш бўйича шартномаларда нефт нархининг юқори чегараси механизми тўғридан тўғри ёки билвосита назарда тутилган» бўлса нефт ва нефт маҳсулотларини якуний харидорга етказиб беришни тақиқлайди. Россия расмийлари харидор билвосита чекловларга риоя қилаётганини қандай билиши ёки тушуниши номаълум.

Россия унинг нефти нархига максимал қиймат белгиланишига жавоб тайёрлаётгани ҳақидаги хабарлар ОАВда декабр ойи бошидан тарқалганди. Ва хабарлардан бу жавоб чорасида нимадир нотўғри экани маълум бўлди.

Декабр ойи бошида Bloomberg ўз манбаларига таяниб, иккита аниқ чора ҳақида ёзди. Биринчиси, расмийлар Россия нефтининг минимал нархини белгиламоқчи эди. Яъни нефтни ушбу нархдан арзон сотиш тақиқланади. Иккинчидан, максимал чегирмани белгилаш имконияти муҳокама қилинган. Яъни Россия нефти Brent ва бошқа халқаро нефт навларидан қанчалик арзон бўлиши мумкинлиги. Бундай чоралар, назарий жиҳатдан, ҳақиқатан ҳам санкцияларга қўшилган давлатларга нефт етказиб беришни чеклаши мумкин эди.

Bloomberg мақоласидан тахминан бир ҳафта ўтгач, «Ведомости» нашри янада юмшоқроқ версиялар ҳақида ёзди. Унга кўра, биринчи версияда, нефтни максимал нарх шартномасига «расмий равишда қўшилган» мамлакатларга етказиб беришни тақиқлаш кўзда тутилган. Иккинчи версияда эса агар шартномада етказиб беришда бир баррел учун 60 доллар нарх кўрсатилган бўлса, етказиб беришни тақиқлаш режалаштирилган. Аммо ҳозирги фармонда бундай аниқ чоралар ёзилмаган.

«Ведомости» фармондан ташқари, РФ энергетика вазирлиги қонуности ҳужжатларини эълон қилиши, унда, масалан, чегирманинг максимал миқдори белгиланишини ёзганди. Балки Россия расмийлари шу йўл билан нефт етказиб беришдаги чегирмаларни чеклашнинг мослашувчан механизмини ишлаб чиқишга ҳаракат қилгандир.

Бу нега керак?

Кўринишидан, Россия нефти экспорти декабр ойидан пасайишни бошлади. Bloomberg нашри маълумотларига кўра, Европа нефт эмбаргосининг биринчи ҳафтасида Россия нефтининг денгиздан етказиб берилиш ҳажми 54 фоизга қисқарган, бу – қисман техник пасайиш билан ҳам боғлиқ ва етказиб беришнинг бир қисми вақт ўтиши билан яна тикланади.

Таҳлилчилар нефт экспорти нафақат Европага, балки, Ҳиндистон ва Хитойга ҳам камайганини ёзган. Бошқа томондан якуний харидорни кўрсатмасдан нефт етказиб бориш ҳажми ошган. Бу дегани рус нефти савдоси «кулранг схема»га ўтиши мумкин.

Бундан ташқари, нефт нархи ҳам пасайиб кетди. Brent навли нефт икки ой ичида 10 доллардан кўпроқ арзонлашди. 20 декабр куни бир баррел Brent нефти тахминан 85 долларга баҳоланди. Лекин Россия Brent эмас, балки Urals навли нефтни бозор нархидан 30 доллардан ортиқроқ чегирма билан етказиб беради. Аммо келгуси йилдан давлат бюджети бир баррел учун 70 доллардан шакллантирилади. Бюджет эса шундоқ ҳам дефицитда.

Эҳтимол, етказиб бериш ҳажми пасайиши ва нархлар тушишини ҳисобга олган ҳолда, россиялик амалдорлар шунчаки нарх чегарасига «жавоб» эълон қилиш имконини берадиган механизмни ўйлаб топишга қарор қилган, лекин шу билан бирга «ўзларининг оёқларига ёки бюджетига отмасдан». Тахминан худди шундай ҳодиса «рубл учун газ» схемаси билан ҳам содир бўлган.

Максимал нарх қандай ишлайди?

Ғарб давлатлари нефт нархига максимал чегара ўрнатиш орқали Россиянинг нефт экспортидан даромад олишига тўсқинлик қилишга уринмоқда.

Тақиқ нафақат Россиядан бир баррели 60 доллардан қиммат бўлган нефт ва нефт маҳсулотларини сотиб олишга, балки бундай нефтни исталган мамлакатга ташиш, молиялаштириш ва денгиз орқали етказиб беришни суғурталашга ҳам тегишли.

«Нефтни танкерларда ташишда устунлик Грецияда, суғурта Лондонда ва савдо Швейцарияда жамлангани сабабли Россия нафақат санкцияларга қўшилмаган давлатлар орасидан янги харидорларни излашга, балки дунёга нефт етказиб бериш учун умуман янги етказиб бериш занжирини қуришга мажбур бўлади», дея тушунтиради BBC журналисти Алексей Калмиков.

Жаҳон нефт бозорининг бундай кенг кўламли қайта тузилиши Россияда нефт қазиб олишнинг кескин пасайиши ҳамда дунёда нефт маҳсулотлари ва хомашёси нархлари ошишига олиб келиши мумкин. «Нарх чегараси» ушбу икки омилдан ҳам қочишга имкон қолдириши керак.

2030 йилга бориб Россиянинг жаҳон энергетика бозоридаги улуши 2021 йилги 20 фоиздан тахминан 13 фоизгача камаяди. Халқаро энергия агентлиги (IEA) тахминига кўра, бу вазиятдан АҚШ ва Яқин Шарқ мамлакатлари фойда кўради, Кремль эса 1 триллион долларга яқин экспорт тушумидан маҳрум бўлади.