Тожикистондаги зилзила Сарез кўлига яқин ҳудудда кузатилган. Бу Ўзбекистон учун қандай хавф туғдиради?

Тожикистондаги зилзила Сарез кўлига яқин ҳудудда кузатилган. Бу Ўзбекистон учун қандай хавф туғдиради?

23 феврал куни содир бўлган Тожикистондаги ер силкинишларининг барчаси Амударё дарёсининг бошланиш қисми ҳисобланадиган Панж дарё ҳавзасидаги Сарез кўлига жуда яқин ҳудудда кузатилган.

Мутахассис Эркин Абдулаҳатовнинг маълум қилишича, Сарез кўли Панж дарёсининг Бартранг ирмоғи дарасига 1911 йилнинг баҳорида 7,1 магнитудали зилзила оқибатида тоғ кўчиб тушиб, дарадаги Мурғоб дарёсини «бўғиб» қўйиш ҳисобига вужудга келган бўлиб, айни пайтда кўлнинг табиий тўғони хавфли саналади ва унда ёриқлар пайдо бўлгани ҳақидаги иддаолар ҳам бор.

Бугун содир бўлган зилзилалардан бирининг эпимаркази эса айнан Сарез кўлига жуда яқин ҳудудда қайд этилган.

«Тўғри, Сарез кўли ҳосил бўлганидан сўнг ҳозиргидан кучли зилзилаларнинг кўпи ва ундан кучлиларига «гувоҳ» бўлган. Аммо, зилзила ва афтершоклардан сўнг тожик томон тўғон ҳолати ҳақида маълумот бериб ўтса ёмон бўлмасди», – дейди мутахассис.

Эркин Абдулаҳатов, шунингдек, Тожикистон баланд тоғлари орасида бир аср муқаддам табиий йўл билан ҳосил бўлган Сарез кўли тўғонидаги эҳтимолий фалокат Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларига зарар етказиши мумкинлиги акс этган харитани эълон қилади. Харитадан кўринадики, бунда Ўзбекистоннинг Амударё бўйлари, хусусан Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида сув тошқини хавфларини юзага келтиради.
Ўз вақтида, яъни 2020 йилнинг ноябрида британиянинг  Daily Mail нашри ҳам Сарез кўлининг қўшни давлатларга хавфи ҳақида катта мақола эълон қилиб, кўлни «секин ҳаракатга келувчи бомба» деб атаган эди. 

1999 йилда мазкур кўлнинг сейсмик фаол ҳудудда жойлашгани эътиборидан халқаро экспертлар ўрганиш ишларини олиб боришган ва ўрганишлар якунида БМТ баёноти эълон қилинган.

Унга кўра, сув тошқини хавфи Бартанг, Панж ва Амударёдан пастга, эҳтимол Орол денгизигача етиб бориши ва бу Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистондаги кўплаб аҳоли яшаш пунктларига ўз таъсирини кўрсатиши айтилади. Шунингдек, Помирнинг ноёб биологик хилма-хиллиги ва ғарбий Тожикистондаги бир қанча табиий қўриқхоналарни хавф остида қолдиради. Улардаги жуда кам учрайдиган қор қоплони ва Бухоро қизил буғуси каби халқаро миқёсда қўриқланадиган турлар, қолаверса, Бартанг водийсининг ўзида мавжуд бўлган ва дунёнинг бошқа ҳеч бир жойида учрамайдиган 1200 дан ортиқ турли ўсимликлар дунёсига зарар етказади.
Халқаро экспертлар, ўз навбатида, вазиятни олдиндан баҳолаш ва тайёрланиш эҳтимолий табиий офат оқибатларини юмшатини таъкидлайдилар.

Ушбу хавф омилларига кўплаб ечимлар таклиф қилиб келинган. Хусусан, ГРЭС сифатида фойдаланиш, туннел қазиб сувни Панж дарёси орқали Амударёга қуйиш ваҳк. Шу маънода Тожикистон ҳукумати кўлдан манфаатли фойдаланиш мақсадида Эрон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига ичимлик суви етказиб бериш таклифини илгари сурган. Бу масала Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан учрашувида, ҳам муҳокама қилинган. Унда Тожикистоннинг Сарез кўли ичимлик сувидан биргаликда фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилиши маълум қилинган.

Ниҳоят, 2018 йилга келиб, Тожикистон ва Хитой ўртасида Сарез сувидан ҳамкорликда тижорат мақсадларида фойдаланиш бўйича шартнома имзолашга эришилган. Бироқ, бу режа ҳам ҳудди юқоридаги таклифлар сингари кўл тоғнинг чўққисида жойлашганлиги ва у ерда улкан миқдорда сув тўпланганлиги, бу муаммони ечиш учун улкан молиявий, илмий-техник воситалар керак бўлгани сабабидан ортга сурилиб қолаверган. 

Маълумот учун, 100 йилдан ортиқ давр мобайинида йиғилиб келаётган сувнинг ҳозирги кундаги ҳажми 17 км кубдан ортиб кетган. Кўлнинг узунлиги 70 километрга чўзилиб, унинг чуқурлиги 500 метрга яқин.

Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбари Рустам Назарзода 2021 йилнинг февралида Осиё тараққиёт банки ажратган 750 минг доллар миқдорида грант эвазига Сарез кўлида янги мониторинг ва эрта огоҳлантириш тизими ишга туширилишини маълум қилган эди. Ҳозирда тўғонда кечаю кундуз ишлайдиган кузатув пости мавжуд бўлиб, операторлар кузатиш нуқталарида сув белгилари ва бошқа параметрларни доимий равишда кузатиб борадилар.