Коса тагида нимкоса. Ўзбекистонлик олима Владимир Путин нутқидаги яширин маънога эътибор қаратди

Коса тагида нимкоса. Ўзбекистонлик олима Владимир Путин нутқидаги яширин маънога эътибор қаратди

Россия президенти Владимир Путин коронавирус пандемиясига қарши кураш чораларига бағишланган видеомулоқотда халқни руҳлантириш учун печенег ва қипчоқ элатлари устидан қозонилган ғалабани ёдга олган эди.

«Мамлакатимиз жиддий синовлар ила биринчи бор рўбарў келаётгани йўқ: гоҳ печенеглар, гоҳ қипчоқлар ўлкани тилка-пора қилдилар. Аммо Россия барини бартараф эта олди. Коронавирус касаллигини ҳам енгамиз», – деди В.Путин.

Айни пайтда Туркияда илмий фаолият юритаётган ўзбекистонлик олима Зебинисо Камолова Россия етакчиси нега дабдурустдан печенег, қипчоқ каби туркий элатларни ёдга олиб қолганига эътибор қаратди.

«Аслида, халқининг кайфиятини кўтариш учун Путин қурган бу жумла оддий гапдан кўпроқ маънога эга. Илк бор IХ асрда майда князликлар шаклида тарих саҳнасига чиққан руслар туркий қавмларни ўзларининг азалий душмани деб билишади. «Игорь» миллий достонида ҳам туркийлар (печенег ва қипчоқлар) билан урушлар куйланади. Олдинига хунлар, аварлар кейин Ҳазар туркий давлатларига тобе эди. Русларнинг тарихдаги «Буюк Искандар»и ҳисобланган Святослав ҳам печенеглар томонидан тор-мор қилинган», – деб ёзади олима.

Таъкидланишича, ХV асрда Олтин ўрда салтанатининг қулаши билан оёққа тура бошлаган рус давлати туркий элатлар ҳудудларига кўз тикди.

«Руслар Сибирь (Сибирия ҳам туркийларнинг ватани бўлган) айиғи каби бир қўлини Онадўлига, бир қўлини Туркистонга узатиб турди. Ўзларини маънавий меросхўр деб биладиган ортодоксларнинг маъбади – Истанбулдаги Аясофияга эга бўлиш хаёлига ҳали эришолмадилар, аммо Туркистонни талон-тарож қила олдилар», – дейди доктор Зебинисо Камолова.

Олима айни пайтда минтақада кечаётган жараёнларга дақиқ ишора этиб, «Эски душман дўст бўлмас» мақолини ёдга олади.

Қайд этиш жоизки, Кремлда печенег ва қипчоқ элатларининг тилга олиниши ижтимоий тармоқнинг русийзабон бўғинида ҳам андак киноя, андак юмор билан қабул қилинди. Масалан, ҳажв усталаридан бири Боб Фарбер «Пандемия даврида табиат шу қадар тозаландики, Россияга печенеглар қайтиб келишди» дея қочирим қилди.

Зийрак журналистлар эса президент Владимир Путиннинг туркий элатлар ҳақидаги мулоҳазаси Русия империясида даврида яшаган таниқли адвокат Фёдор Плеваконинг фикрлари билан уйқаш эканини аниқладилар.

скачать dle 12.0


Flag Counter