Россиялик блогерлар ўзбек миллий таомларини дунёга танитмоқда

Россиялик блогерлар ўзбек миллий таомларини дунёга танитмоқда

“Summerdays” YouTube канали юритувчилари россиялик блогерлар Денис ва Таня Андижонга саёҳат қилишди.

Денис ва Таня гастрономик туризм бўйича блог юритиб, ўз обуначиларини ўзбек ошхонасининг ўзига хос хусусиятлари билан таништириб боришади.

Денис ва Таня Андижон шаҳрига келган кунидаёқ машҳур “андижонча чойхона палови”нинг тайёрланиш жараёнини суратга олди ва ўз каналида жойлаштирди. Ушбу видеолавҳа аллақачон 186 минг мартадан ортиқ томоша қилинди.

Вилоятга келганларига тўрт кун бўлган влогерлар бугунгача Избоскан туманидаги хонадонлардан бирида шавла тайёрланиш, Андижон туманидаги хонадонлардан бирида “уй оши” тайёрланиш, Шаҳрихон шаҳридаги пичоқчи ҳунармандларнинг миллий пичоқ тайёрлаш жараёнлари ҳақидаги видеолавҳаларни ўзларининг YouTube каналларига жойлаштиришди. Видеолавҳалар 540 минг мартадан ортиқ томоша қилинди. Денис ва Таня шунингдек Андижон шаҳрининг диққатга сазовор масканлари билан танишиш ва улар ҳақида ҳам кўрсатув тайёрлашни ҳам режалаштирган.

Бу уларнинг Ўзбекистонга биринчи келишлари эмас. Улар аввалроқ Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах вилоятларида ҳам бўлиб, ўз обуначиларини мазкур вилоятларнинг ўзига хос таомларини тайёрлаш жараёни билан таништиришган. Шуниси диққатга сазоворки, ушбу YouTube каналининг обуначилари турли мамлакатлардан бўлиб, улар ўз изоҳларида тез орада Ўзбекистонга саёҳат қилиш ниятида эканликларини билдиришмоқда.

“Таътилни Европадаги давлатлардан бирида ўтказмоқчи эдим, фикримдан қайтдим. Ёзги таътилни, албатта, Ўзбекистонда ўтказаман”, — деб ёзади обуначилардан бири.

Xalq So’zi